Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ғиждувондаги таъмирталаб туғуруқхона: муаммо ва ечимлар

Ғиждувондаги таъмирталаб туғуруқхона: муаммо ва ечимлар

Бухоро вилояти Ғиждувон тумани Тиббиёт бирлашмасига қарашли Туғуруқ комплекси 1986 йилда фойдаланишга топширилган. 3 қаватли 125 ўринга мўлжалланган ушбу Туғуруқ комплекси жонлантириш, туғуруқ, чақалоқлар, доялик ҳамда туғуруққа тайёрлаш бўлимларидан иборат. Туғуруқ комплекси Ғиждувон, Шофиркон ҳамда Вобкент туманидаги туғиш ёшидаги аёлларга хизмат кўрсатади.

Таҳририятга мазкур комплекс биносининг таъмирталаб ва эътиборга муҳтож аҳволда қолгани ҳақидаги мурожаат келиб тушди.

«Ғиждувон тумани Туғуруқ комплекси биноси эскирган ва таъмирга муҳтож. Муолажа хоналаридаги жиҳозлар эскирган ва баъзида касалларга етмайди. Аёллар учун ювиниш хоналари ташкил этилмаган. Хориждан келтирилган тиббий аппаратларни ишлата оладиган мутахассис йўқ, етмагандек кислород балонларидан фойдаланилмоқда. Лифтлари гоҳ ишлаб, гоҳида ишламайди. Деворлари тўкилиб кетган ва зах. Энг ачинарлиси, кўзи ёриётган аёллар махсус аппаратлардан эмас, спортзалларда ишлатиладиган арқонлардан фойдаланишади...

Бунинг ортида одам ҳаёти ётганини ўйлашмаяпти», – дейилади мурожаат матнида.

Xabar.uz мухбири ҳолатни ўрганиш мақсадида мурожаатда эсланган Ғиждувон туман Туғуруқ комплексида бўлди.

Бир қарашдаёқ, бинонинг таъмирталаб ҳолатга келиб қолганини кўриш мумкин. Айрим деворлари нам ва захлиги боис бўёқлари кўчган. Аксарият хоналарда полга тўшалган қопламалар йиртилган ва кўримсиз ҳолатда. Қаттиқ ва юмшоқ жиҳозлар яроқлилиги эса сақланиб қолинган.  Лифтлар эскирган, яхшики, узлуксиз ишлаб турибди.

Мухбир туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Марат Рўзиев билан таҳририятга келиб тушган мурожаат ва унда келтирилган важлар бўйича гаплашди.

Рўзиевга кўра, мурожаатдаги маълумотлар аслига тўғри эмас: канализация қувурлари марказлашган тизимга уланган. Аёллар учун ювиниш хоналари мавжуд. Хориждан келтирилган тиббий ускуналар, жумладан, чала туғилган болаларни асрашга мўлжаланган кислород концентратори эҳтиёжга қараб, зарур ҳолларда мутахассислар томонидан ишлатиб келинмоқда.

«Тўғри, ҳар бир одамнинг фикр билдириш, мурожаат қилиш, эътироз билдириш ҳуқуқи бор, уни ҳеч ким чегаралаб қўймайди. Бироқ, мурожаатда келтирилган важлар ноўрин. Бизда канализация эмас, иссиқлик тизими марказлашмаган. Аммо бу ҳам ижобий тарафга хизмат қилади, яъни куз-қиш мавсумида об-ҳаво совий бошласа, биз илгарироқ иситиш тизимидан фойдаланиш имконига эгамиз. Бундан ташқари, ҳар бир хона кондиционер билан таъминланган, чақалоқлар саломатлиги учун хона ҳарорати 22 даражадан туширилмайди», –дейди бирлашма бошлиғи.

Суҳбатдош Жарроҳлик ҳамда Болалар неореанимацияси бўлимлари марказлашган кислород станциясига уланмаганлиги сабабли кислород балонларидан фойдаланилаётгани, шу боис, марказлашган кислород станциясини қуриш ва Туғуруқ комплексининг капитал таъмири учун давлатдан 5 миллиард сўм миқдорда маблағ сўраганини билдирган.

«Туман молия бўлимига ёзма ҳамда туман ҳокимига ушбу масалада оғзаки мурожаат қилганман. Чора-тадбир белгилаб, 2023 йилда бино тўлиқ таъмирдан чиқарилиши кўзда тутилган», – дейди бирлашма бошлиғи.

Xabar.uz мухбири туғиш ёшидаги ҳомиладор аёллар хоналари билан танишиш давомида ҳар бир хона шифтида арқонлар илиб қўйилганига қизиқди.

«2002 йилда  мамлакатимизнинг турли манзилларида фаолият юритувчи бир нечта шифокорлар Киев академиясида тажриба орттириб қайтдик. Ўшанда айни туғуруқ чоғида аёлларнинг узилиб кетмаслиги кафолатланган ва тиббий ҳимояланган арқонлардан фойдаланишаётганига, бу арқонлар уларга қувват бераётганига гувоҳ бўлдик. Ва айнан, шу усулни Ғиждувон Туғуруқ комплексида ҳам ташкил этдик. Бу усул тўлғоқ пайтидаги аёллар учун фақатгина фойда келтиради. Ундан ташқари, қалин резинали катта тўп ва болалар ўйинчоқларидан фойдаланиш ҳам ҳомиладор аёлларнинг қувватини оширишга хизмат қилади», – дейди врач неонотолог Иззат Абдуллаев.

Ҳомиладор аёллар суҳбат чоғида ҳақиқатан ҳам арқон ва резина ўйинчоқлар  уларнинг саломатлигига ижобий таъсир кўрсатиб, қувват бераётгани ҳақида тўхталишган.

«Истаймизми-йўқми, туғуруқ пайтида фойдаланиладиган баланд мосламалар кучли стрессга тушиб қолишимизга ҳам сабаб бўлади. Кимгадир ғалати туюлар, аммо шифокорлар биз, бўлғуси оналарни ўйлаб, шу усулни қўллашмоқда», – дейди фарзанд кутаётган Фарзона Ашурова.

Бирлашма бошлиғи Туғуруқ комплекси  биноси таъмирталаб аҳволда бўлса-да, тиббий хизматда силжишлар кузатилаётганини билдирган. Унинг сўзларига кўра, мазкур Туғуруқ комплексида бир йилда туғилишлар сони 6200-6300 нафарни ташкил этади.

«Бир кунда 10-15 нафаргача туғилиш бор. Бу бир ойда 300 дан ортиқ, дегани. Шулар ўртасида гўдаклар ўлими ўтган йилнинг 9 ойи давомида 51 тадан иборат бўлган бўлса, жорий йил 9 ойликда эса 38 та ўлим қайд этилди», – дейди Марат Рўзиев.

Туғуруққа тайёрлаш бўлимида даволанаётган ҳомиладор аёлларга туман Тиббиёт бирлашмаси томонидан биринчи ёрдам дори-дармонлари, жумладан, спирт, пахта, новакаин, тиббий қўлқоп, дексамитазон, папаверин, шприц ва бошқа воситалар етказиб берилар экан. Мухбир ҳолатни ўрганиш давомида шприцни беморлар ўз ҳисобидан харид қилганига гувоҳ бўлган.  

«Шприц, арзон-ку, ўзимиз ҳам сотиб оламиз. Билишимизча, томчи дори юборишга мўлжалланган восита ҳам касалхона томонидан берилар экан, аммо уларниям ўзимиз оламиз», – дейди исмини очиқлашни истамаган суҳбатдош.

Унинг айтишича, даволанаётганига учинчи кун бўлишига қарамай, ётоқ матолари алмаштирилмаган.

«Яхши қарашсин, деб ортиқча гапиришни ўзимизга эп кўрмаймиз. Гоҳида ҳамшираларни ҳам «ҳурсанд» қилиб турамиз, «у»сиз бўлмайди, ахир. Соғ-саломат фарзандимизни қўлимизга олсак, бўлди», – дейди кейинги суҳбатда аёллардан бири.

Катта ҳамшира бирлашма бошлиғининг қатъий топшириғи билан эрталаб беморлар фойдаланиши учун берилган шприцлар халтасини олиб келган. Афсуски, шприц халтаси очилмаган ва тарқатилмаган ҳолатда бўлган.

«Биринчи ёрдам дори-дармон воситалари етарлидир, аммо кам эмас. Ҳар ойда электрон савдо орқали сотиб оламиз. Ҳеч қачон шприц, «система» ёки тиббий қўлқоп муаммо бўлган эмас. Бундай ҳунук ҳолатни ҳамширалардан кутмаган эдим», – дейди асабийлашган кўйи бирлашма бошлиғи.

Нима ҳам дердик?!

Туман Тиббиёт бирлашмасида 410 нафар врач, 211 нафар ўрта тиббиёт ходими ҳамда 870 нафар кичик ҳамшира ва бошқа техник хизматчилар фаолият юритиб келишар экан. Гуруч курмаксиз бўлмас, деган иборани қўллашга тўғри келди.

«Юксалиш» УМҲ вилоят бўлинмасининг 2022 йил апрел ойидаги ўрганувларига кўра, мазкур комплексда узлуксиз электр энергия билан таъминловчи генератор мавжуд эмас. Электр токининг доимий равишда огоҳлантирилмай ўчиб-ёниши натижасида 2019 йилда ТICA ташкилотидан олинган 2 та Кювез аппарати носоз ҳолатга келган.

«Марказни ҳам узлуксиз электр энергия билан таъминловчи генераторлар, тиббий хизмат сифатини яхшилаш мақсадида чақалоқлар учун ИВЛ, СиПАП, портатив Рентген аппарати, стационар пульсоксиметрлар, оксигенаторлар, Кювез(фототерапиялик), Болалар ва катталар учун кардиомониторлар, кислород тарқатиш нуқтаси, ҳаво компрессори, КТГ, билерубин анализаторлари ва бошқа турдаги муҳим ускуна ва жиҳозлар билан таъминлаш лозим», – дейди Ҳаракатнинг вилоят бўлинмаси бошлиғи Ҳамза Рўзиев.

Вилоят  Соғликни сақлаш бошқармаси қурилиш бўлими бошлиғи Акмал Бобоқулов эса бирлашма бошлиғи сўраган Ғиждувон тумани Туғуруқ комплексини 5 миллиард сўм маблағ эвазига капитал таъмирлаш ишлари амалга ошириладиган бўлса, бу «шунча миқдордаги маблағни тупроққа сочишдан бошқа нарса эмас» – дея таъкидлаган.

«Президентнинг 2022 йил 22 январдаги 98-сонли қарорига асосан, 2023 йил январь ойидан бошлаб, Ғиждувон туманининг «Тодон» маҳалласи ҳудуди, Навоий вилояти билан кесишган марказий йўли ёқасидаги 11 гектарли ер майдонида 128 миллиард сўм маблағ эвазига янги Тиббиёт марказини барпо этиш ишлари бошланади.

Қурилиш-лойиҳасига кўра,  7 қаватли, 3 та йирик бинодан иборат замонавий кўринишдаги мазкур Тиббиёт маркази жаҳон стандартларига мос равишда 2023-2026 йилларда  қуриб, фойдаланишга топширилади. Бундан 580 ўринли, 600 қатновли Болалар касалхонаси, туманлараро Перенатал марказ, Тиббиёт бирлашмаси ҳамда бошқа тиббий хизмат масканлари ўрин олади. Энди ўйлаб кўринг, йирик лойиҳа амалга ошиши аниқ бўлиб турган бир пайтда қисқа муддат фойдаланиш учун эски бинони катта маблағ эвазига капитал таъмирлаш ишларини олиб бориш  — пулни тупроққа сочишдек гап. Эскисига пул сарфлаш – нотўғри. Бу пулни мақсадсиз сарфлашдан бошқамас», – дейди Акмал Бобоқулов.

Билдирилишича, тумандаги эски тиббиёт масканлари, жумладан, Туғуруқ комплекси ҳам тиббиёт йўналишида давлат хусусий шерикчиликни ривожлантириш учун берилиши кўзда тутилган.

Лайло ҲАЙИТОВА

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг