Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

БМТ дунёнинг янги дунё харитасини маъқуллади

БМТ дунёнинг янги дунё харитасини маъқуллади

Африка Меркатор чизмасига асосланган анъанавий дунё харитасида (чапда) ва 2018 йилги Equal Earth харитасида.

Фото. Equal-earth.com, Getty Images

Ню-Йоркдаги бош қароргоҳда ўтган йиғилишда БМТ Бош Ассамблеяси XVI асрга мансуб Меркатор проекциясидан расман воз кечиб, 2018 йилда яратилган аниқроқ «Тенг Ер» (Equal Earth) лойиҳасини маъқуллади.

Того давлати ташаббуси билан ишлаб чиқилган резолюцияда қитъани Гренландия билан деярли бир хил ҳажмда кўрсатувчи анъанавий хариталардан босқичма-босқич воз кечиш сўралади. Африканинг асл ўлчамлари акс этган янги дунё харитаси қабул қилиниши натижасида нафақат ушбу қитъа, балки ер юзидаги деярли барча қитъалар, ороллар ва мамлакатларнинг харитадаги қиёфаси ўзгаради.

Сессияда 164 та давлат резолюцияни ёқлаб овоз берди. Фақат АҚШ унга қарши чиқиб, ўз вакили орқали бу ҳужжатни «ортиқча» деб баҳолади. Олти мамлакат эса бетараф қолди.

БМТ резолюциялари мажбурий ҳуқуқий кучга эга бўлмагани боис, давлатлар ёки ташкилотлар янги проекциядан фойдаланишга мажбурланмайди, шунингдек, эскисидан фойдаланиш ҳам тақиқланмайди. Шунга қарамай, таълим, технология ва давлат бошқарувида Меркатор проекцияси кенг ўрин олганини ҳисобга олсак, ушбу қарор ўқув дастурлари ҳамда кундалик технологияларнинг янгиланишига туртки бериши кутилмоқда.

Герардус Меркатор (1512-1594) томонидан 1569 йилда яратилган харита ҳамон жаҳон эталони ҳисобланади.
Фото: Stock Montage/Getty Images

Африка иттифоқи номидан ушбу кампанияга бошчилик қилган Того давлати қуйидагича баёнот берди: «Бу резолюция хариталардаги номутаносиб тасвирлар, айниқса, Меркатор проекциясидан қолган хатоликлар одамларнинг дунёқараши, таълим, маданият, геосиёсат ва ижтимоий-иқтисодий соҳаларга узоқ вақт салбий таъсир кўрсатганини тан олади. Бундай тасвирлар оқибатида умуминсоний онгда Африка ва бошқа минтақаларнинг асл ҳажми сунъий равишда кичрайтириб келинган».

Того ташқи ишлар вазири Роберт Дюссе: «Бу сиёсий баҳс эмас, балки илмий муҳокамадир. Илмий далиллар кўрсатиб турибдики, барчамиз ҳақиқатни тан олишимиз керак», деди.

Меркатор харитасини 1569 йилда фламанд картографи Герардус Меркатор денгизчиларга йўл топишда қулай бўлиши учун яратган эди. Орадан қарийб беш аср ўтган бўлса-да, у ҳали ҳам жаҳон стандарти бўлиб келмоқда. Бироқ Меркатор проекциясининг ўзига хос нуқсонлари сабабли экватор атрофидаги ҳудудлар асл ҳажмидан анча кичик, қутбларга яқин ўлкалар эса жуда катта бўлиб кўринади. Масалан, харитада Африка Гренландия ороли билан тенгдек туюлади, аслида эса бу қитъа мазкур оролдан 14 баравар катта.

«Африка бағрига АҚШ, Хитой, Ҳиндистон, Япония, Мексика ва Европанинг катта қисмини бемалол жойлаштириш мумкин ва шунда ҳам сезиларли жой қолади», — дейилади Change.org сайтида 11 мингдан зиёд имзо тўплаган #CorrectTheMap (#ХаританиТўғриланг) кампанияси петициясида. Африка иттифоқи ушбу ташаббусни 2025 йилнинг августида маъқуллаб, уни ҳаётга татбиқ этишни Того давлатига топширган эди.

Ўтган жума куни овоз беришдан олдин Франция ташқи ишлар вазири ҳам резолюцияни қўллаб-қувватлади. Жан-Ноэл Барро Париждаги Сорбонна университетида қилган чиқишида: «Биз Меркатор проекциясидан воз кечиб, муайян вазифаларга мослашган, ер юзи майдонларини аниқ кўрсатувчи ҳамда картографлар ва олимларнинг тавсияларига мос келадиган харита тасвирларига ўтамиз», — дея баёнот берди. Бу қадам Франциянинг ўз собиқ мустамлакалари билан алоқаларни тиклашга қаратилган ҳаракати сифатида баҳоланмоқда. Эндиликда Франция «Тенг Ер» лойиҳасига жуда яқин бўлган Эккерт IV проекциясидан фойдаланади.

Меркатор ва Эккерт IV хариталарининг қиёсланиши.
Иллюстрация: Франция ташқи ишлар вазирлиги

Тарихчи ва географлар кўп йиллардан буён Меркатор проекцияси Ғарб дунёқараши асосида шаклланганини таъкидлаб келишади. Ижтимоий фаоллар ҳам бу фикрга қўшилади, ҳатто айримлари «картографик мустамлакачилик» атамасини ишлатмоқда. Кузатувчиларга кўра, бу харита халқаро кучлар мувозанатига сезилмасдан таъсир ўтказиб, Глобал Жануб давлатларининг ҳажмини кичрайтирган ва Шимолий яримшар мамлакатларининг мавқеини бўрттириб кўрсатган. Бу ҳолат халқаро савдо, ривожланиш устуворликлари ва таълим тизимларида бирёқламаликни кучайтирган деб ҳисобланади.

Меркатор проекциясининг энг таниқли танқидчиларидан бири немис тарихчиси Арно Петерсдир. У 1973 йилда Галл-Петерс лойиҳасига асосланган дунё харитасини ишлаб чиққан ва бу чизма Меркаторга асосий муқобил сифатида ишлатиб келинади.

Equal Earth харитаси (2018 йил).
Фото: Equal-earth

Тогонинг #CorrectTheMap кампанияси халқаро картографлар жамоаси томонидан 2018 йилда яратилган «Тенг Ер» (Equal Earth) лойиҳасини оммалаштирди. Тарафдорларнинг фикрича, бу ташаббус Африка ҳақидаги тасаввурларни ўзгартиришга ва таълим тизимини мустамлакачилик қарашларидан тозалашга ёрдам беради.

Геосиёсий хавф-хатарлар бўйича маслаҳат берувчи «JS Held» фирмасининг Лондон офиси катта ходими Жей Жей Энох ҳам бу фикрга қўшилади. Унинг айтишича, Меркатор проекцияси Африканинг асл кўламини кўздан яширади. Экспорт таҳлилчиси бу ҳаракатни Африка давлатларининг «халқаро ташкилотларда кўпроқ таъсирга эга бўлиш ва қитъанинг дунёда қандай тасвирланишини ўз назоратига олиш» истаги билан боғлади. «Тенг майдонли хаританинг жорий этилиши таълим тизими ва жамият учун тўғри тушунча беради. Шунингдек, Африканинг демографик, иқтисодий ва геосиёсий ўрнини ўтмишдан қолган сохта қарашлар орқали баҳоламаслик кераклигини кўрсатади», деб таъкидлади у.

1595-1602 йиллардаги Меркатор атласидан олинган Африка харитаси.
Фото: Қироллик география жамияти/Getty Images

Того ҳукумати резолюцияни ҳаётга татбиқ этиш режасини ишлаб чиқиш мақсадида келаси йилнинг биринчи чорагида мамлакат пойтахти Ломеда йирик тадбир ўтказишни режалаштирмоқда. Унда ЮНЕСКО, Африка иттифоқи ҳамда Google Maps каби технологик компаниялар иштирок этади.

Овоз бериш жараёнидан аввал сўзга чиққан Дюссе шундай деди: «Нима учун айнан ҳозир?» деб сўраётганларга жавобим битта: «Нима учун айнан ҳозир эмас? Дунё харитасига боқиб... вазиятни ўзгартириш вақти келганини англаш лозим».

У сўзини шундай якунлади: «Биз, африкаликлар, кучимиз етадиган нарсаларни ўзгартириш учун масъулиятни ўз зиммамизга оладиган пайт келди».

Манба: The Guardian

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг