Самарқандда ҳоким ёрдамчиси ушланди
Самарқанд шаҳрида банкдан кредит олишда ёрдам бериш эвазига пул талаб қилган ҳоким ёрдамчиси қўлга олинди. Бу ҳақда Самарқанд вилояти ИИБ ахборот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, фуқаро Самарқанд шаҳар «Шукрона» маҳалласида маиший хизмат кўрсатиш йўналишида тадбиркорликни йўлга қўйиш мақсадида «Халқ банки» шаҳар филиалидан кредит олмоқчи бўлиб юрган вақтида, мазкур МФЙда ҳоким ёрдамчиси лавозимида ишловчи шахс унга «ўз хизматини» таклиф қилган.
Фуқаро 7 июнь куни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ариза билан мурожаат қилиб, ҳоким ёрдамчиси банкдаги мансабдор танишлари орқали 150 миллион сўм миқдорида кредит чиқариб бериш эвазига 1,5 минг АҚШ доллари миқдоридаги пулларни талаб қилиб келаётганини билдириб, унга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.
Мазкур аризага асосан Самарқанд вилояти ИИБ Тезкор-қидирув хизмати ЖҚБ Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бўлими, ДХХ Самарқанд вилояти бошқармаси ва департаментнинг Самарқанд вилоят бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилган. Тадбир давомида Самарқанд шаҳар Сайфи Сарой кўчасида жойлашган «Шукрона»МФЙ биноси ёнида ҳоким ёрдамчиси ариза муаллифидан 1,5 минг доллар миқдоридаги пулларни олган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter