Бухоро амирининг амакиваччаси тақдири

1914 йил. Бухоро амирлигининг Ғузор қўрғонида бир ўғил фарзанд ёруғ дунёга келди. Унга Саййид Мирраҳмон дея исм бердилар. Чақалоқнинг киндигини олтин сопли қилич билан кесишган, шу сабабли Майнахон она фарзанди аржумандини чақирганда кўпинча Қилич дер эди...
Яна бор-йўғи уч-тўрт йиллик ҳаёт бу қўрғонда беташвиш, ҳаловатли кечади.
Кейин эса... Кейин «кофир келаётганмиш», «Амир тахтдан кетармиш» деган гаплар...
Шундай кунлардан бирида Саййид Мирраҳмон – Қиличнинг 15 яшар тоғаси бир юмуш билан қўрғондан чиқди ва қайтаётган чоғида номаълум отлиқ изидан эргашганини сезди. Хилват жой келганда отлиқ ўсмирга тенглашиб келди, бир оз ёнма-ён юрди, кейин унга гап отиб исми Чори эканлигини аниқлади ва... тўққиз йилки бедарак кетган акаси Аҳмаддан салом айтди. Сўнг яна дедики, яқин ҳафталарда амир Афғонистонга ўтиб кетади, улар карвон билан Бойсунга келганларида Кофрун томон қочишлари лозимлигини тайинлаб юборибди, токи жанглар пайти уларга зиён-заҳмат етмасин ва жигарлари бегона юртларга ўтиб кетмасинлар!
Хуллас, келгуси воқеалар худди шу тарзда ўтди. Ғузор карвони Бойсунга кирмасдан анча берида ўтовлар тикди. Чори ва Худойшукур тоғалар биргаликда шу ерда пайт топиб Майнахонга бор гапни айтдилар.
Сингил бир нуқтага узоқ термилиб қолди, чуқур ўйга чўмди ва охири тилга кириб деди:
– Амирнинг зурёдларини отиб ташлашармиш-ку?
– Аҳмад акам бизни ҳимоя қилади...
Уларни Бойсуннинг хилват кўчасидаги уйлардан бирига олиб боришди. Аҳмад акаларини биринчи марта шу ерда кўрдилар. У жадид кийимида эди. Вақт йўқ, шунинг учун яқинлар суҳбати жуда қисқа кечди: ярим соат ичида онанинг шоҳона либослари оддий фуқаро кийимига алмаштирилди, дабдабали салла, ҳашаматли тўн, жажжи маҳсичасини ечган Қиличхон ҳам кўз очиб юмгунча фақир боласига айланди-қолди.
Улар икки аскар ҳамроҳлигида азон маҳали Кофрунга кириб бордилар. Келишилганича Худойқул оқсоқолнинг уйига қўнишди. Аҳмад чошгоҳда етиб келиб улар билан кенгаш ўтказди, ҳуда-беҳудага гапирмаслик, тилга эҳтиёт бўлиш, иложи борича биров билан яқинлик қилмаслик, хуллас, ўзларини сездириб қўйишдан қочишлари уларга ўта муҳимлигини қаттиқ тайинлади.
Бир оз вақтдан сўнг, Майнани Раҳим деган подачига эрга бердилар. Саййид Мирраҳмон энди Қилич Раҳимов деган исм-фамилияга эга бўлди. Фаҳм-фаросатли бола ўзи олти ёшда бўлса ҳам, «Кимнинг ўғли бўласан?» деб сўрашса, нуқул қулоғига қуйиб қўйилганидек «Раҳимбойнинг» деган жавобни қайтарарди. Олдиндан айтиб қўяйлик, боланинг хавфли ўтмишидан бор-йўғи беш киши хабардор бўлган ва улар бу сирни ўзлари билан қабрга олиб кетганлар. Ахир, бу бола, амирзода, дея бир оғиз шипшитилганда-ми!
Кофрунда яшаётганларининг учинчи йили «босмачи» деган дасталар пайдо бўлди. Қишлоқ маълум муддат Анвар Пошонинг қароргоҳи ҳам бўлиб турди.
Ўша талотумларда Раҳим подачи бехос ўқ ейди ва шу заҳоти жони узилди. «Раҳим «босмачи»ларнинг хуфяси экан, қизиллар отиб ўлдирибди» деган гаплар ўрмалаб келганида Майнахон: «Энди уйим куйди, ўғлимни ҳам қамашади ёки ўлдиришади», деган ўй-фикрдан қаттиқ ларзага тушади ва кўз очиб юмгунча омонатини топшириб қўяди.
Бу ёруғ дунёда бутунлай ёлғиз қолган ўн яшар болакайни маъракалар ўтгунича тоғасиникида сақлаб турадилар, аввалбошдан устида қора булутлар айланиб турган катта тоғаси Худойшукур қамоққа олиниши арафасида уни Бойсун болалар уйига топширишга улгурадилар.
Аслзода жиян Саййид Мирраҳмон рўйхатда қайд этилишига кўра, «подачининг ўғли Раҳимов Қилич» эди.
Бола табиий зеҳнли ва тиришқоқ эди, тезда кўзга ташланди. Болалар уйидан сўнг ўша даврнинг энг керакли касби – тракторчилар тайёрлаш махсус курсида ўқийди. Хўжаликда тракторчилик қилади, машина-трактор станцияси механиги бўлади, энг муҳим касб эгаси сифатида «бронь» қилиниб урушга юборилмайди.
Тоғ халқи пастга кўчирилганида техника соҳасида тенгсиз мутахассис Қилич Раҳимов Шеробод даштини ўзлаштирувчиларнинг энг олдинги сафида эди.
Ҳаёти давомида бировнинг ҳаққига хиёнат нима эканини билмаган, ризқи бутун, қадди тик, кўркам, хотиржам, таёқдай тўғри, энг қалтис вазиятда ҳам ўзини йўқотмайдиган, одамларга таъсир ўтказа билиш қобилиятига эга бўлган бу инсон 52 ёшида, 1966 йилнинг қурбон ҳайити куни жамоат учун хизмат қила туриб бахтсиз ҳодиса туфайли оламдан ўтди.
Ундан олти ўғил, беш қиз қолди!
Шулардан бири, падари бузрукворининг вафоти пайти 13 ёшда бўлган Холмурод – оқ-қорани энди таний бошлаган бу бола, қишлоқ аҳли унинг ҳаётда ёлғиз отасини «акамлаб», «оғамлаб» йиғлаганлари, марҳумнинг иззатини чин ўрнига қўйганлари – буни кўргани-ку майли – аммо лекин эртаси куни Тожикистондан уввос тортиб келган тоға қариндошларнинг «хон жигарим». «тўрам», дея қилган нидо-йўқловларидан чунонам таъсирландики, хаёлини «Қандайига? Нега? Нима учун?» каби саволлар ўрай бошлади.
Ўсмир ёшли болага жўяли жавоблар лозим эди.
Аммо катта акалар бунинг ўрнига: «Ўтган гапларни кавлаб нима қиласан, ишингни қил, ўқишингни ўқи!», дедилар.
Кунлардан бир куни мактаб йўлида ғамгин бораётувди, қаршисидан мулла Эргаш ўтиб қолди. Боланинг афти-ангорига разм солиб, ҳол-равишини фаҳмлаган бобо эшагидан тушди, ёнига чақирди ва бошини силаган кўйи шундай сўзларни айтди:
– Сиз йиғламанг, болам. Сиз йиғласангиз, айб бўлади. Сиз катта-катта дардларни дадиллик билан ичига ютган, кўз ёшини дўст-душманга кўрсатмаган зўрларнинг невараси бўласиз, – бобо негадир ҳадик билан ён-атрофга қараб боқди ва шивирлагудек давом этди.
– Мен сизнинг бобонгиз Саид Акромхоннинг қўлларидан таом еганман!.. ...Ҳа-ҳа, ишонаверинг, болам. Мен Ғузордаги мадрасада ўқирдим. Рамазон ойлари бобонгиз ўз қўрғонларида ифторлик қилиб, унга толиби илмларни ҳам чақиртирган эканлар. Азбаройи савоб учун муллаваччаларга ўз қўллари билан емак узатар эдилар. Ўшанда жаннатмакон отангиз бир ёки бир ярим яшар гўдак эдилар. Бобонгиз Акромхонтўра Саид Олимхоннинг оталари Абдулаҳадхонга туғишган ака эдилар. Бинобарин отангиз Қиличхон амирнинг тус амакилари бўлардилар».
Боланинг кўзи ярқ этиб очилди: ич-ичини ўртаётган саволларига аниқ ва лўнда жавоблар топилганди!..
Лекин унинг бу эшитганлари ўша даврда ҳукмрон ақидаларга бутунлай тескари келарди...
Ҳали яна қанча вақтлар ўтади, Холмурод Самарқанд савдо олийгоҳига ўқишга киради, 1975 йили бўлса керак, талабалик амалиётини ўташ учун Тожикистонга юборилади ва ўша ерда... тожикистонлик тоға қариндошлар бехос эсига тушади.
Тожикистонлик қариндошлар деганда у фақат Колхозобод деган сўзни хотирада сақлаб қолган эди. Лекин барибир дўсти билан «Қайдасан, Колхозобод!» дея сафарга отланиб, сўраб-суриштириб, Тошработ деган гўзал бир манзилда йўллари очилиб, падари бузрукворининг тоғалари бўлмиш Худойшукур ва Чори боболар, Исматбой тоғаваччаси, Ҳаятуллабой деган бўласини топдилар, икки кун уларнинг гурунгида бўлдилар, маҳзун ҳикояларини обдон эшитдилар.
Меҳрибон ва оқибатли бу одамлар ҳам шўролар қонли сиёсатининг бегуноҳ қурбони эдилар – ўша томонларда жон сақлашга муваффақ бўлишган. Вақти келиб бу гурунг, суҳбатлар, отасининг ҳақиқий насаби ҳамда амирзода мансуб авлод-аждодлар сирини муборак санаб, қарийб юз йил қалбга кўмиб сақлаган барча фидойи кишиларнинг таҳликали ҳаёти ва шунга монанд турфа хил тақдир эгаларининг кечаги-бугунги кечмишлари ва яна жуда кўп-кўп нарсалар Холмурод ёзган китобдан жой олади.
Ўша китоб «Узоқ изланган ҳақиқат» номи билан чоп этилди. У бешта бўлим, 164 саҳифадан иборат, муаллифи эса кутганингиздек Холмурод Қиличев.
Сиз бу одамни яхши танийсиз. 1953 йили Кофрунда туғилган. Энг қийин, масъулиятли дамларда вилоят савдо соҳасининг турли тармоқларида ишлаган, раҳбарлик қилган. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ноиби сифатида кўп савоб ишларни амалга оширган. Шунингдек ижодкор ҳам, қалами чархланган: долзарб, ўткир мавзулар, янги, замонавий фикрлар, жўяли таклифлар акс этган мақолалари вилоят ва республика матбуотида чиқиб туради.
Англаганингиздек, эндиликда у насл-насабини жуда яхши билиб олган, зеро мозийга ўтиб иш қилиш хайрли, ўзининг етти пуштини(яъни илдизларини) билиш фарз ҳам савоб: Холмурод Қиличев шавкатли Бухоро давлатини бошқарган манғитлар сулоласининг 177 йиллик тарихида олтинчи ҳукмдор бўлмиш Музаффархон билан тўрт воситада боғланади, отаси Саид Мирраҳмон (Қиличхон) ҳамда бобоси Саид Акромхон тўра орқали бобокалони бўлмиш Амир Музаффархонга туташади.
Аммо, асосий гап ушбу олий насл-насаб ришталарининг аъмоли миллат ўзагини ташкил этишида, булар ҳам улуғ тарихимизнинг давомли долғалари ҳисобланишида!
Холмурод Қиличев узоқ изланган ҳақиқатини топгани ва бу билан ўтган ота-боболар руҳини шод этгани рост бўлсин! Унинг қаламига мансуб «Узоқ изланган ҳақиқат» китобини ўқийлик, китобда тасвири берилган воқеалардан зарур ибратлар олиб, мустақилликнинг буюк неъмат эканини барча – кексаларимиз ва ёшларимиз, эркакларимиз ва аёлларимиз чин юракдан ҳис этишлари, қалбан англашлари учун ҳиссалар қўшайлик!
Абдулла Холмирзаев,
Термиз.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter