Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

БМТ: одамзодни даҳшатли хавф кутмоқда

БМТ: одамзодни даҳшатли хавф кутмоқда

Фото: «U-f.ru»

Дунёда очликдан азият чекаётганлар сони кўпайиши мумкин, деди ташкилот бош котиби Aнтониу Гутерреш БМТ Хавфсизлик Кенгаши йиғилишида.

«2020 йилда 88 миллиондан ортиқ одам беқарорлик ва можаролар туфайли кучли очликдан азият чекишди — бу кўрсаткич йил давомида 20 фоизга ўсди. 2021 йилги прогнозлар ушбу қўрқинчли тамойил давом этишига ишора қилмоқда», — деди у.

Унинг сўзларига кўра, иқлим ўзгаришлари ва COVID-19 пандемияси вазиятни янада кучайтиради.

«Aгар шошилинч чоралар кўрилмаса, миллионлаб одамлар очарчилик ва ўлим ёқасига бориб қолишади. Прогнозларга кўра, очлик Aфрика шохи ва Сахел бўйлаб тарқалади ҳамда Жанубий Судан, Яман ва Aфғонистонда кучаяди. 30 дан ортиқ мамлакатда яшаётган 30 миллиондан ортиқ одам очлик эълон қилинишига яқин турибди», — дея маълум қилди бош котиб.

Унинг сўзларига кўра, 150 минг киши очликдан ўлиш хавфи остида, яна 16 миллион киши озиқ-овқат хавфсизлигига дуч келади.

Жумладан, Ямандаги беш йиллик можаро туфайли тўрт миллион одам уйларини тарк этишга мажбур бўлишган. Шу сабабли, мамлакатдаги болаларнинг ярми — 2,3 миллиони бу йил ўткир овқатга тўймасликка дучор бўлади.

Ўтган йили Конго Демократик Республикаси дунёдаги энг катта озиқ-овқат инқирозини бошдан кечирди: июлдан декабргача қарийб 21,8 миллион киши кучли очликка дуч келди, дея маълум қилди бош котиб.

Гутеррешнинг айтишича, Жанубий Суданда озиқ-овқат хавфсизлиги муаммоси ўн йил муқаддам мустақилликка эришганидан бери энг кескин даражага келиб қолган.

«Озиқ-овқат маҳсулотлари нархи шунчалик баландки, бир ликопча гуруч ва ловия ўртача кунлик иш ҳақининг 180 фоизидан кўпроғини ташкил этади — бу Нью-Йоркдаги тахминан 400 долларга тенг», — деди у.

Шу муносабат билан Гутерреш дунёда очликнинг олдини олиш бўйича юқори даражадаги ишчи гуруҳ тузилганлигини эълон қилди. У нодавлат нотижорат ташкилотлари, халқаро молия институтлари ва бошқа ихтисослашган ташкилотлар билан ҳамкорлик қилади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг