Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Зураб Пололикашвили UNWTO Бош котиби лавозимига учинчи муддатга сайланиш ҳуқуқини қўлга киритди

Зураб Пололикашвили UNWTO Бош котиби лавозимига учинчи муддатга сайланиш ҳуқуқини қўлга киритди

Самарқандда бўлиб ўтган БМТ Бутунжаҳон туризм ташкилоти Бош Ассамблеясининг юбилей 25-сессиясида Зураб Пололикашвилига фаолиятини давом эттириш учун қайта сайланиш имконияти берилди.

Маълумот учун, Зураб Пололикашвили 2017 йилда UNWTO Бош котибига айланган. 2022 йилда Мадридда бўлиб ўтган Бош Ассамблеянинг 24-сессиясида эса иккинчи бор қайта сайланди. Унинг амалдаги ваколат муддати 2025 йилда тугайди. Шу йили Саудия Арабистони мезбонлик қиладиган UNWTO Бош Ассамблеясининг 26-сессиясида ташкилот бош котиблигига навбатдаги сайлов ўтказилади.

Таъкидлаш жоизки, Зураб Пололикашвили бошчилигида UNWTO томонидан бир қанча ижобий ўзгаришлар амалга оширилмоқда. UNWTOга аъзо давлатларда хорижлик туристлар сони кескин ошди. Хусусан, Ўзбекистонга 2022 йилда 5,2 миллион хорижлик сайёҳ келган бўлса, 2023 йилда бу рақам 7 миллионга етди.

Алоҳида қайд этиш керакки, пандемия даврида ҳам Зураб Пололикашвили туризм соҳаси ривожига қаратилган турли тадбирларни амалга оширди. Бунинг самараси ўлароқ туризм соҳаси барқарорлигини нисбатан сақлаб қолди ва пандемиядан кейин жадал суратларда ривожланмоқда.

Қолаверса, ташкилотга аъзо давлатлар сони ортиб бормоқда. Сўнгги икки йил ичида молиявий менежментда мисли кўрилмаган муваффақиятга эришилди: 2023 йилда ташкилот бюджетнинг мунтазам даромади 14,3 миллион еврога етди. Зураб Пололикашвили бу маблағлар ташкилотга аъзо давлатларда туризм соҳаси ривожи учун сарфланишини бир неча бор таъкидлаган.

Бундан ташқари, UNWTO ҳозирда 58 миллат вакилларидан иборат 186 нафар ходимга эга. Ташкилот ёш истеъдодларни қўллаб-қувватламоқда, гендер тенглигига амал қилмоқда.

Зураб Пололикашвили UNWTO Бош котиби сифатида Аргентина, Хитой, Ҳиндистон, Ўзбекистон каби давлатлардаги фаолиятини янада кучайтириш ниятида. Ташкилот, шунингдек, таълимни кучайтириш, инвестицияларни ошириш ва изчил ислоҳотлар орқали туризм соҳасини янада ривожлантиришни устувор мақсад сифатида белгилаган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг