Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Сенаторлар Бош прокурорни саволларга кўмиб ташлай олишмади

Сенаторлар Бош прокурорни саволларга кўмиб ташлай олишмади

Фото: Xabar.uz

Бугун бўлиб ўтаётган Сенатнинг ялпи мажлисида сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг ҳисоботини эшитдилар.

Ҳисоботда Ўзбекистон Республикаси прокуратура органлари фаолиятининг асосий йўналишлари бўйича 2019 йилда амалга оширилган ишлар ва келгусидаги вазифалар тўғрисида маълумотлар тақдим этилди.

Ўтган йилда Ўзбекистон Республикаси Президентининг кўрсатмалари асосида прокуратурани чинакам халқ прокуратурасига айлантириш, фаолият самарадорлигини тубдан ошириш борасида қатор чоралар кўрилган.

Аввало, кадрлар билан ишлаш тизими танқидий кўриб чиқилиб, ҳалол, садоқатли ва профессионал ходимлар корпусини шакллантиришга доир комплекс чора-тадбирларни амалга татбиқ этиш бошланган.

Қонунлар ижроси устидан назоратни амалга оширишнинг мутлақо янги тизими йўлга қўйилиб, мавжуд 50 га яқин назорат органлари билан доимий ҳамкорлик ва ахборот алмашинуви йўлга қўйилиб, қонунийликни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилган.

Назорат органларидан олинган маълумотлар асосида энг муаммоли соҳаларда мавжуд қонун бузилиши ҳолатлари ва тизимли камчиликларнинг асл сабабларини бартараф этиш чоралари кўрилган.

Қонунлар ижроси устидан назоратни таъминлаш баробарида фуқароларга манзилли ёрдам кўрсатиш, уларни қийнаб келаётган муаммоларни амалда бартараф этишга ҳам алоҳида эътибор қаратилган.

Хусусан, тегишли идоралар билан ҳамкорликда ёрдамга муҳтож фуқароларнинг 167 мингдан ортиқ муаммолари ҳал этилган, 3,5 мингдан зиёд фуқаронинг салкам 7 млрд. сўм иш ҳақи, пенсия ва нафақа пуллари ундириб берилган.

ТАДБИРКОРЛИК

Тадбиркорликни ривожлантириш, экспортни кенгайтириш, хорижий инвестицияларни жалб қилиш каби ҳаётий муҳим масалаларга устувор аҳамият берилиб, 7 500 нафар тадбиркорнинг бузилган ҳуқуқлари тикланиши таъминланган, қарийб 16 минг нафарига турли муаммоларини бартараф этишда кўмак берилган.

Прокурорлар кўмагида 15 000 дан зиёд янги тадбиркорлик субъекти ташкил этилиши, фаолияти тўхтаб қолган минглаб корхоналар тикланишига эришилган.

Прокурорлар ташаббуси билан 600 нафар тадбиркорлар экспорт фаолиятига жалб этилган бўлиб, ҳозирги пандемия шароитида ҳам бу ишлар давом эттирилиб, 3 379 та экспортёрнинг ҳар бирига прокуратура ходимлари бириктирилган ҳолда, карантин чекловлари туфайли экспорт фаолияти тўхтаб қолишининг олдини олиш чоралари кўрилмоқда.

ЖИНОЯТЧИЛИК

Жиноятчиликка қарши курашиш борасидаги вазифалар ижросига ҳам алоҳида эътибор қаратилган.

Бу борадаги ишларни тўғри ва самарали ташкил қилиш мақсадида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг 647 та мувофиқлаштирувчи кенгашлари йиғилишлари ташкил этилган.

Жиноятчиликка қарши курашиш, жамоат тартибини таъминлаш борасида 25 мингга яқин тарғибот тадбирлари, шу жумладан, 3 800 маротаба оммавий ахборот воситалари орқали чиқишлар амалга оширилган.

Кўрилган чоралар натижасида умумий жиноятчилик, талончилик, ўғирлик, товламачилик, босқинчилик, қасддан баданга оғир шикаст етказиш, қотиллик, номусга тегиш, фирибгарлик жиноятларининг камайишига эришилган.

Республикадаги 9 116 та маҳалладан 3 074 тасида ёки 33 фоизида жиноят содир этилмаган.

Шу билан бирга, жиноят ҳақидаги ариза ва хабарларнинг қонуний ҳал этилишини таъминлаш, жиноятларни ҳисобдан яшириш ҳолатларига қатъий чек қўйиш бўйича қатор амалий чоралар кўрилган.

Жиноят ишларини қайд этишда инсон омилини истисно қилувчи ҳамда жиноят ишлари ҳаракатини уч босқичли текширувдан ўтказиш имконини берувчи «Электрон жиноий-ҳуқуқий статистика» тизими тўлиқ жорий қилиниб, барча тергов органлари ушбу тизимга уланган.

Жиноят ҳақидаги хабарларнинг рўйхатга олиниши ва кўриб чиқилишини онлайн назорат қилиб бориш бўйича ягона электрон дастурий таъминот ишлаб чиқилган.

КОРОНАВИРУС ТАРҚАЛИШИНИНГ ОЛДИНИ ОЛИШ

Прокуратура органлари томонидан карантин чекловлари шароитида аҳолини асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш ва нарх-навонинг сунъий ошиб кетишига йўл қўймаслик бўйича зарур чоралар кўрилган.

Бош прокуратурада алоҳида Штаб, жойларда ҳудудий ишчи гуруҳлар тузилди, бу тадбирларга 2 мингдан ортиқ ходимлар жалб қилинган.

Барча деҳқон бозорлари раҳбарлари, дорихона ҳамда озиқ-овқат дўконлари эгалари билан нархни асоссиз оширмаслик тўғрисида иш олиб борилган, тадбиркорларнинг муаммоларини тезкорлик билан ҳал этиб боришга эътибор қаратилган.

Вақтинчалик тартиб асосида маҳсулотларни бевосита аҳоли яшаш жойларига етказиб бериш тизими ҳам йўлга қўйилган.

Санитарияга оид қонун ҳужжатлари ва эпидемияга қарши кураш қоидаларига риоя этилиши устидан қатъий назорат ўрнатилган.

Аҳоли орасида асоссиз саросима ва ваҳима тарқалишининг олдини олиш бўйича ҳам амалий чоралар кўрилган.

Коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлган фуқароларни тезкор аниқлаш ва инфекция тарқалишига йўл қўймаслик учун прокуратура терговчиларидан иборат ишчи гуруҳлар тузилган.

Улар томонидан беморлар билан масофадан ўтказилган суриштирувларда улар билан мулоқотда бўлган фуқаролар ҳақида маълумотлар олиниб, уларни карантинга жойлаштириш чоралари кўрилмоқда.

Умуман олганда, юртимиз бошига тушган ҳозирги мураккаб ва синовли кунларда прокуратура ходимлари пандемия оқибатларини юмшатишда бор имкониятларини ишга солмоқда.

САРДОБА ҲОДИСАСИ ОҚИБАТЛАРИНИ БАРТАРАФ ЭТИШ

Сардоба сув омборида рўй берган офат оқибатларини бартараф этиш борасида ҳам прокуратура органлари жонбозлик кўрсатмоқда.

Бош прокуратурада Махсус штаб, жойларда фавқулодда ҳодиса оқибатларини бартараф этишга кўмаклашиш бўйича Ишчи гуруҳлар фаолият олиб бормоқда.

Ушбу офатдан жар кўрган аҳолини узлуксиз зарур озиқ-овқат маҳсулотлари, шахсий гигиена воситалари ва ётоқ анжомлари билан таъминлаш чоралари кўрилмоқда.

Прокурорлар ички ишлар, фавқулодда вазиятлар органлари ва Миллий гвардия ходимлари билан биргаликда ҳамкорликда ушбу ҳудудда фуқароларимизнинг хавфсизликни таъминлаш ва жамоат тартибини сақлаш бўйича қатъий назорат олиб бормоқдалар.

МЎЙНОҚ ТУМАНИДА АМАЛГА ОШИРИЛГАН ИШЛАР

Мўйноқ туманида бевосита прокуратуранинг саъй-ҳаракатлари билан минглаб фуқароларнинг муаммолари ҳал қилинган.

Замонавий ўқув маркази, кутубхона, ҳаммом, автостанция, қишлоқ врачлик пункти қурилиб ишга туширилди.

10 дан зиёд якка-ёлғизларга алоҳида уйлар қурилиб топширилди. Спорт майдончалари, болалар боғчаси, қабристон ва «Жантемир Эшон» мақбараси тўлиқ таъмирланди.

Шунингдек, 22 та сув тозаловчи ускуна ўрнатилиб, аҳолига тоза ичимлик суви етказилди.

Қаровсиз каналлар қайта тикланиб, 800 гектарлик кўлга сув тортиб келиниши натижасида ҳозирда унга  10 мингдан ортиқ чавақ ташланган.

Ҳисобот охирида Бош прокурор уч нафар сенаторнинг саволига жавоб берди. Чунки бошқа савол бўлмади-да. Уч нафар сенаторнинг саволи эса Бош қонун посбонини «терлатадиган» эмасди...

Бу билан сенаторлар Сенатнинг собиқ раисига ҳурмат кўрсатишдими ёки уларнинг бўлгани шуми - бир нима дейиш қийин...

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг