Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Бензин, пропан, мол гўшти: сентябрда нималар қимматлашди

Бензин, пропан, мол гўшти: сентябрда нималар қимматлашди

Миллий статистика қўмитасига кўра, 2026 йил сентябрда йиғма истеъмол нархлари индекси ойлик ҳисобда 100,7 фоизни ташкил этган. 2025 йил сентябрда бу кўрсаткич 100,6 фоиз бўлган.

Йил бошидан сентябрга қадар нархлар индекси 104,2 фоизга етган. Йиллик ҳисобда эса индекси 106,4 фоизни ташкил этган. 2025 йил сентябр ойида йиллик кўрсаткич 108 фоиз бўлган.

Мева-сабзавот нархлари ўзгариши ҳисобга олинмаганда, индекс ой давомида ҳам 100,7 фоиз бўлган. Январь–сентябрда 105,6 фоиз, йиллик ҳисобда 106,8 фоиз қайд этилган.

Сентябрда гуруч ва гуруч оқшоғи 1 фоиз, гречка 1,1 фоиз қимматлаган. Тухум нархи 5,3 фоизга ошган.

Суякли мол гўшти 1,7 фоиз, қўй гўшти 1,3 фоиз, суяксиз мол гўшти 1,1 фоиз қимматлаган. Товуқ гўшти қисмлари нархи 1,2 фоиз, сут ва сариёғ 0,8 фоиздан ошган.

Шакар эса ой давомида ўртача 0,9 фоиз арзонлашган. Мева-сабзавотларда ҳам турлича ўзгариш кузатилган: помидор 14,2 фоиз, бодринг 13,5 фоиз, сабзи 12,4 фоизга қимматлаган. Цитрус мевалар 12 фоиз, узум 5,7 фоиз ва олма 2,4 фоизга арзонлаган.

Сентябрда бензиннинг ўртача истеъмол нархи 1,2 фоизга ошган. AI-92 0,7 фоиз, AI-95 4,2 фоиз, AI-98 ва AI-100 маркалари 0,4 фоиздан қимматлаган.

Пропан нархи 4,2 фоизга ошган, метан нархида ўзгариш бўлмаган. Йиллик ҳисобда бензин 20,1 фоиз, пропан 48,9 фоиз ва метан 10,1 фоиз қимматлаган.

Давлат мактабгача таълим ташкилотлари хизматлари сентябрдан ўртача 6,8 фоиз, хусусий боғчалар 1,7 фоиз қимматлаган. Хусусий мактаблар нархи 6 фоизга, давлат олий таълим муассасаларида ўқиш тўлови 6,3 фоизга ошган.

Репетиторлик хизматлари 1,9 фоиз, чет тилларини ўрганиш курслари 1,8 фоизга қимматлаган. Сув ва канализация хизматлари 2,1 фоиз, кўп квартирали уйларга хизмат кўрсатиш тўловлари 0,6 фоизга ошган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг