Ўзбекистонда Америка технологиялар университети очилади

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Нью-Йорк шаҳрига ташрифи доирасида бир қатор компаниялар раҳбарлари билан учрашувлар ўтказди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев АҚШга амалий ташрифи доирасида «Cintana» компанияси раҳбари Дуглас Беккер билан учрашув ўтказди.
Ушбу компания Аризона давлат университети билан ҳамкорликда ташкил этилган бўлиб, дунёнинг 30 мамлакатида фаолият юритади, университетларда таълим сифатини ошириш билан шуғулланади.
«Cintana» асосчиси ва раиси Дуглас Беккер Аризона давлат университети билан ҳамкорликда мамлакатимизда Америка технологиялар университетини ташкил этиш устида иш олиб бормоқда.
2024 йилдан бошлаб соғлиқни сақлаш, инжиниринг, архитектура ва дизайн каби йўналишларда малакали кадрлар тайёрлашни бошлаш кўзда тутилган.
Давлатимиз раҳбари ушбу режаларни маъқуллаб, Ўзбекистон таълим соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш учун қулай шароитлар яратишга тайёрлигини билдирди.
GE HealthCare билан ҳамкорлик
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев «GE HealthCare» компаниясининг Европа, Яқин Шарқ ва Африкадаги президенти ва бош ижрочи директори Роб Уолтон билан учрашув ўтказди.
Учрашувда корпорациянинг мамлакатимизда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш борасидаги режалари муҳокама қилинди.
Дунёнинг индустриал гиганти бўлган «General Electric» корпорацияси стратегик шериклик доирасида Ўзбекистон корхоналари билан инвестициявий ва технологик ҳамкорликни кенгайтириш, жумладан, замонавий юқори технологик ускуналарни етказиб бериш ва уларни маҳаллийлаштириш лойиҳаларини амалга ошириш ниятида.
«GE HealthCare» компанияси президенти Роб Уолтон соғлиқни сақлаш соҳасида кардиографлар ишлаб чиқариш, скрининг ва кардио ахборот тизими йўлга қўйилишини таъкидлади. Бундан ташқари, инвестор Ўзбекистонда Миллий тиббий маълумотлар архивини яратишда иштирок этишни режалаштирмоқда.
Учрашув якунида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича «йўл харитаси» ни қабул қилишга келишиб олинди.
1994 йилда «General Electric» таркибида ташкил этилган «GE HealthCare» бош қароргоҳи Чикагода жойлашган тиббий технологиялар соҳасидаги трансмиллий компания. Корпорация активлари қарийб 28 миллиард долларни ташкил этади.
Йирик инвестиция банки Ўзбекистондаги лойиҳаларни молиялаштириши мумкин
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Нью-Йоркда «Oppenheimer» инвестиция компанияси бошқарувчи директори Жон Тонелли билан учрашув ўтказди.
Активлари қиймати 36 миллиард доллар бўлган ушбу йирик инвестиция банкининг сармоясини жалб қилган ҳолда мамлакатимизда лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари кўриб чиқилди.
Жон Тонелли мамлакатимизда саноат қувватларини ташкил этиш ва модернизация қилиш бўйича йирик лойиҳаларга хусусий инвестицияларни жалб қилиш юзасидан келишувлар эришилганини мамнуният билан қайд этди.
Биринчи босқичда тўқимачилик кластерлари, қурилиш материаллари саноати корхоналарини ривожлантириш, Тошкент шаҳри инфратузилмасини ривожлантириш лойиҳаларини молиялаштириш мўлжалланган.
Бундан ташқари, кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлашга инвестиция йўналтириш кўзда тутилган.
Президентимиз ушбу режаларни маъқуллаб, мутасаддиларга тез фурсатда амалий ишларни бошлашга топшириқ берди.
«Cerberus» корпорацияси билан ҳамкорлик истиқболлари кўриб чиқилди
Нью-Йорк шаҳрига ташриф доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев «Cerberus» компанияси вице-президенти Брайан Хук билан учрашув ўтказди.
Учрашувда иқтисодиётнинг турли тармоқларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари кўриб чиқилди.
Активлари қиймати 60 миллиард доллардан зиёд бўлган глобал инвестиция корпорацияси коммуникациялар тармоғи, фойдали қазилмаларни қазиб чиқариш, транспорт ва энергетика инфратузилмасини модернизация қилиш лойиҳаларига тўғридан-тўғри инвестициялар йўналтиришни режалаштирган.
Вице-президент Брайан Хук илк ҳамкорлик лойиҳалари жорий йилнинг охирига қадар бошланишини таъкидлади.
Учрашув якунида ҳамкорлик бўйича «йўл харитаси»ни қабул қилишга келишиб олинди.
Президент қўшма лойиҳаларни муҳокама қилди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Нью-Йоркда «CNH» компанияси вице-президенти Стив Надерни билан учрашди.
Активлари қиймати қарийб 50 миллиард доллар бўлган «CNH» трансмиллий компанияси қишлоқ хўжалиги машинасозлигида Ўзбекистоннинг стратегик ҳамкоридир. Машҳур «Case» ва «New Holland» брендлари остида йўл қуриш ва қишлоқ хўжалиги техникасини ишлаб чиқаради.
Вице-президент Стив Надерни компаниянинг тармоқдаги бир қатор саноат корхоналарини хусусийлаштириш ва модернизация қилиш, комбайн ва пахта йиғиш машиналарини ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш, шу жумладан юқори қувватли тракторлар ишлаб чиқариш ҳамда лизинг тузилмаларига тўғридан-тўғри молиявий ресурслар ажратиш режаларини баён қилди.
Президентимиз компаниянинг Ўзбекистондаги фаолиятини кенгайтириш борасидаги режаларини қўллаб-қувватлади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter