Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Аксилкоррупция форуми: рейтинг кўрсаткичларини яхшилаш бўйича нималар қилинмоқда?

Аксилкоррупция форуми: рейтинг кўрсаткичларини яхшилаш бўйича нималар қилинмоқда?

17 октябрь куни IV Тошкент Аксилкоррупция форуми бўлиб ўтди. Ўзбекистон Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Европа Иттифоқи, GIZ (Германия халқаро ҳамкорлик жамияти) ва БМТ Тараққиёт дастури ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда 250 дан ортиқ аксилкоррупция идоралари ходимлари, халқаро экспертлар ҳамда фуқаролик жамияти вакиллари қатнашди.

Тадбирни Олий Мажлиси Сенати вакиллари, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурҳонов, Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги элчиси Тойво Клаар, БМТ Тараққиёт дастурининг мамлакатимиздаги доимий вакили Акико Фудзии ва бошқалар кириш сўзи билан очиб берди.

Форум давомида Transparency International ташкилотининг Коррупция индекси, World Justice Project ташкилотининг Қонун устуворлиги индекси, Open Data Inventory эълон қилган очиқ маълумотлар рейтинги каби ҳисоботларда Ўзбекистоннинг кўрсаткичларини яхшилаш борасидаги саъй-ҳаракатлари муҳокама қилинди.

Анжуман давомида Ўзбекистоннинг халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда шаффофлик, ҳисобдорлик ва мақбул бошқарувни қўллаб-қувватлашга содиқлиги таъкидланди.

ЕИ делегацияси матбуот хизмати хабарига кўра, тадбир доирасида Ўзбекистоннинг Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти 5-раунд мониторинги доирасида 2023 йилда қайд этган юқори натижалари эътироф этилди. Хусусан, «Коррупцияга қарши сиёсат» соҳасида «жуда юқори баҳо» (86 баллдан юқори) билан Марказий Осиёда илғор давлатлардан бири сифатида тан олинди.

Форумнинг асосий натижаларидан бири Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ва Жаҳон банкининг Ҳалоллик бошқармаси ўртасида кадрлар тайёрлаш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ва коррупцияга қарши кураш бўйича ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган англашув меморандумининг имзоланиши бўлди.

«Коррупция фуқароларнинг ҳаёт сифатига зарар етказадиган иқтисодий ва ижтимоий оқибатларга олиб келади. Коррупциянинг олдини олиш бу – Ўзбекистон халқининг кундалик ҳаётига бевосита таъсир кўрсатадиган соғлиқни сақлаш, таълим ва бошқа соҳаларга кўпроқ маблағ жалб қилиши мумкин бўлган иқтисодий имкониятдир», – дейди ЕИнинг Ўзбекистондаги элчиси Тойво Клаар.

Форумда қатор халқаро ташкилотлар масъуллари, АҚШ, Ҳонконг, Грузия, Корея, Литва, Малайзия, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Хитой каби мамлакатларнинг аксилкоррупция идоралари раҳбарлари иштирок этди.

Форум амалиёт ва тажриба алмашиш, идоралараро алоқаларни мустаҳкамлаш, коррупцияга қарши кураш бўйича сўнгги халқаро тенденцияларни муҳокама қилиш учун платформа бўлиб хизмат қилди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг