Бухоро энергетикасида янги босқич: шамолдан электр энергияси
«Бухоро вилоятидаги Баш ва Жонгелди массивларида барпо этилган шамол электр станциялари бугун мамлакатнинг «яшил» энергетика салоҳиятини юксалтиришга хизмат қилмоқда»,—дея «Xabar.uz»га маълум қилди вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Олимжон Жўраев.
Таъкидланишича, Бухоро вилояти Ғиждувон тумани марказидан қарийб 180 километр узоқликда жойлашган Кўкча массивининг Баш ҳудудида Саудия Арабистони Қироллигининг «Acwa Power» компанияси инвестицияси асосида барпо этилган шамол электр станцияси тўлиқ қувватда ишламоқда. Жонгелди ва Баш массивларини қамраб олган, умумий қиймати 650 миллион АҚШ долларига тенг мазкур лойиҳа мамлакат энергетика соҳасидаги энг йирик халқаро инвестиция дастурларидан бири ҳисобланади.
Лойиҳа доирасида жами 158 та шамол турбинаси ўрнатилган. Маълум бўлишича, улар жорий йилдан бошлаб, йилига қарийб, 4 миллиард киловатт-соат экологик тоза электр энергияси ишлаб чиқариш имкониятини яратади. Бу ҳажм мамлакатда истеъмол қилинаётган электр энергиясининг қарийб 6,5 фоизини таъминлашга қаратилган. Ишлаб чиқарилаётган энергия юз минглаб хонадонлар, ижтимоий объектлар ва саноат корхоналарини барқарор электр таъминоти билан таъминлашга ҳисса қўшмоқда.
Бухоро вилояти Энергетика бошқармаси масъулларининг таъкидлашича, мазкур лойиҳа электр энергияси ишлаб чиқариш қувватини ошириш, атмосферага зарарли газлар чиқиндисини камайтириш, табиий газ тежамкорлигини таъминлаш ва қайта тикланувчи энергия манбаларининг улушини кўпайтиришда муҳим ўрин тутади.
— Мазкур мажмуа замонавий рақамли бошқарув тизимлари асосида фаолият юритади. Шамол тезлигига қараб, автоматик тарзда ишлайди. Бу эса электр энергиясини барқарор ишлаб чиқариш, ускуналар хавфсизлиги ва самарадорлигини таъминлаш имконини беради. Шунингдек, станциянинг ишга туширилиши қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш улушини ошириш билан бирга, табиий газ тежалиши ва атмосферага чиқариладиган зарарли газлар ҳажмини қисқартиришга ҳам хизмат қилмоқда,—дейди Шамол электр станцияси мутахассиси.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter