Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ҳалол бизнес учун муҳим қадам

Ҳалол бизнес учун муҳим қадам

Ўзбекистонда ҳалол бизнес юритиш учун қулай муҳит яратишга муҳим қадамлар қўйилмоқда. 2024 йил бошида тадбиркорлик субъектларининг барқарорлик рейтинги жорий этилди, бу рейтинг қонунчилик талабларига риоя қилган ҳолда фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектларини аниқлаш ва қўшимча рағбатлантиришни назарда тутади.

Уч йилдирки, давлат органлари, халқаро ташкилотлар ва хусусий секторни шаффоф ҳамда очиқ фаолият юритишни таъминлашнинг долзарб масалаларини муҳокама қилиш учун бирлаштирувчи бизнес ҳалоллиги масалаларига бағишланган форум ўтказилмоқда.

2021 йилда ўтказилган биринчи форум Ўзбекистон бизнес ҳалоллиги хартиясининг қабул қилиниши билан аҳамиятли бўлди. У молия, коррупцияга қарши курашиш ва давлат харидлари каби муҳим соҳаларда шаффофлик ва ҳалолликнинг юқори стандартларини белгилайди. Хартияга қўшилиб, тадбиркорлар ҳалол рақобат, коррупциянинг олдини олиш ва ижтимоий масъулият тамойилларига риоя қилиш мажбуриятини оладилар.

Ҳужжат Бизнес-омбудсман, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ва Савдо-саноат палатаси томонидан ишлаб чиқилган. Қисқа вақт ичида Хартияга 500 дан ортиқ тадбиркор қўшилди ва шу билан бизнес юритишда ҳалоллик ва очиқликка тайёр эканликларини билдирдилар.

III «Бизнесда ҳалоллик» форуми Ўзбекистон ишбилармон доиралари учун яна бир муҳим воқеа бўлди. Мазкур форум 9 декабрь – Халқаро коррупцияга қарши курашиш кунига бағишланди.

Форумда хорижий Бизнес-омбудсманлар, вазирлик ва идоралар, назорат органлари, тадбиркорлик субъектлари, халқаро ва хорижий ташкилотлар, нодавлат нотижорат ташкилотларининг 100 дан ортиқ вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Унда бизнес ҳуқуқларини ҳимоя қилиш самарадорлигини ошириш, тадбиркорлик субъектлари фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тизимини ислоҳ қилиш, шунингдек, коррупцияга қарши курашиш соҳасида тажриба алмашилди.

Форум якунида тадбиркорлик субъектларининг Коррупцияга қарши курашиш Хартиясига қўшилишига бағишланган тантанали маросим ўтказилди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг