Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Президент янги фармонни имзолади

Президент янги фармонни имзолади

Президент саноат соҳасида бошқарувни такомиллаштиришга оид фармонни имзолади.

Унга кўра, давлат саноат сиёсатини юритиш вазифаси Иқтисодиёт ва молия вазирлигига юклатилади. Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги эса маҳаллий саноатни ривожлантириш, инвестиция, экспорт, маҳаллийлаштириш ҳамда саноат зоналарига масъул бўлади.

Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги марказий аппаратининг 45 та штат бирлиги Иқтисодиёт ва молия вазирлигига ўтказилади.

Вилоят, туман ва шаҳар иқтисодиёт ва молия бошқармалари ҳамда бўлимларида саноатни ривожлантириш ва иқтисодиётнинг ресурслар билан таъминланганлигини таҳлил қилиш йиғма бўлимлари ташкил этилади. Уларнинг штат бирликлари Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳудудий бўлинмалари штат бирликларини қисқартириш ҳисобига шакллантирилади.

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузурида Яшил иқтисодиёт лойиҳалари маркази лойиҳа офиси ташкил этилди. У «иссиқхона газлари савдоси» соҳасида давлат томонидан тартибга солиш ҳамда халқаро ҳамкорлик бўйича ишчи орган ҳисобланади.

«Ўзкимёсаноат» АЖнинг кимё корхоналаридаги акциялар пакети Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳамда Ўзбекистон Тикланиш ва тараққиёт жамғармасига ўтказилади. Жумладан, Деҳқонобод калий заводи акцияларининг 53,37%и Давактивга, 46,63%и ЎТТЖ (ФРРУ)га, «Кимётранс-логистик» МЧЖ, «Ҳамкор-кимёсервис» МЧЖнинг тўлиқ улуши, Қўнғирот сода заводининг 49%и, «Кимётранс» МЧЖнинг 25% улуши Давактивга берилади.

Идоралараро тариф комиссияси мамлакатдаги ГЭСлар томонидан ишлаб чиқариладиган электр энергияси харид тарифларини «Ўзгидроэнерго» АЖ инвестиция дастурларини молиялаштириш учун етарли миқдорда тасдиқлайди. Тарифларни шакллантиришнинг амалдаги тартиби бекор бўлади.

Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги фаолиятини қайта ташкил қилиш бўйича фармон лойиҳаси ишлаб чиқилади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг