Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

1 июндан нималар ўзгаради?

1 июндан нималар ўзгаради?

Norma.uz портали 2022 йил 1 июндан кучга кирадиган миллий қонунчиликдаги асосий ўзгартиришлар шарҳини тақдим этган.

1. Бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи 12%га оширилади ва қуйидаги миқдорларда белгиланади:

  • меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори — ойига 920 000 сўм;
  • базавий ҳисоблаш миқдори — ойига 300 000 сўм.

2. Тиббиёт муассасалари тиббиёт, фармацевтика ва бошқа ходимларининг ойлик лавозим маошлари оширилади. Хусусан:

  • тиббиёт ва фармацевтика ходимлари учун:
  • олий ва биринчи малака тоифаларига эга бўлганлар учун — 15%га;
  • иккинчи малака тоифасига эга бўлган ва тоифага эга бўлмаган, шунингдек, бошқа тиббиёт ва фармацевтика ходимлари учун — 10%га;
  • тиббиёт муассасаларининг бошқа ходимлари учун — 15%га оширилади.

3. «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизимида рўйхатга олинган шахслар ва уларнинг фарзандлари ҳамда «Ёшлар дафтари»га киритилган ёшлар олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишда ўтказиладиган кириш тест синовларида иштирок этиш учун ундириладиган тўловлардан озод этилади.

4. Фаолиятнинг лицензияланадиган турини амалга ошириш учун лицензияга эга бўлган юридик ёки жисмоний шахслар учун қуйидаги Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари билан белгиланган талаб ва шартлари кучга киради:

  • 21.02.2022 йилдаги «Махсус электрон тизим орқали айрим фаолият турларини лицензиялаш тартиби тўғрисидаги ягона низомни тасдиқлаш ҳақида»ги 80-сон;
  • 22.02.2022 йилдаги «Махсус электрон тизим орқали рухсат этиш хусусиятига эга айрим ҳужжатларни бериш тартиб-таомиллари тўғрисидаги ягона низомни тасдиқлаш ҳақида»ги 86-сон.

5. Россия, Туркия ва Қозоғистон ҳудудларида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг ваколатхоналари очилади.

6. Волонтёрлар электрон платформаси ишга туширилади, у Ўзбекистон ёшлар портали негизида яратилган ва қуйидагиларни амалга ошириш имконини беради:

  • волонтёрларнинг ижтимоий аҳамиятга молик тадбирлар, лойиҳалар ва акциялардаги иштироки, шунингдек, давлат органлари фаолиятига кўмаклашган даврини қайд этиб бориш;
  • волонтёрлар гуруҳига киритилган волонтёрларни ҳисобга олиш;
  • ҳудудлар ва фаолият йўналиши бўйича волонтёрлик ёрдамини жалб қилишга қизиқиш билдираётган давлат органлари рўйхати ҳамда давлат органларининг волонтёрлар билан ишлашига оид методик тавсиялар билан танишиш.

7. Қон билан бевосита ишлаётган давлат тиббиёт муассасалари ходимлари гепатит В касаллигига қарши бепул эмланади.

8. «Ишга марҳамат» мономарказларида касб-ҳунарга ўқитилаётган ногиронлиги бўлган шахсларга ногиронлик нафақаси билан бир вақтда, Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 баравари миқдорида ҳар ойлик стипендия тўлаб берилади.

9. Халқаро рейтинг ва индекслар бириктирилган илмий ташкилотлар 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини амалга оширишга оид таклифлар ишлаб чиқишади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг