Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Ўзбекнефтгаз» маҳаллий тадбиркор ва корхоналарга ҳамкорлик таклиф қилмоқда

«Ўзбекнефтгаз» маҳаллий тадбиркор ва корхоналарга ҳамкорлик таклиф қилмоқда

«Ўзбекнефтгаз» АЖ Бошқаруви раисининг топшириғига кўра нефтгаз саноати корхоналарининг импортдан қарамлиги ҳажмини камайтириш бўйича манзилли ишлар амалга оширилмоқда. Бу ҳақда ташкилот матбуот хизмати хабар берди.

Салоҳиятли ишлаб чиқарувчиларни янада кенгроқ хабардор қилиш, корхонананинг импортини маҳаллийлаштириш ва тармоқлараро кооперация ҳисобига изчил камайтириш мақсадиди «Uz-Kor Gas Chemical» қўшма корхонаси расмий веб-сайтида (www.uz-kor.com) маҳаллийлаштириш ва импорт ўрнини босиш масалаларига бағишланган алоҳида бўлим ташкил этилди.

Ушбу бўлим ички бозорни ўзлаштиришга қизиқиши мавжуд бўлган маҳаллий тадбиркорлик субъектларига бағишланган бўлиб, унда корхонанинг 2020 йилда импортдан харид қилинадиган (300 хилдан ортиқ турдаги маҳсулотлар) моддий-техник ресурсларига бўлган эҳтиёжи ҳамда ўзлаштириш учун тавсия этиладиган маҳсулотлар ҳақида тўлиқ маълумотлар жойлаштирилади.

Сайтда маҳсулотлар, бутловчи қисмлар ва материаллар бўйича маълумотлар уларнинг техник характеристикаси, ҳажми ва стандартлари бўйича барча талаблар кўрсатилган ҳолда тўлиқ тақдим этилади.

Бундан кўзланган асосий мақсад — корхонада ишлаб чиқариладиган маҳсулот таннархини камайтириш, маҳаллийлаштириш даражасини ошириш ҳамда бугунги пандемия шароитида маҳаллий тадбиркорлик субъектларига замонавий нефткимё саноатининг гигантларидан бири бўлган «Uz-Kor Gas Chemical» қўшма корхонаси эҳтиёжлари учун маҳсулотлар етказиб бериш бўйича кенгроқ имконият яратиб беришдир.

Тадбиркорлик субъектларида кўрсатилган маҳсулотларни ўзлаштириш ва ишлаб чиқаришни ташкил этиш бўйича қўшимча саволлар туғилганда қуйидаги телефон рақамларга мурожаат қилиш мумкин: (998 61) 222-21-87, (998 61) 226-70-00 (998 78) 129-29-00, электрон почта info@uz-kor.com). «Uz-Kor Gas Chemical» ҚК МЧЖнинг мутахассислари томонидан барча саволларга жавоб берилади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг