Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

 DMED – тизимлилик ва инсон ҳақ-ҳуқуқи кафолати

 DMED – тизимлилик ва инсон ҳақ-ҳуқуқи кафолати

Бухоро ва Самарқандда бу тизим қандай ишлаяпти?

Айни кунларда юртимизнинг 15 та туман (шаҳар)ида соғлиқни сақлашнинг янги моделини жорий қилиш бўйича тажриба-синов лойиҳаси бошланди. Бу UZINFOCOMнинг DMED тиббиёт рақамлаштириш лойиҳаси. 

Ушбу дастурнинг аҳамиятини кенг жамоатчиликка етказиш, тиббиётни рақамлаштириш борасида олиб борилаётган ишлар билан яқиндан танишиш мақсадида Самарқанд ва Бухоро вилоятларидаги бирламчи тиббиёт муассасаларига ташриф тадбирлари  уюштирилди.

Ва DMED тизимининг қандай ишлашини илк марта Самарқанд шаҳридаги 2-оилавий поликлиникада кузатдим бу – қоғозсиз, навбатсиз қулайлик эди. Фақат шугина эмас. Бу тизимда шифокор ёхуд бош шифокорни танишингизнинг аҳамияти йўқ, тизим сизнинг ID рақамингизни танийди, холос. Ва, тўғрисини айтсам, мен шу ерда рақамлаштиришнинг энг катта аҳамиятини ҳис қилдим: у тизимдаги бошбошдоқликнинг олдини олади.

Айни пайтда 55 минг нафардан зиёд аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатаётган мазкур шифо маскани замонавий компютер жиҳозлари билан таъминланиб, DMED ахборот тизими тўлиқ ишга туширилган.

– Бу тизимнинг ишлаш жараёнига илк дуч келганимда менга бошоғриқдек туюлганди, 70 ёшдан ошганман, компютерни тушунмасам, кейин эса мана шу ердаги ҳамширалар барча ҳужжатларимни рақамлаштирди, – дейди шу поликлиника мижози Маъруфа Шарипова. – Ҳозир аввалгидай қайси шифокорга кираман, қаерга бораман деган савол йўқ. Ҳатто тиббий дафтаримни ҳам кўтариб юрмайман, қачон даволанганимни эслашимга ҳам ҳожат йўқ. Ҳаммаси ҳамшира қизларнинг анави компютерида турибди. Бир марта текширувдан ўтсам ўша таҳлиллар ҳамма жойга ўтади. Масалан, мен бу ердан текширувдан ўтсам, исталган касалхонага бориб даволанишни шу таҳлиллар билан давом эттираман, аввлгидай бир неча марта УЗИга тушиш ёки қон олдириш шарт эмас.

Дарвоқе  рақамлаштириш қандай қулайликлар беради?

Рақамлаштириш фақат қулайлик эмас, қонунийлик демак. Яъни «қўлдан қўлга» ўтадиган маълумотлар йўқ – бу дегани, манипуляция учун йўллар кесилади.

DMED иловаси орқали нималардан хабардор бўлиш мумкин?

Мижоз тарихининг тўлиқ электрон базаси шаклланади, дори-дармон айланмасини шаффоф назорат қилиш имкони пайдо бўлади, йўлланма, навбат, диагностика ва натижалар бир тизимга солинади, «қўшимча тўлов»лар учун жой қолмайди...

DMED шифокорнинг ҳар бир ҳаракатини қайд этади: қаерда қабул қилди, нимани ёзди, қайси дорига йўлланма берди. Бу тизим орқали «ҳамма учун бир хил қоида» бўлади.

DMED ҳақида янада тўлиқроқ маълумотларга эга бўлиш мақсадида Самарқанд вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида ҳам бордик.

Маълумот ўрнида айтиш лозимки, 350 ўринга мўлжалланган ушбу шифо масканида айни чоғда 28 турдаги тор соҳа мутахассислари аҳолига малакали тиббий хизмат кўрсатиб келмоқда. Муассасанинг Маслаҳат поликлиникаси кунлик 250 қатновга мўлжалланган бўлиб, бу ерда беморларга тўлиқ DMED тизими орқали тиббий хизмат кўрсатилади.

Касалхонага саёҳат асносида ушбу ахборот дастурини жорий этиш ҳолати, унинг қайси модуллари изчил йўлга қўйилгани, бемор ва шифокорлар учун қулайликлари, шу жумладан, тиббиёт муассасаларида узундан-узоқ навбатларнинг олдини олишдаги аҳамияти хусусида батафсил маълумотга эга бўлдик.

Айниқса, ҳар бир шифокор эшиги олдига қўйилган QR-кодли «шикоят дафтари» шаффофликнинг рамзидек кўринди: илгари айрим шифохоналарда «шикоят дафтари» бўларди. Уни ким ўқийди, ким эътибор беради билмас эдик. 

 – Эндиликда ҳар бир қабул, ҳар бир йўлланма, ҳар бир ташхис DMED (Давлат тиббий электрон маълумотлар тизими) яъни рақамлар орқали қайд этилади, том маънода иш жараёнини баҳолайди. Беморнинг ёшликдаги касаллик тарихи, барча-барчаси киритилган бўлади бу тизимга, – дейди Лутфулло Рахмонов, Самарқанд вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази раҳбари. –  Албатта, бу тизимни йўлга қўйишда қаршиликлар, тўсиқларга дуч келишимиз мумкин. Чунки қўл ёзувига ўрганган шифокорлар электрон тизимга қийналиб мослашяпти. Тизимни тўлиқ ишлатиш учун бизга жуда кўп айти ходимлари керак бўлади. Айти ҳамшираларни ўқитдик. Бу тизимнинг энг муҳим жиҳати: нафақат беморни, балки шифокорни ҳам ҳимоя қилади. Чунки адолатли ишлаётган шифокор ҳам баъзан асоссиз туҳматга учраши мумкин. QR-код тизими доимий равишда ижобий ва салбий фикрларни йиғиб боради. Яъни, инсон ҳақида эмас, иш услуби ҳақида умумий тасаввур шаклланади. Шифокор қайси куни, нечада, қаерда бемор қабул қилгани қайд этилади. Қандай ташхис қўйгани, қайси лабораторияга йўллагани, қандай даво муолажасини ёзгани – ҳаммаси тизимда сақланади. Ҳар қандай маълумот ёки «ортиқча ҳаракат»ни қайд этиб боради. DMED – тизимлилик ва инсон ҳақ-ҳуқуқи кафолати...

Мана бу ҳар бир эшик ёнига қўйилган QR-код орқали бевосита фикр қолдириш мумкин экан. Бу эса реал назорат тизимидир.

– Бу тизим ҳозирча ҳамма жойда йўқ. Аммо у қаерда жорий қилинган бўлса, у ерда тизим инсон факторисиз инсонга хизмат қила бошлайди, – дейди хирург Ғафур Ёқубов. – Энди бу тизимда таниш-билишчиликлар, «керакли», аслида ортиқча ташхислар, сохта «касаллик варақаси» учун имконият чекланади, ҳар бир ҳаракат тизимда қайд этилади. Ҳар бир беморнинг йўли изидан кузатилади.

Бемор шифокорни, хизмат кўрсатишни истаса аноним, истаса ўз исми шарифи билан баҳолаши мумкин, ва шифокор ҳам турли гумондан қутулади. QR-код фикрлари орқали ҳақиқий касбга садоқат кўринади. Яъни мен 12 йил Россияда ишлаб келган мутахассис сифатида айтаманки, бошқа жойларда аллақачон бу тизим ўз натижасини кўрсатмоқда. Сиз энди фалончи тавсия қилган шифокорга бормайсиз, мана шундай электрон қолдирилган баҳолар туфайли сизни даволовчи шифокорни танлайсиз. Табиийки, бу жараёнлар ҳар бир мутахассисни ўз устида ишлашга мажбур қилади.

DMED Бухорода...

«Мен яқинда касалхонага боришимга тўғри келди. Шунда овора бўлиб юрмаслигимни, ўзлари ташхис жавобларини онлайн жўнатишини айтишди. Ва мен уйда ўтириб жавобларни билишга муваффақ бўлдим. Ҳатто навбатга ҳам уйдан телефон орқали ёзилиб қўйдим», – дейди Махсуда Тиллаева.

Бухоро вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази бир кунда 200-300 беморни қабул қилади. Бу ерга шошилинч беморлардан тортиб оғир касалларгача келтирилади, ана шундай пайтда DMED тизимининг қулайлиги яққол кўринади. Яъни, бунда бемор қайта қон топишириш учун навбат кутиб қолмайди. Топширган қон таҳлиллари эса ўша заҳотиёқ аниқланади.

«Травматология бўлимида даволанишимга тўғри келди. Бу ердаги рақамлаштириш жараёни айниқса суяк-бўғим касалликлари билан даволанадиган мижозларга жуда қулай. Ортиқча оғриқли ҳаракатларсиз ҳамма саволингизга жавоб топишингиз мумкин экан бу илова орқали. Аввалгидай қайта-қайта рентгенга тушишгаям ҳожат йўқ. Ҳамма маълумотларингиз, ҳатто қайси дорини қабул қилганингизча сақланиб тураркан. Бу қулайликлар эса беморнинг тезроқ шифо топишига катта ёрдам беради», – дейди шу касалхонада муолажа олаётган Замира Аминова.

DMED тиббий тизими нафақат замонавий рақамли технологияларни соғлиқни сақлаш соҳасига жорий этиш намунаси, балки инсон ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, беморлар ҳаётини енгиллаштириш ва тиббий хизматларга шаффоф, адолатли йўл билан эришишнинг муҳим воситасига айланмоқда. Ушбу илова орқали одамлар навбат кутмасдан, қўшимча харажатларсиз, ўз вақтида зарур маълумотга эга бўлиш имконига эришмоқда. Қолаверса, ҳар бир фуқаронинг тиббий маълумотлари хавфсиз сақланиши ва қайд этилиши орқали уларнинг соғлиққа бўлган муносабатида масъулият ҳисси кучаймоқда.  DMED – бу шунчаки рақамлаштириш эмас, балки инсон қадри ва тиббиёт соҳасидаги шаффофлик учун ташланган муҳим қадамдир.

                                                                               Барно Султонова

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг