Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Бухоро шаҳрида «Bukhara investment Forum 2019» - инвестицияга янги йўл

Бухоро шаҳрида «Bukhara investment Forum 2019» - инвестицияга янги йўл

Бухоро вилоятининг инвестицион салоҳиятини намойиш қилиш, тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб қилиш орқали самарали лойиҳаларни амалга оширишга қаратилган Бухоро халқаро форумига 125 дан ортиқ давлат вакиллари ташриф буюрди.

Халқаро форум Бухоро вилоят ҳокимлиги, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, «Ўзбектуризм» давлат қўмитаси ҳамда Ўзбекистон савдо-саноат Палатаси билан ҳамкорликда ташкил этилган.

Майдони 39 минг км2, аҳоли сони 1 млн. 900 мингга яқин Бухоро қулай географик жойлашуви, ривожланган транспорт коммуникациялари, хом-ашё ресурслари, ёш ва малакали ишчи кучи мавжудлиги билан хорижий инвесторлар эътиборини қозонган.

Бунинг натижасида Бухорода ташкил қилинаётган қўшма ва хорижий корхоналар сони ошиб бормоқда. Қурилиш, қишлоқ хўжалиги, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш соҳаларида салмоқли ўсиш кўрсаткичларига эришилмоқда.

Куни кеча мамлакат Президенти Шавкат Мирмонович Мирзиёев раислигида бўлиб ўтган Бухоро вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалаларига бағишланган фаоллар йиғилишида ҳам ушбу жиҳат алоҳида кўрсатиб ўтилган.

2019-2020 йилларда вилоятда саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида умумий қиймати қарийб 25 триллион 353 миллиард сўм бўлган 625 та инвестиция лойиҳалари дастури ишлаб чиқилган.

Бу ўз навбатида салкам 30 минг доимий иш ўрни яратишни таъминлайди.

2021 йилгача хорижий сайёҳлар сонини 2 баробар кўпайтириш, туризм хизматлари тушумини 350 миллион долларга етказиш режалаштирилган.

Жорий йилнинг ўзидаёқ 32 та янги меҳмонхона, 9 та мотель ва 50 та меҳмон уйлари фойдаланишга топширилади. Натижада меҳмон ўрни 7 мингтага етиб, туристларни қабул қилиш имконияти қарийб 2 баробар кўпаяди.

Ғиждувон – Когон йўналишидаги 122 километр йўлни таъмирлаш, «Етти пир» зиёратгоҳлари ўртасида қулай ва замонавий транспорт қатновини йўлга қўйиш ва халқаро ҳалол стандартини кенг жорий этиш бўйича ҳам ишлар олиб борилмоқда.

Бухоро вилоят ҳокими ўринбосари Ботиржон Шаҳриёровнинг билдиришича, Форум доирасида ўтказиладиган учрашувларда инвесторларга, шу жумладан хорижий инвесторларга яратилган шароитлар тўғрисида маълумотлар берилади.

Шунингдек, форумда «Бухоро агро» ва «Ғиждувон» эркин иқтисодий зоналари, «Бухара сити» қурилиши, туризм соҳаси, шаҳар ва туманлардаги инвестициявий лойиҳалари таклиф этилади.

Эслатиб ўтамиз, Бухоро вилоятига инвесторларни жалб этиш мақсадида ўтган йилнинг сентябрь ойида «Бухоро-Агро» Халқаро Форуми ўтказилган эди.

Халқаро форум жараёнлари ёритиб борилади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг