Автомобилларни жарима майдончаларига жойлаштириш рақамлаштирилади
Тошкентда автомобилларни жарима майдончаларига жойлаштириш рақамлаштирилади.
2026 йил 1 октябрдан бошлаб Тошкент шаҳрида тажриба тариқасида Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг «Жарима майдончаси» ягона автоматлаштирилган ахборот тизими модули ишга туширилади. Бу ҳақда ҳукуматнинг тегишли қарори қабул қилинди. Унда айтилишича, қонунчилик бузилганлиги учун ушланган транспорт воситаларини жарима майдончасига олиб келиш, жойлаштириш, сақлаш, ҳисобини юритиш ва чиқаришга рухсат бериш жараёнлари электрон тарзда амалга оширилади.
Транспорт воситасини жарима майдончасидан чиқариш бўйича рухсатнома мансабдор шахслар томонидан QR-код билан тасдиқланиб, ҳайдовчига электрон тарзда юборилади. Қоидабузарлик учун жарималар, сақлаш тўловлари ва бошқа мажбурий тўловлар Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП) ёки тизим орқали электрон шаклда тўланади.
Сақлаш хизматини кўрсатувчи юридик шахсларнинг ахборот тизимлари ҳамда пул айланмалари тўғрисидаги маълумотлар «Жарима майдончаси» модули орқали солиқ органларига автоматик тарзда юборилади. Жарима майдончаларида 6 ойдан ортиқ муддат сақланган ва талаб қилинмаган транспорт воситалари тегишли реестрга киритилади.
Ушбу тажриба лойиҳаси Тошкент шаҳрида 2034 йил 31 декабргача бўлган муддатда амал қилади. Бу даврда хизмат кўрсатувчи юридик шахслар идоралараро комиссия томонидан очиқ танлов асосида танлаб олинади.
Қарор билан жарима майдончалари, ушбу хизматни кўрсатадиган юридик шахслар учун талаблар ҳам белгиланган.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter