Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Энг яхши туризм қишлоғи – Сентоб ўзи қандай жой? (фото)

Энг яхши туризм қишлоғи – Сентоб ўзи қандай жой? (фото)

Фото: Xabar.uz

Самарқандда UNWTO Бош Ассамблеясининг 25-сессияси доирасида «Best Tourism Villages 2023 Awards» (2023 йилнинг энг яхши туризм қишлоғи) номинацияси бўйича тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Унда Навоий вилоятининг «Сентоб» қишлоғи ғолиб бўлди.

Xabar.uz ахборот-таҳлилий портали ушбу қишлоқ ҳақидаги маълумотларни яна бир бор эслатиб ўтишга қарор қилди.

Тасвирлаб бўлмас тоза ҳаво, қушларнинг ғужғон сайраши, атрофда учиб юрувчи хонқизилар, кечки шафақ, тоғ жилғасининг шилдираши, гуллар ифори, хушмуомала аҳоли, юлдузларга тўла осмон...

Эҳтимол, бу Нурота тоғларидаги қишлоқнинг диққатга сазовор жиҳатларининг бир қисми холос.

Навоий вилоятининг Нурота тумани марказидан 120 километр узоқда жойлашган Сентоб қишлоғи ҳудуддаги диққатга сазовор сайёҳлик йўналишларидан биридир. Қарийб 3 минг аҳоли истиқомат қиладиган бу қишлоқ сўлим табиати, қадим цивилизация масканларидан бири ҳисобланади. Сентоб ўзининг қадим тарихи, маданий-мероси, ўтмиши, миллий қадриятлари ва урф-одатларининг бугунги кунга қадар сақланиб қолгани билан ноёб қишлоқ саналади.

Сентоб Айдаркўлдан 30 км масофа нарида жойлашган бўлиб, шаҳар ғала-ғовуридан чарчаган инсон интиладиган макондир.

Бу жойлар турли хил ҳайвонлар, қушлар ва ҳашаротларга бой, улардан айримлари Қизил китобга ҳам киритилган. Қишлоқ бўйлаб сайр қиларкансиз, ноёб ва пухта ўйлаб қурилган қадимий шаҳарга тушиб қолгандай бўласиз.

Қоя тошларга ишланган V-VI асрларга оид петроглифлар, тоғ тепасидаги кўҳна қўрғон қолдиқлари, XI-XVIII асрларга оид тошга ўйилган ёзувлар ҳамда қишлоқнинг энг юқори нуқтасидаги Фозилмон кўли меҳмонларни ҳамиша қизиқтириб келади. Сентоб қишлоғидан 12 км узоқликдаги «Қора тоғ» қоятошларида кўплаб кўҳи услубдаги араб графикасидаги ёзувлар, Қуръон оятлардан фрагментлар ҳамда қадимий қўрғонларни кўплаб учратиш мумкин.

Сентоб қишлоғида Сентоб сув омбори, Қадимий карвонсаройлар, «Хўжа Поршо», «Хўжа Махмад Саврато» зиёратгоҳлари, «Чашмаи ако» булоғи, қадимий қалъалар, араб графикасидаги кўҳи ёзувлари, тоғ тошларидан қурилган уйлар, ўзига хос тоғли ҳудуд архитектурасининг сақланиб қолганлиги муҳим тарихий аҳамиятга эга.

Шунингдек мазкур ҳудудда сайёҳларнинг мазмунли дам олишларини таъминлаш мақсадида хонадонларда ҳунармандчилик маскани ва кичик музейлар ташкил этилган. Сайёҳлар учун умумий овқатланиш ва ётоқдан ташқари отда, эшакда тоғлар бўйлаб саёҳатларини ташкил этиш хизмати хам йўлга қўйилган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг