Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

2028 йилгача иссиқхона ишчилари учун ижтимоий солиқ ставкаси 1 фоизга туширилади

2028 йилгача иссиқхона ишчилари учун ижтимоий солиқ ставкаси 1 фоизга туширилади

Бугунги кунда республикада 5,1 минг гектар иссиқхоналар мавжуд бўлиб, сўнгги етти йилда уларда етиштириладиган маҳсулот ҳажми 110 минг тоннадан 546 минг тоннага кўпайди.

Лекин, тадбиркорлар кредит оғирлиги, ўғит нархи қимматлиги, узлуксиз газ таъминоти йўқлигини айтмоқда. Масалан, 600 гектардан ортиқ майдондаги иссиқхона фаолиятини тўхтатган, 128 гектари қарздорлик сабабли банк балансига ўтган.

Шу боис Президент Мирзиёев иштирокидаги йиғилишда иссиқхона хўжаликларини қўллаб-қувватлаш зарурлиги таъкидланди.

Эндиликда:

  • ички бозор билан бир қаторда экспортга ҳам маҳсулот етиштириш мажбуриятини олган, табиий газда ишлаётган иссиқхоналарга қишки мавсумда газ кафолатли ҳажмда берилади;
  • кўмир ёки бошқа муқобил иситиш тизимида ишлаётган ҳамда экспорт мажбуриятини олган иссиқхоналарга ҳам табиий газга қайтиш имкони берилади;
  • айланма маблағ етарли бўлиши учун олдиндан тўлов октябрь-март ойларига 50 фоиз қилиб белгиланади. Бунда, иссиқхоналар газ корхоналари билан 1 октябргача шартнома имзолайди;
  • табиий газдан кўмир ёки бошқа муқобил иситиш тизимига ўтган иссиқхоналарга ажратилган кредит муддати узайтириб берилади;
  • иссиқлик насослари технологияларида ишлайдиган иссиқхона ташкил қилганларга харажатларнинг 20 фоизгача қисми, бу ишлар кредит ҳисобидан бўлса, кредит ставкасини 4 фоизи қоплаб берилади.

Шу билан бирга, бундан буён иссиқхоналар, тоифасидан қатъи назар, ер солиғини қишлоқ хўжалиги ерлари ставкасида тўлаши белгиланди. 2028 йилга қадар иссиқхона ишчилари учун ижтимоий солиқ ставкаси 12 фоиздан 1 фоизга туширилади.

Солиқ қўмитасига бутун тизими, таҳлилий ва ақл марказларини сафарбар этиб, иссиқхоналардан қисқартирилган газ қайси соҳаларга йўналтирилгани ва уларнинг самарадорлигини ўрганиш, агар газ берилган бошқа соҳаларда қўшилган қиймат кам бўлса, газни иссиқхоналарга йўналтириш топширилди.

Экологик вазиятни ҳисобга олган ҳолда, Тошкент вилоятидаги иссиқхоналар фаолиятининг ҳаво сифатига салбий таъсири билан боғлиқ муаммоларни узил-кесил ҳал қилиш вазифаси қўйилди.

«Барча эшитиб олсин: иссиқхоналар бу – озиқ-овқат хавфсизлиги, иқтисодий хавфсизлик масаласи ҳисобланади», – деди Президент.

Тегишли идораларга соҳада қатъий назорат ўрнатиш топширилди. 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг