Олмалиқдаги технопаркда 5 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилади
Тошкент вилояти пойтахтга яқинлиги, юртимиз воҳалари ва халқаро йўлларни бир-бирига боғлаши билан улкан иқтисодий салоҳиятга эга. Кейинги етти йилда ҳудудда қарийб 9,4 миллиард долларлик инвестициялар ўзлаштирилиб, 143 мингдан ортиқ иш ўрни ва 5 миллиард долларлик экспорт имконияти яратилган.
Бу суръатни давом эттириб, 2024-2026 йиллар учун жами 26 миллиард долларлик 125 та лойиҳа режалаштирилган. Уларнинг 21 таси стратегик, 52 таси тармоқ, 52 таси ҳудуд лойиҳаларидир. Бу ташаббуслар натижасида 42 мингта иш ўрни яратилиши мўлжалланган.
Давлатимиз раҳбарига умумий қиймати 3,4 миллиард доллар бўлган 11 лойиҳа тақдимот қилинди.
Уларга Хитой, Жанубий Корея, Туркия, Саудия Арабистони, Россия, Озарбайжон каби мамлакатлар компаниялари ва маҳаллий тадбиркорлар инвестиция киритмоқда. Тўқимачилик, озиқ-овқат, тиббиёт, электротехника, энергетика, қурилиш материаллари, геология, хизмат кўрсатиш ва бошқа тармоқлардаги бу лойиҳаларда 23 мингта иш ўрни яратилади.
Масалан, Хитой инвесторлари билан ҳамкорликда Олмалиқ шаҳрида “Буюк ипак йўли” индустриал технопарки ташкил этилади. У ерда электротехника, тўқимачилик, қурилиш материаллари, фармацевтика каби йўналишларда 100 га яқин корхона жойлаштирилади. 3 мингта янги иш ўрни яратилиб, йилига 5 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилади.
Зангиота туманида эса Жанубий Корея инвесторлари билан биргаликда жигар, бўғим, кўз ва мия фаолиятини даволашда қўлланиладиган дори воситалари ишлаб чиқариш ташкил этилади. У ерда 200 кишининг бандлиги таъминланади.
Президентимиз инвесторлар учун барча шароитларни яратиш, лойиҳаларнинг ҳар бир босқичини назорат қилиб, масалаларини ҳал этиш бўйича кўрсатмалар берди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter