Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Байрам табриги ўрнида...

Байрам табриги ўрнида...

Касбий фаолиятим тақозо қилиб, жуда кўплаб устоз, тенгдош ёки ёш журналистлар билан шахсан танишман ёки уларни сиртдан биламан. Айримлари ҳақида ўз хулосаларим бор. Устоз журналистлардан олишимиз керак бўлган жиҳатлар кўплиги билан бирга, баъзан тескариси ҳам учраб туради. Яъни уларнинг ҳамма хислатларини, хусусиятларини ўзлаштиравериш ҳам ярамайди. Бу касбий нуқтаи назардан эмас, балки инсон характери, хослиги билан боғлиқ жиҳатлардир.

Бугун кунда негадир одамлар журналист деганда «блогер»ни ёки ижтимоий тармоқ фаолини тушунмоқда. Хўш, аслида ҳам шундайми?

Афсуски, аслида бундай эмас. Бундан ўн йиллар олдин Ўзбекистонда нодавлат нашр, радио ва телеканал фаолиятини йўлга қўйган, кейинчалик уларнинг ривожига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшган инсонлардан бири Фирдавс Абдухолиқов, ҳали кун келиб ҳар биримиз журналистга айланамиз, деганда кўпчилик лабини бурган ёки ҳайрон бўлиб елка қисиш билан кифояланганди. Тўғрисини айтсам, ўзим ҳам бу фикрга ишонқирамай қарагандим. Ва кейинчалик Фирдавс акадан бу қандай содир бўлиши ҳақида сўрагандим ҳам. Ўша айтилган кунлар келди, чамамда. Чунки бугун ҳамманинг қўлида замонавий телефон аппарати, интернетдан фойдаланиш эса чекланмаган ва арзон. Йўл-йўлакай дуч келган ҳодисани бемалол видео ва фотосуратга олишимиз, уни ҳеч қандай тўсиқларсиз ижтимоий тармоқларда саҳифаларимиз орқали эълон қилишимиз мумкин.    

Айни пайтда ижтимоий тармоқларни гуллатаётган, у ерларда жавлон ураётган, кузатувчилари сони нафақат минг, балки миллионларни ташкил қилувчи ака-ука, опа-сингилларимиз хафа бўлмасину, улар қилаётган иш журналистика эмас.

Менинг назаримда, йўқ, белгиланган тамойилларга кўра, журналист бирор воқеа-ҳодисани омма эътиборига ҳавола қилишдан олдин уни ҳар томонлама ўрганиши, томонларнинг фикр-мулоҳазаларини тинглаши, далилларга асосланган ҳолда ҳеч бир томонга ён босмаган ҳолда ўз мақоласини эълон қилиш, видео ёки радиорепортажи, лавҳасини эфирга узатиш учун тақдим қилиши керак. Бугун ўзини журналистика вакили деб атаётган айримлар нима қилмоқда? Улар юқорида таъкидланган жиҳатларни инобатга олмасдан, бир томоннинг буюртмаси асосида материлларни эълон қиляпти ва ўз навбатида, бундай журналистик материал турли тушунмовчиликларни келтириб чиқармоқда. «Нега бундай қилдинг?» деган саволга иккинчи томон ёки шу масалага масъул жавоб бермади, жавоб беришни истамади, деб қутулиб қўя қолади. 

Яқинда синфдош ўртоқлар (улар ҳар хил соҳа вакиллари) билан бир йиғинда бугунги ўзбек телевидениеси ҳақида мунозара бўлиб ўтди. Ҳар ким ўз фикрини айтди. Ўрни келганида ҳимоя қилди. Кўпчилик нодавлат телеканаллар фаолиятига тўхталиб, уларнинг анча ривожланганини, телетомошабинни ўзига оғдириб олгани ҳақида фикр билдирди. Орамизда фақатгина менинг соҳам журналистика бўлгани учун ҳамманинг кўзи менга қадалди. «Сен қайси каналларни кузатасан?» деган саволига жавоб уларнинг ҳайратига сабаб бўлди десам, янглишмайман. «Мен имконим бўлса, «Маданият ва маърифат», «Маҳалла», «Ўзбекистон тарихи» каналларини кўпроқ кузатаман», дедим. Албатта, бу жавобнинг кетидан «Нега? Шунча қизиқарли, шов-шувли дастурлари бўлган каналлар қолиб, айнан, мана шулар? Ахир уларда кўримли ҳеч нарса йўқку?» деган саволлар ўртага ташланди. Хўш нега?

Тўғри, бу телеканалларда телевидение тилида айтганда «подача», яъни етказиб бериш усули бироз эскиргандек, қотиб қолгандек, бир қолипга тушиб қолгандек. Бироқ қатор дастурлар борки, уларни кўриб, кўпчилигимиз излаётган маънавий, маданий озуқани олишимиз мумкин. Ўз навбатида, нодавлат телеканалларда ҳам кўриш мумкин бўлган телемаҳсулотлар талайгина. Уларни кўриш эса вақт масаласи.

Бугун «Маданият ва маърифат» телеканалининг мамлакатимизда давлат тилини ривожлантириш, ўзбек тилининг нуфузини янада оширишга бағишланган «Агар...» кўрсатувининг тасвирга олиш жараёнларида иштирок этдик. Унда ўзбек тилининг чин фидойилари, устозлар қатнашди. Мен ҳам бир нарсаларни гапирдим. Айни шу масалага масъул сифатида Рақамли технологиялар вазирлигида давлат тилида иш юритиш жараёнлари ҳақида маълумот берган бўлдим. Лекин гап бу ҳақида эмас.

Гап кўрсатув бошловчиси Гулмира Мусажонова билан шахсан танишганимда. Шунча йиллик журналист бўлиб, наҳотки, энди танишган бўлсанг, деган савол туғилган бўлиши табиий. Энди, бугунга насиб экан. Унинг «Оддий ҳақиқатлар», «Мен билган ҳақиқатлар», «Бугуннинг гапи» ва шунга ўхшаш кўплаб дастурларини мароқ билан томоша қиламан. Нафақат кўраман, балки улардан чин маънода маънавий озуқа оламан, маданий ҳордиқ чиқараман. Айтиш мумкинки, баъзилар учун Гулмира Мусажонованинг кўрсатувлари зерикарли туюлиши мумкин, аммо мен учун эмас.

Кўрсатувни суратга олиш жараёнида Гулмира опа суҳбатдошларига мавзу ва кўтарилиши керак бўлган масалалар ҳақида эринмасдан тушунтирди. Энг муҳими, бугунги ёш журналистларимизда етишмаётган нарсани кўрдим унда. Сабр! Суҳбатдоши фикрини якунлашини сабр билан кутди. Ҳатто кези келганида уни қўллаб-қувватлаб турди.

Салгина ёши катта журналист (соҳада нимани қойиллатдим билмайман, лекин дипломимда журналист деб ёзиб қўйилгани учун шундай деяпман) сифатида айтишим керакки, бугунги журналист, мухбирларда ана шу сабр йўқ, гўё. Саволни беришга бериб қўядию, ўз фикрини баён қилаётган суҳбатдошини истаган жойида бўлади ва унинг фикрлари чалкашиб кетишига, натижада берилган саволга батафсил жавоб берилмаслигига, мавзу тўлиқ очилмаслигига сабаб бўлади.   

Яна бир қизиқ ҳолат. Кўрсатув муҳаррири тасвирга олиш учун ажратилган вақт тугаганлигини бир неча марта ишора қилганига қарамай, суҳбатдошлардан ўзи хоҳлаган фикрни олмагунча тўхтамади. Битта саволни бир неча кўринишда берди ва кўрсатув иштирокчиларининг «очилиши»га сабаб бўлди. Улардан қоғозда ёзилган гапларнигина эмас, аслида кўнглига тугиб қўйган гапларни чиқариб ололди. Суҳбатдошини асл мақсадини айтишга мажбурлади. Бу борада бемалол маҳорат дарси ўтиши мумкин.

Яна бир жиҳат. Ҳар бир иштирокчи гапиргандан кейин унга далда берди. «Сиз қилган ишлар соҳанинг ривожланишига катта ҳисса қўшади. Бундан, сизнинг ўрнингиз муҳим» деган гапларни канда қилмади.

Афсуски, ҳозирги кунда баъзи ёш журналистларимизда мана шу нарса етишмаётгандек. Гарчи суҳбатдоши ўз соҳасининг етук мутахассиси бўлса-да, журналистларимиз унинг фикрларини менсимагандек эшитади. Ёки унинг юз-кўзидан тезроқ тугата қолса эди, деган маънони уқиш мумкин. 

Биз ёш журналистлар (аслида мен жа ёш эмасман) Гулмира опадек устозлардан ўрнак олишимиз, улардан ўрганишимиз ва албатта, қуруқ ўрганмасдан, иш фаолиятимизда қўллашимиз мақсадга мувофиқ.

Аслида Гулмира Мусажоновадек ўрнак олса арзигулик устоз журналистлар жуда кўп. Алоҳида кўрсатишимнинг асосий сабаби эса Гулмира Мусажонова билан байрам арафасида учрашиб қолгандим. Бу гаплардан бошқа маъно изламанг. Чунки Мусажонова ҳеч қандай «PR»га муҳтож эмас.

Нега булар ҳақида ёздим?

Чунки бугун 27 июнь. Ҳа, оддий кунлардан бирида дерсиз, йўқ, асло ундай эмас. Бугун сизу биз ҳар қандай кўринишда (босма, электрон, радио, телевидение) олаётган ахборотларнинг бизгача етиб келишини таъминлайдиган, бу йўлда тиним билмайдиган, ўзини ўтга-чўққа урадиган, сув келса симириб, тош келса, кемирадиган, тўғри сўзни айтишдан чўчимайдиган, айтиш жоиз бўлса, бир сўзи (мақоласи, репортажи, пости, фельетони ва ҳ.) билан оламни гулистон ёки вайрон қиладиган, кўнгилларга қувонч улашадиган, ўрни келганда, ўйлашга, фикрлашга ундайдиган фидойилар куни.

Бугун Ўзбекистонда Матбуот ва оммавий ахборот воситалари куни! Байрамингиз муборак бўлсин, азиз устозлар, ҳамкасблар!

Нурилла Абдуллаев

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг