Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Амирнинг ёлланма қотиллари қурбонига айланган машҳур аллома

Амирнинг ёлланма қотиллари қурбонига айланган машҳур аллома

Хонни, хусусан, унинг қилаётган ишларини танқид қилишга ҳеч ким ботина олмасди. Бироқ ҳақиқатгўй Ҳозиқ Хива хони Оллоқулихон қурдира бошлаган ҳаммом тузилишининг нотўғри эканлигини унинг юзига айтди. Бу эса шоир билан ҳукмдор ўртасидаги муносабатнинг бузилишига сабаб бўлди. Оқибатда ҳақиқатгўй Ҳозиқ Хивани тарк этди.

Шайхулислом Ҳиротийнинг ўғли бўлган Мирзо Жунайдулло Махдум – Ҳозиқ XVIII асрнинг 80-йилларида Ҳиротнинг Карх маҳалласида таваллуд топган. Илмга бўлган иштиёқ боис, у Бухорога келиб мадрасада таҳсил олади, дин, тиб, адабиёт илмларини пухта ўрганади. Шу тариқа ўз шеърлари, табобатда эришган натижалари, нотиқлик санъати билан Бухорои шарифда шуҳрат қозонади. Дастлаб ўзи таҳсил олган Оли мадрасасида имомлик қилади, кейин эса Амир Ҳайдар (1800 – 1827) саройида фаолият юритади.

Аммо ҳақиқатпарвар шоир сарой ўйинлари, фисқу фасод ва маиший тийиқсизликнинг Амир Ҳайдар девонида авж олганини кўриб, Бухорони тарк этади. Бухорога нисбатан маданиятга, санъатга эътибор кучли бўлган Қўқон ҳукмдори – Амир Умархон ҳузурига боради. Унинг ижоди, яшашига, қолаверса, таклифу мулоҳазаларига ижобий қараган Умархон Ҳозиқни доимо маслаҳатгўйи сифатида ҳурмат қилган. Бироқ 1822 йилда Амир Умархон вафот этгач, у яна Қўқон саройини тарк этиб, табиблик билан машғул бўлади. Табобатга оид «Шарҳи Қонунча» асарини, «Юсуф ва Зулайҳо» достонини ёзиб тугатади.

1826 йилда Бухоро ва Қўқонда саргардон юргани, билим ва тафаккурини эшитган Хива хони Оллоқулихон Ҳозиқни Хоразмга таклиф этади. Ҳозиқ бу ердаям саройдаги ишлардан кўра ижод билан машғул бўлишни афзал, деб билади. Мунис Хоразмийдек мироб ва шоир билан дўстлашади. Хонни, унинг аъёнлари ва халқни табиб сифатида даволаб, шуҳрат қозонади. «Ҳақиқатни аниқлаш ва текшириб кўриш» номли тиббиётга доир асарини ёзади. Бироқ...

1841 йилда Ҳозиқ Оллоқулихон қурдираётган ҳаммом тузилишини танқид қилади. Бу эса хон ва шоир ўртасидаги муносабатларга соя солади. Оқибатда у Хива хони саройини ҳам тарк этиб, Бухорога кетади. У ердаги мадрасага қатнаб, кейин эса элма-эл юриб, табиблик фаолиятини давом эттиради, баъзида эса Амир Насруллонинг таклифига кўра, ноиложликдан саройга ҳам бориб туришга мажбур бўлади.

Мирзо Жунайдулло Махдум – Ҳозиқ ҳамиша ҳақ гапни гапирган. Бу ҳол унинг ўзбек ва тожик тилларида ёзган шеърларида ҳам акс этган. Хусусан, у чаён ҳақидаги бир шеърида халқ орасидаги ҳикматдан усталик билан фойдаланади:

Қасди золим аз тавозуъ

нест жуз тамхиди зулм,

Мешавад ҳам неши ақраб,

Заҳр чун бармекашад.

Яъни, золимнинг тавозе этишдан мақсад ҳам зулм қилмоқдур, чунки чаён ҳам заҳар сочишдан олдин найзасини пастга эгади, дея фикр юритади.

Ҳозиқнинг ҳақиқатпарварлиги шундан ҳам маълумки, у Амир Насруллохондек, халқ ўртасида «қассоб»  лақабини олган золим ҳукмдорга ҳақ гапни айта олди. Чунончи, 1842 йил май ойида, Қўқонга юриш қилиб, Мадаминхонни, онаси шоира Нодирабегимни ўлдиртириб юбориб, хонликни талон-тарож этганида унинг қилмишларига бағишлаб бир фард битади:

Буриди бар қади ҳуд аз маломат,

Либосе то ба домони қиёмат.

Ҳозиқнинг ушбу битиги халқ ўртасида шунчалик машҳур бўлдики, ҳатто, саводсиз кишилар ҳам ёддан айтиб юришди. Негаки фард мазмуни айнан халқ фикрини мужассам этган эди: «Ўз қаддингга лаънатлардан шундай бир либос тикиб кийдингки, у либос эгнингда то қиёматгача қолади».

Мирзаолим Мушриф «Ансоб ус-салотин ут-таворих» асарида ёзишича, «бу фардни эшитиб, амирнинг зиёда жаҳли келиб, рангида қатра қон қолмади. То ўрдасиға доҳил бўлғунча сўзламади».

Амирнинг жаҳолатпарастлигини билган Ҳозиқ дўстларининг таклифига кўра, Шаҳрисабзга кетишга мажбур бўлади. Бу пайтда Шаҳрисабз, гарчи амирликка қарашли ҳудуд бўлса-да, ўлка беклари амир Насруллонинг мухолифи сифатида сиёсат майдонига чиққандилар. Ҳозиқ Шаҳрисабз ҳокими Хўжақул парвоначи паноҳида яшай бошлайди. Дастлаб Амир Насрулло ҳийла ишлатиб, Ҳозиқнинг Бухорода қолган ўғли Мирза Муҳташамдан ва яқин биродарларидан хат бериб, шоирни саройга «лутфан» чақиртиради. Насруллохоннинг феълини яхши билган Ҳозиқ бунга рози бўлмайди ва яна бир фард ёзиб жавоб беради:

Чун ҳузурам сабаби ранчиши табғиат гардид,

Мегурезам, ки малулат макунам бори дигар.

Яъни, меним ҳозир бўлишим табиатингнинг хиралишига сабаб бўлади. Сенга яна маломат етказмаслик учун қочаман.

Ҳозиқнинг жавобини ўқиб, амирнинг баттар жазаваси тутади:

– Мен уч бора чақиртирсам-да келмаса, Шаҳрисабза қўшин тортиб, Ҳозиқниям, унинг тарафдорлариниям даф этгум, – дея аёънларига ўшқиради Насруллохон.

Шунда Раҳмонберди исмли вазири амирга маслаҳат беради:

– Бир шоирга ўчакишиб, кек дея черик тортсак, эл олдида уяту иснодга қоламиз.

Шундан кейин вазирнинг маслаҳатига кўра, бир неча бора қамалиб чиқиб, ҳозирда ҳам зиндонда ётган Душабой исмли ўғрибошидан ёлланма қотил сифатида фойдаланишга қарор қилишади. Ҳакимхон тўра «Мунтаҳаб-ут-таворих» асарида «Душабой ва унга қўшилган учта каллакесар тўрт бебок кофир киши – ўғрилар вақтни ғанимат билиб, саҳар вақтинда шанба эртаси Шаҳрисабзга келиб, уйнинг эшигини синдириб, мавлоно Ҳозиқ ётган жойга бостириб кирдилар», дея воқеа тафсилотини ёзадилар. Шу тариқа тўрт ўғри Ҳозиқнинг бошини танасидан жудо қилишади.

Машъум воқеадан огоҳ бўлган Хўжақули парвоначи, Ҳожи Ҳакимхон тўралар аҳли оломон билан марҳумни Китоб беклигининг Охунд мозорига дафн этишади.

Гарчи Жунайдулло махдум – Ҳозиқ 1843 йил январида суиқасд қурбони бўлган эса-да, «Воқеаи исломи», «Таҳқиқ-ул-кафонад», «Юсуф ва Зулайҳо» каби табоат ва адабиётга доир асарлари билан тарихда боқий қолди.

Умид Бекмуҳаммад,
тадқиқотчи.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг