Бугун давлат молияси қандай бошқариляпти?
Эндиликда давлат молиясини бошқариш ахборот тизимининг кўплаб Вазирлик ва идоралар ахборот тизимларига интеграция қилиниши ортидан Давлат бюджетига тушадиган ҳар кунлик тушумларни назорат қилиш имконияти мавжуд.
«Қулай ҳаёт» лойиҳасининг навбатдаги сонида Молия вазирлиги ҳузуридаги Ахборот технологиялари маркази бўлим бошлиғи Ҳасанов Тўлқин Аҳматович ҳамда Марказ ходимлари билан соҳада рақамлаштириш жараёнлари қандай кечаётгани, олдинга қўйилган мақсад ва вазифалар, эришилган ютуқлар ҳамда эътиборга молик лойиҳалар тўғрисида суҳбатлашдик.
Рақамлашган молия тизими деганда нимани тушунамиз?
Молия вазирлиги томонидан давлат бюджети маблағларини молиялаштиришда ҳар бир босқични назорат қилиш учун барча жараёнлар рақамлаштирилмоқда. Ҳозирги кунда бюджет ташкилотлари ва бюджетдан маблағ олувчилар сарфланган маблағлар бўйича ҳисоботни автоматлаштирилган тарзда топширади.
Молия тизимидаги барча рақамлаштириш амалиётлари Молия вазирлиги қошидаги Ахборот технологиялари маркази давлат унитар корхонаси томонидан амалга оширилади.
Эндиликда ахборот тизимлари орқали Молия вазирлиги томонидан ажратилган маблағларнинг ўз вақтида ва мақсадли сарфланишини кузатиб бориш ҳамда тезкор ахборотга эга бўлиш мумкин.
Соҳада жорий этилган лойиҳаларнинг энг етакчилари
Молия вазирлиги тизимида рақамлаштириш билан боғлиқ «Ochiq-budjet», «Ijtimoiy himoya Yagona reestri», «UzASBO», «DMBAT», «Gazna resurs», «Subsidiya», «E-nazorat» va «HR.MF» сингари асосий лойиҳалар амалга оширилди.
Булар ичида энг етакчилари «Ochiq-budjet», «Ijtimoiy himoya Yagona reestri» фуқаролар оғирини енгил қилаётган бўлса, «HR.MF» ва «UzASBO» лойиҳалари вазирлик ва идораларнинг бухгалтерия ва кадрлар бўлими ходимлари учун жуда қулайлик яратди.
Рақамлаштиришгача тартиб қандай эди?
Молия вазирлиги тизимида ҳам рақамлаштиришгача бўлган даврда барча жараёнлар қоғоз кўринишида юритилган. Ҳужжатлар ташкилот раҳбари томонидан имзо ва муҳрланган ҳолда молиялаштириш учун молия органларига тақдим этилган. Рақамлаштириш эса вақт қисқариши ва маблағ тежалишига олиб келди.
Биргина «Ijtimoiy himoya Yagona reestri» мисолида келтирадиган бўлсак, олдинлари аҳоли моддий ёрдам олиш учун маҳалла фуқаролар йиғини раиси номига ариза ёзган ҳолда оиласи тўғрисидаги барча маълумотлар ва ҳужжатларни тақдим этиши керак бўларди. Кейин маҳалла раиси қабул қилинган аризаларни жамлаган ҳолда ҳар ойнинг охирида ишчи гуруҳ томонидан ўрганиб чиқиб, энг муҳтожларга моддий ёрдам бериш бўйича йиғилиш баённомаси расмийлаштирарди. Шундан сўнг ушбу баённома асосида фуқароларга моддий ёрдам бериш бўйича молия органига сўровнома юбориларди. Молия органлари ушбу сўровномани молиялаштириш учун ғазначилик органи орқали тижорат банкига юборарди ва банк томонидан фуқарога очилган пластик картага пул ўтказиб бериларди...
Энди ҳаммаси электронлашди
Аҳоли ҳаёти фаравонлиги ва қулайлиги йўлида жорий этилган «Ijtimoiy himoya Yagona reestri» ахборот тизими тўлиқ электронлаштирилган. Ҳозирги кунда фуқаро ушбу хизматдан уйидан чиқмаган ҳолда фойдаланиши мумкин. Яъни my.gov.uz – Ягона интерактив давлат хизматлари портал орқали моддий ёрдам олиш учун электрон ариза юборади. Ушбу ариза маълумотлари 1 кун ичида тўлиқ вазирлик ва идораларнинг ахборот тизимлари ёрдамида текширилади ҳамда фуқарога натижаси бўйича жавоб берилади. Фуқаро ижобий жавоб олгач, тегишли тижорат банкдаги пластик картасига пул маблағлари белгиланган муддатгача ҳар ой ўтказиб турилади. Шунингдек, салбий жавоб келганида, аниқ сабаблари кўрсатилиб, камчиликлар бартараф этилгач, қайта топшириш имконияти ҳам яратилган.
Молия вазирлиги тизимида рақамлаштириш жараёнлари қандай кечаётгани ҳақидаги батафсил маълумот билан видео орқали танишишингиз мумкин.
Шоҳида Исроилова,
Электрон ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази
ахборот хизмати
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter