Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Чанг ва қум бўронларига қарши курашда аёлларнинг ҳуқуқлари муҳокама қилинди

Чанг ва қум бўронларига қарши курашда аёлларнинг ҳуқуқлари муҳокама қилинди

БМТ Конвенцияси (CRIC-21) ижросини кўриб чиқиш қўмитасининг 21-сессияси доирасида гендер тенглик мавзусига бағишланган ялпи мажлис бўлиб ўтди. Унда чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши курашда хотин-қизларнинг ўрни, ер ресурсларидан фойдаланишда гендер тенгликни таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.

«Статистикага қарайдиган бўлсак, бугунги кунда ер юзида оғир меҳнат билан шуғулланаётганларнинг кўп қисмини хотин-қизлар ташкил этади. Аммо улар ер ресурсларининг жуда кам қисмига эгалик қилишади. Бугунги сессия айнан ана шу гендер нотенгликка чек қўйиш, хотин-қизларнинг ҳуқуқларини мустаҳкамлашга бағишланган, — деди БМТнинг чўлланишга қарши кураш тўғрисидаги конвенцияси ижрочи котиби Ксения Скленлон. — Гендер тенглик қурғоқчилик, очарчилик ва ерларнинг деградациясига қарши курашда барқарор, прогрессив ва мазмунли ҳаракатларни амалга ошириш учун жуда муҳимдир. Мақсадимиз аёлларнинг айнан ер юзидаги соғлом ҳаётни сақлаб қолиш борасидаги ваколатларини кенгайтиришдир».

Тадбир давомида гендер тенгсизлик аёлларнинг ресурслардан фойдаланишларига, бу борадаги билим ва кўникмаларини мустаҳкамлашларига тўсқинлик қилиши алоҳида таъкидланди. Гендер тенглик эса ўз навбатида хотин-қизларга тупроқ емирилишини сақлаб қолиш, дарахт экиш каби барқарор ерни бошқариш амалиётига сармоя киритиш имкониятини бериши қайд этилди.

Шунингдек, дунё бўйича ерга тенг эгалик ҳуқуқи йўқлиги, ресурслар, ахборот, технологиялар ва молиявий хизматлардан фойдаланиш ҳамда қарорлар қабул қилишда аёллар маълум тўсиқларга дуч келаётганли, шунинг учун ҳам чанг ва қум бўронларига қарши курашиш ва ер деградациясини тўхтатиш учун гендерга мос ва гендерни ўзгартирувчи чора-тадбирларга алоҳида эътибор қаратилди.

«Чўлланишнинг олдини олишда сувни тежаш жуда муҳим ҳисобланади. Сувни эса, асосан, аёллар тежайди. Қолаверса, экологик муаммоларни бартараф этиш учун ечим излаётган олимлар орасида хотин-қизларнинг сони ортиб бормоқда. Бугун аёллар илмий изланишлар ўтказиб, қурғоқчилик, очарчилик, ерларнинг деградацияга учраши каби муаммоларга қарши ўринли ечимлар таклиф қилишмоқда, — деди Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Атроф-муҳит ва табиатни муҳофаза қилиш технологиялар илмий-тадқиқот институти биологик хилма-хилликни сақлаш лабораторияси бошлиғи Адолат Ўринова. — Хусусан, бизнинг институтимизда ҳам олима аёллар чўлланиш, ер деградациясининг олдини олиш, Оролнинг қуриган тубида чўлга чидамли ўсимликларни экиш, кўпайтириш борасида илмий изланишлар олиб боришяпти».

Тадбир давомида аёлларнинг, айниқса, қишлоқларда яшовчи хотин-қизларнинг ердан тенг фойдаланиши ва эгалик қилишини янада рағбатлантириш ва бу борадаги хавфсизлигини яхшилашга муҳим эканлиги қайд этилди. Якунда экологик муаммоларни бартараф этишда гендер тенгликни таъминлаш борасидаги чора-тадбирларни изчил давом эттириш, бу борадаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга келишиб олинди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг