Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Президент «бешинчи авлод» технологияли иссиқхонани бориб кўрди (фото)

Президент «бешинчи авлод» технологияли иссиқхонани бориб кўрди (фото)

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев 12 декабрь куни Хоразм вилоятига келиб, Хонқа туманидаги инновацион иссиқхонани бориб кўрди. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот хизмати хабар берди.

«Red Star Oxus» масъулияти чекланган жамият томонидан 205 миллиард сўмдан зиёд маблағ эвазига ташкил этилган мазкур иншоот шу йил февраль ойида ишга туширилган эди. Бу мазкур лойиҳанинг биринчи босқичи бўлиб, 7 гектар майдонда гидропоника усулида помидор, бодринг, бақлажон, булғор қалампири, кўкатлар етиштирилмоқда.

Иссиқхонада Нидерландиянинг «Kubo» компаниясида ишлаб чиқарилган «Ultra clima» ноу-хау технологияси келтириб ўрнатилган. Бунинг афзаллиги шундаки, иссиқлик вентилятор ёрдамида ультра иқлим зонасига тортилади ва пластик қувурлар орқали керакли жойга эҳтиёж даражасида юборилади. Яъни, ҳарорат бутун иссиқхонага эмас, балки етиштирилаётган сабзавотнинг илдизига йўналтирилади. Бу эса катта миқдорда энергияни тежашга ёрдам беради.

Таъкидлаш жоиз, бундай «бешинчи авлод» технологиясига эга иссиқхоналар дунёда 200 гектар атрофида. Шундан 7 гектари Ўзбекистонда.

Яна бир муҳим жиҳати – иссиқхона тепасига қуёш нурига ўхшаш хусусиятга эга махсус чироқлар ўрнатилган. Бу фотосинтез жараёнига сезиларли таъсир кўрсатиб, ҳосилдорликни оширишга хизмат қилади.

Масалан, плёнкали иссиқхоналарда помидор кўчати 6 ой ҳосил берса, мазкур инновацион иссиқхонада бир йил мобайнида маҳсулот олиш мумкин.

Давлатимиз раҳбари айнан шу масалага алоҳида аҳамият қаратди.

– Бутун дунёда озиқ-овқат хавфсизлиги долзарб масала бўлиб боряпти. Ташқи бозор қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини мавсумий эмас, йил давомида етказиб беришни талаб қилади. Шуни таклиф қила олган корхона бозорда ўрин эгаллайди. Бу иш ўрни ва экспортни таъминлаш учун катта манба, - деди Шавкат Мирзиёев.

Иссиқхонада жараён тўлиқ автоматлаштирилган. Биринчи босқичда 75 киши доимий иш билан таъминланган.

Президентимизга истиқболдаги режалар ҳақида маълумот берилди. Хусусан, лойиҳанинг иккинчи босқичида 8 гектар майдонда яна битта иссиқхона қурилади. Уни келаси йил декабрда фойдаланишга топшириш ва яна 150 та иш ўрни яратиш мўлжалланган.

– Бу корхона – драйвер. Бундай иссиқхоналар кўпайиши учун бошқа тадбиркорларни ҳам ўргатиб, ҳар томонлама ёрдам бериш керак. Хоразм қишлоқ хўжалигининг келажаги шу, – деди давлатимиз раҳбари.

Ушбу мажмуани ўзига хос мактаб сифатида белгилаб, тадбиркорларни ўқитиш муҳимлиги таъкидланди.

– Озиқ-овқат маҳсулотларига биринчи талаб – сифат. Шунинг учун ҳар бир иссиқхонанинг лабораторияси, ўз бренди бўлиши керак, – деди Президент.

Шу ерда қишлоқ хўжалигида амалга ошириладиган лойиҳалар тақдимоти ўтказилди. Туманларни ихтисослаштириш, янги ерларни ўзлаштириш, ёмғирлатиб суғориш тизимини жорий қилиш бўйича топшириқлар берилди. Шоли экишда адолатни таъминлаб, аҳолига ер майдонлари ажратиб бериш, шу орқали одамларни иш билан таъминлаш ва камбағалликдан чиқариш бўйича вазифалар қўйилди.

Шунингдек, Хоразм вилоятида ёшларнинг ижтимоий кайфиятини ўрганиш бўйича мулоқот ва социологик тадқиқот натижалари ҳақида ҳам маълумот берилди. Давлатимиз раҳбари ҳар бир ёшнинг интилиши ва қобилиятини инобатга олиб, режаларини амалга ошириш бўйича бир йиллик дастур ишлаб чиқишга кўрсатма берди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг