Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Тунги рейд: Тошкент вилоятидаги иссиқхоналар фаолияти ўрганилди

Тунги рейд: Тошкент вилоятидаги иссиқхоналар фаолияти ўрганилди

11 февраль куни тунги вақтда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, Бош прокуратура, Миллий гвардия, Тошкент вилояти Экология бошқармаси ва вилоят ИИБ ва бошқа масъул ташкилотлар ходимлари ҳамда оммавий ахборот воситалари ва блогерлар иштирокида Тошкент вилоятининг Тошкент шаҳрига туташ ҳудудларидаги иссиқхоналар фаолияти ўрганилди.

Бунда 70 нафар ходимдан иборат 6 та ишчи гуруҳ тузилиб, Зангиота, Қибрай ва Тошкент туманларидаги 40 дан ортиқ иссиқхона фаолияти кўздан кечирилди. Ўрганиш давомида айрим иссиқхоналар атмосферага меъёридан ортиқ зарарли моддалар чиқараётганлиги, фильтр ўрнатилмаганлиги ва бошқа ҳуқуқбузарлик ҳолатлари аниқланди. Натижада 26 та иссиқхонага огоҳлантириш берилди ва 2 та иссиқхона эгасига белгиланган талабларни бажармаганлиги юзасидан маъмурий жарима жазоси қўлланилди.

Таъкидлаш жоизки, Экология вазирлиги Давлат экологик назорати инспекцияси, Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти Экология бошқармалари, Прокуратура органлари, Фавқулодда вазиятлар бўлими, Миллий гвардия ҳамда ички ишлар ходимларидан иборат ишчи гуруҳлар ташкил этилган. Бу ишчи гуруҳлар томонидан куз-қиш мавсумида иссиқхоналар фаолияти юзасидан доимий экологик назорат рейд тадбирлари ўтказиб келинади. Жумладан, жорий куз-қиш мавсумида Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳри ҳудудларида атмосфера ҳавосининг ифлосланиши даражасини камайтириш ва ифлослантирувчи газларнинг белгиланган меъёрдан ортиб кетиши сабаблари, энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланилиши ҳолатларини аниқлаш, таҳлил қилиш ва уларга нисбатан чора кўриш мақсадида ўрганиш ўтказилди. Бугунги кунга қадар жами 630 та иссиқхонада ўрганиш, тушунтириш ва профилактика тадбирлари олиб борилди.

Факт!

Иссиқхоналарнинг 396 таси фаолият юритаётганлиги ва 234 таси (Зангиота туманида 77 та, Қибрай туманида 12 та, Тошкент туманида 24 та, Юнусобод туманида 108 та, М.Улуғбек туманида 1 та, Яшнабод туманида 9 та, Бектемир туманида 3 та) мавсумий бўлганлиги, яъни қозонхонаси йўқлиги сабабли иш фаолиятида эмаслиги аниқланди.

Шунингдек, ишчи гуруҳ томонидан ўтказилган ўрганиш давомида иситиш мавсуми давомида иссиқхонада дудбурондан фойдаланиш қоидаларини бузган жами 58 та иссиқхона эгаларига маъмурий жарималар қўлланилди, 103 тасининг фаолияти тўхтатилди, 396 та фаолият юритиб келаётган иссиқхоналар эгаларига экологик талабларига жавоб берадиган чанг-газ тозалаш ускуналарини ўрнатиш, резина қолдиқлари ва бошқа чиқиндилардан ёқилғи сифатида фойдаланмаслик юзасидан огоҳлантириш кўрсатмалари берилди.

Назорат тадбирлари давом эттирилмоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг