Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Табиий газ талон-торож қилингани учун «Муборак нефт ва газ қазиб чиқариш бошқармаси» раҳбари ўринбосари ишдан кетди

Табиий газ талон-торож қилингани учун «Муборак нефт ва газ қазиб чиқариш бошқармаси» раҳбари ўринбосари ишдан кетди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йилнинг 6 февраль куни нефт-газ саноатидаги ишлар натижадорлиги, табиий газ ва суюқ углеводородлар қазиб олиш ҳажмини ошириш бўйича жорий йилги вазифалар муҳокамасига бағишланган йиғилиш ўтказилган эди.

Ушбу йиғилишда нефт ва газ соҳасида қилиниши керак бўлган бир қатор ишлар баробарида, барча корхоналарда коррупцияга қарши курашиш бўйича «комплаенс назорат» тизими жорий этилиши белгиланди.

«Ўзбекнефтгаз» АЖ Бошқарув раиси Меҳриддин Абдуллаев ушбу йиғилишда берилган топшириқлар ва вазифаларни амалда бажариш учун коррупцияга қарши курашиш йўлида тизимдаги ҳар бир корхонанинг раҳбари учун керакли тавсия ҳамда таклифларини берди. Тизимдаги коррупциянинг олдини олишда ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари билан ҳамкорлик йўлга қўйилди.

Натижада эса Қашқадарё вилоятидаги табиий газнинг талон-торож қилинаётгани ҳамда ундан ҳеч қандай ҳужжатларсиз ўзбошимчалик билан фойдаланилаётгани ҳолати фош этилди.

2020 йил 26 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Бош Прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро буюроси Қашқадарё вилояти бошқармаси ходимлари ҳамда «Ўзбекнефтгаз» АЖнинг «Муборак нефт ва газ қазиб чиқариш бошқармаси» ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган ўрганиш давомида Муборак тумани «Муборак нефт ва газ қазиб чиқариш бошқармаси»га қарашли Газни хўжалик ҳисоблаш тизими ҳудуди атрофида жойлашган «IDEAL GRANT BINOKOR» МЧЖ раҳбари У.Қурбониёзов иштирокида жамиятга қарашли иссиқхона текширилди.

Иссиқхонадаги табиий газдан фойдаланиш ҳолатлари бўйича олиб борилган текширувда ҳеч қандай ҳужжатларсиз ўзбошимчалик билан уланиб, табиий газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолати аниқланди.

Ушбу ҳолат бўйича келтирилган зарар миқдорлари ҳисоб-китоб қилиниб «IDEAL GRANT BINOKOR» МЧЖдан давлат фойдасига ундириш ва тегишли чора кўриш учун Прокуратура органига керакли маълумотлар тақдим этилди.

Юқоридаги ноқонуний ҳолатни вақтида назорат қилмагани ва унинг келиб чиқишини олдини олмагани, эътиборсизлиги, етарлича назорат қилмаганлиги туфайли «Муборак нефт ва газ қазиб чиқариш бошқармаси» раҳбари ўринбосари-бош муҳандис эгаллаб турган вазифасидан озод этилди.

Ҳозирда Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 1852-моддаси (Электр, иссиқлик энергияси, газ, водопроводдан фойдаланиш қоидаларини бузиш) тартибида дастлабки суриштирув ишлари олиб борилмоқда ва «Муборак нефт ва газ қазиб чиқариш бошқармаси» раҳбари ўринбосари-бош муҳандисининг ушбу «жиноят»га алоқадорлиги ҳолати тегишли тартибда ўрганилмоқда.

«Ўзбекнефтгаз» АЖ Матбуот хизмати

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг