Тадбиркорни жавобгарликка тортишга ва ундан ортиқча божхона тўлови ундиришга уринишди, лекин...
Қашқадарё вилояти Қарши шаҳрида рўйхатдан ўтган «Сардор» (номи ўзгартирилган) хусусий корхонаси ўзига нисбатан божхона органи томонидан ноқонуний маъмурий баённома тузилгани ва салкам 70 млн сўм қўшимча божхона тўлови тўлашни талаб қилаётганидан ҳамда адолатсиз суд қарорларидан норози бўлиб Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилга мурожаат қилди.
Аниқланишича, тадбиркор 2022 йилда БААдаги тадбиркорлик субъекти билан нефть маҳсулотлари етказиб бериш бўйича битим тузган ва Ўзбекистонга товар етиб келгандан сўнг божхона тўловларини тўлаб, импорт товарни ички бозорда реализация қилган.
Орадан бир йил ўтгандан сўнг Қашқадарё вилояти божхона бошқармаси гўёки божхона тўлови кам тўланганини важ қилиб, тадбиркордан 69,5 млн сўм қўшимча божхона тўлови тўлаш ҳақида талабнома юборади.
Бундан ташқари, тадбиркор гўёки божхона органига тўлов миқдорини камайтириш учун асос бўладиган нотўғри маълумот тақдим қилганликда айбланиб, иш Жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар судига оширилади ва суд томонидан иш бир томонлама кўриб чиқилиб, тадбиркорга МЖТКнинг 227-25-моддасига асосан базавий ҳисоблаш миқдорининг 7 баравари миқдорида жарима қўлланади. Бу қарорни Қашқадарё вилоят суди ҳам ўзгаришсиз қолдиради.
Бироқ Бизнес-омбудсман девони ходимлари кўмагида қуйи суд қарорларига нисбатан Олий судга шикоят киритилди. Шикоят 2024 йил 7 майда Олий суд томонидан кўриб чиқилиб, қуйи суднинг адолатсиз қарорлари бекор қилинди ва тадбиркорга қўлланган жарима ундирилмайдиган бўлди.
Тадбиркор томонидан 69,5 млн сўм қўшимча божхона тўлови тўлаш ҳақида талабномага эса эътироз билдирилган ва шу сабабдан божхона органи Қарши туманлараро иқтисодий судига шу суммани ундириш ҳақида даъво аризаси киритилган. Биринчи инстанция суди тадбиркорни чақирмасдан ва унинг важларини тингламасдан даъвони қаноатлантирган.
Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девони ходимлари кўмагида Қарши туманлараро иқтисодий судининг ҳал қилув қарорига нисбатан Қашқадарё вилояти судига шикоят киритилди ва тадбиркорнинг ҳуқуқлари ҳимоя қилинди.
Муросасиз ўтган бир неча суд мажлисларидан сўнг тадбиркор томонидан божхона тўловлари тўланганлиги, 69,5 млн сўм қўшимча божхона тўлови тўлашни талаб қилиш ноқонуний эканлиги исботланди.
Вилоят судининг 2024 йил 7 майдаги қарори билан биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори бекор қилинди, Қашқадарё вилояти божхона бошқармасининг даъво аризасини қаноатлантириш рад қилинди ва тадбиркор 69,5 млн сўм қўшимча божхона тўлови тўламайдиган бўлди.
Мурожаати қаноатлантирилган тадбиркор ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун ҳаракат қилса тиклаш мумкин эканлигига ишонч ҳосил қилди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter