500 нафар ўзбекистонлик Deutsche Bahn компанияси учун ўқитилади ва ишга жўнатилади
Кўксарой қароргоҳида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Германия Федератив Республикаси Президенти Франк-Вальтер Штайнмайер иштирокида қатор қўшма инвестиция ва таълим лойиҳаларига старт берилди.
Улар орасида Миграция агентлиги Германия билан ҳамкорликда амалга ошираётган икки муҳим ташаббус ҳам бор. Ҳар икки лойиҳанинг қиймати 1 миллион АҚШ долларини ташкил этади.
Биринчи лойиҳа Германиянинг йирик темир йўл оператори — Deutsche Bahn билан ҳамкорликда амалга оширилади. Унга кўра, 500 нафар мутахассис Германия темир йўл соҳаси учун мақсадли тайёрланади ва юқори маошли иш ўринларига йўналтирилади.
Иккинчи лойиҳа эса Ўзбекистонда TELC халқаро имтиҳон марказлари тармоғини ташкил этишни назарда тутади. Ушбу ташаббус ёшларга Гёте сертификатлари билан бир қаторда TELC сертификатини ҳам мамлакат ичида олиш имконини беради.
Лойиҳа доирасида ҳар йили 30 мингдан ортиқ фуқаро Ўзбекистоннинг ўзида имтиҳон топшириб, халқаро даражада тан олинадиган сертификатни қўлга киритиши мумкин.
Мутасаддиларнинг таъкидлашича, мазкур лойиҳалар меҳнат миграциясини тартибли ташкил этиш, кадрлар малакасини ошириш ва Германия меҳнат бозори учун рақобатбардош мутахассислар тайёрлашга хизмат қилади.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter