Тошкентда ҳаво ифлосланишига таъсир этувчи омиллар шаклланмоқда
Сўнгги беш кун давомида Тошкент шаҳрида ёғингарчиликнинг кузатилмагани, шамол тезлигининг нисбатан пастлиги ва ҳаво алмашинувининг сустлиги шаҳар атмосферасида ифлослантирувчи моддаларнинг тарқалишини қийинлаштирмоқда. Бу ҳақда «Ўзгидромет» хабар берди.
Шу билан бирга, Қозоғистон ҳудудидан ҳаво оқимлари орқали трансчегаравий чанг массаларининг Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳри томон кириб келиши кузатилмоқда.
Бу ҳолат Ўзгидрометнинг Тошкент шаҳри бўйлаб жойлаштирилган атмосфера ҳавоси сифатини мониторинг қилиш автоматик станциялари маълумотларида ҳам акс этмоқда. Хусусан, пойтахт ҳудудидаги станцияларда ифлослантирувчи моддалар концентрациясининг сезиларли ортиши қайд этилмагани, бироқ чегараолди автоматик станцияларида 2026 йил 17–21 ноябрь кунлари олинган мониторинг натижаларида PM2.5 ва PM10 чанг заррачалари миқдорининг юқори кўрсаткичлари кузатилгани чанг массаларининг ташқи ҳудудлардан кириб келаётганини кўрсатувчи муҳим далиллардан биридир.
Мазкур даврда, айниқса, «София» ва «Green University» чегараолди мониторинг станцияларида PM2.5 ва PM10 заррачалари концентрациясининг юқори кўрсаткичлари қайд этилган.
Бундан ташқари, автотранспорт воситалари, қурилиш майдонлари ва саноат корхоналаридан чиқадиган ташламалар ҳам атмосфера ҳавоси сифатига таъсир этувчи маҳаллий омиллар ҳисобланади.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter