Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ана холос! Бир йилда 560 минг тонна сақич истеъмол қилинади

Ана холос! Бир йилда 560 минг тонна сақич истеъмол қилинади

Ўқувчилик даврингизда стол ёки стулга ёпишган сақичга кўзингиз тушганми? Метро, автобусдан фойдаланаётганингизда ўриндиқларга, ерга ёпишганларигачи? Кўчаларида юрганингизда пойабзалингизга ёки ўриндиқларга ўтирганингизда киймингизга сақич ёпишиб қолишидан азият чекканмисиз?

Албатта, ҳозирги кунда сақич чайнаш кўп одамлар учун кунлик одат тусига кирган. Аммо уни чайнаб бўлгандан сўнг тўғри жойга ташлаяпмизми? Инсон организмига фойда ва зарарлари ҳақида қанчалик маълумотга эгамиз?

Статистик маълумотларга кўра, ер аҳолиси ҳар йили 560 минг тонна сақични истеъмол қилади. Массаси бўйича бу 112,000 та филнинг оғирлигига тенг. Сотиб олинган сақичларнинг нархи эса 14 миллиард фунтдан кўпроқ. Албатта, у оғиз бўшлиғини тозалашини, овқатни яхшироқ ҳазм бўлишига ёрдам беришини, чайнаш жараёнида милкни массаж қилиши орқали периодонтитнинг олдини олишини мутахассислар исботлашган. Шунингдек, у мия фаолиятини яхшилаш, стрессни енгиллаштириш каби фойдали жиҳатлари билан бир қанча зарарли таъсирлардан ҳам ҳоли эмас. Оч қоринга сақич чайнаш ошқозон касалликларини, яъни яллиғланиш ва ярани келтириб чиқаради. У фикрлаш қобилиятини ёмонлаштириши, тишдан пломбаларнинг емирилишига сабаб бўлиши, жағнинг чексиз ҳаракатланиши натижасида оғиз атрофида эрта ажинлар тушириши мумкин. Шифокор маслаҳатига кўра, сақичдан овқатлангандан сўнг максимал 15 дақиқа давомида фойдаланиш мақсадга мувофиқ.

Бундан ташқари, сақич дунёда сигарет қолдиқларидан сўнг кўчаларда учратишимиз мумкин бўлган иккинчи энг кенг тарқалган чиқинди тури ҳисобланади. Муаммо шундаки, мана шу бир марта ишлатиладиган ҳамда қайта ишланмайдиган сақичнинг атиги 10-20 фоизи чиқинди қутиларига, 80-90 фоизи эса одатда нотўғри жойларга ташланади.

Кўпинча кўчаларга, ўриндиқларга, йўлакларга, зинапояларга ташланаётган сақич атроф-муҳитга салбий таъсир кўрсатади. Биринчидан, кўчаларда ёпишиб қолганида уни истеъмол қилган қушлар, итлар учун бунинг охири ўлим билан якунланади.

Сув ҳавзаларига ташланганда эса бу балиқлар учун ҳам хавфлидир. Иккинчидан, бу ёпишқоқ маҳсулотни шаҳар кўчаларидан олиб ташлаш жуда қийин. Бунинг учун катта маблағ сарфланиши керак бўлади. Ҳар квадрат метрга бепарволик ила ташланган сақичларни полдан тозалаб олиш ҳам қийинчилик туғдиради.

Ҳар йили Британия ҳукумати томонидан Лондон кўчаларини сақичдан тозалаш учун 150 миллион фунт стерлинг, Буюк Британия ва Германияда эса бунинг учун 300 ва 900 миллион евро сарфланади.

Хитойда Пекиннинг Тянанмен шаҳридаги асосий майдонда бўлиб ўтган миллий байрам пайтида сайёҳлар томонидан 600 минг сақич майдонга ташланган. Майдонни тозалаш шаҳарга 120 минг долларга тушган.

Жаҳон амалиётида сақични ноўрин жойга тупурганлик учун жарималар жорий қилинган мамлакатлар мавжуд. У баъзи мамлакатларда ҳатто таъқиқланган. Бунга Индонезияни мисол қилиш мумкин. Сақични Сингапурга олиб кириш ва сотиш тозаликка зарарли таъсир кўрсатиши сабабли қонун билан тақиқлаб қўйилган ҳамда 500 доллардан 100,000 долларгача жарима белгиланган.

Дунё олимлари бир неча йилдан бери атроф-муҳитга зарар бермасдан сақични эритиб юборадиган кимёвий моддалар яратиш учун изланяптилар. Дунёнинг турли мамлакатларида эса йўқ қилишнинг ўзига хос, ғайриоддий усуллари ўйлаб топилган бўлиб, Сан-Луис Обиспо шаҳрида (Калифорния) қирқ йилдан бери ҳар ким ўз сақичини ёпиштириши мумкин бўлган девор мавжуд.

Бу маҳаллий диққатга сазовор жой. Девор бир неча қатламларда эластик тасма билан қопланган. Немисларнинг Бошолте шаҳрида эса дарахт шохлари худди шу мақсадларда ишлатилади. Инглизлар бу масалага янада ўзгача ёндашишган. Британиялик дизайнер Анна Буллус сақични фойдали нарсаларга қайта ишлаш ва кўчаларни тозалаш ҳақида ўйлаб, сақич йиғиш учун ишлатилганларидан ранг-баранг идишлар ясашни ҳамда улардан келажакда фойдаланиш фикрини беради.

Италияда рассом Мауриси Савини асфалтдаги ишлатилган сақични кичик санъат асарига айлантиришни таклиф қилади. Аммо шунга қарамай, ушбу муаммони ҳал қилишнинг универсал ечимлари ҳали ҳануз мавжуд эмас.

Хўш, сақични ноўрин жойларга ташлашимизнинг сабаби нимада? Ички маданиятга эга эмаслигимизданми!? Ёки ҳар қадамда чиқинди қутилари турса ҳам икки қадам юриб бориб, уни тўғри жойга ташлашга эринмоқдамизми!? Кўчага тупурилган сақичнинг парчаланиши учун юзлаб йиллар керак бўлиши мумкин. Албатта, бу – нохуш статистика. Аслида, бундай вазиятларнинг ечими осон. Кейинги сафар сақични ташламоқчи бўлганимизда, пиёдалар йўлагидаги чиқинди қутисини қидиришни ўйлайлик. Зеро, жамоатчилик жойлари поклигига барчамиз баробар масъулмиз. 

Мадиева Моҳичеҳра,
Ўзбекистон Журналистика ва Оммавий коммуникатсиялар университети,
Халқаро журналистика йўналиши, 2-босқич талабаси

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг