Давлат бошқарувида хотин-қизларнинг улуши қанча бўлиши керак?
Маълумотларга кўра, Ўзбекистон аҳолисининг 50 фоизини: шундан 29 фоизини – 14 ёшгача, 28 фоизини – 15-30 ёшгача, 21 фоизини – 31-45 ёшлилар, 15 фоизини – 46-60 ёшлилар ҳамда 7 фоизини – 60 ёшдан катта аёллар ташкил этади.
Бугунги кунда БМТга 120 дан зиёд мамлакатда гендер квотаси мавжуд. Хусусан, Марказий Осиёда Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистонда сиёсий партиялар томонидан кўрсатилган номзодларнинг умумий сонидан аёллар учун 30 фоизли квоталар қонунийлаштирилган.
Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 70 ва 91-моддаларига мувофиқ, аёлларнинг сони сиёсий партиядан кўрсатилган депутатликка номзодлар умумий сонининг камида ўттиз фоизини ташкил этиши белгиланган.
Марказий сайлов комиссиясининг маълумотларига кўра, 2019 йил 22 декабр куни ўтказилган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлар сайловларида номзодлар кўрсатиш жараёнида сиёсий партиялар томонидан мазкур талабга риоя қилинди. Хусусан, 150 та сайлов округидан 750 нафар номзод рўйхатга олинган бўлиб, уларнинг 41,4 фоизини (310 нафарини) аёллар ташкил этган.
Парламент қуйи палатасида 48 нафар аёл (32 фоиз) депутат бўлса, юқори палатасида 24 аёл (24 фоиз) сенаторлар ишлаб келмоқда. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар кенгашларига янги сайланган депутатларнинг 247 нафари (30 фоиз), туман ва шаҳар кенгашларида – 1 422 нафари (25 фоиз) аёллар фаолият юритиб келмоқда.
Бироқ, амалга оширилаётган ислоҳотларга қарамай, аёлларнинг давлат бошқаруви органларидаги салмоғи камлигича қолмоқда. Хусусан, Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 2022 йил 2 март куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида давлат идораларида ишлаётган раҳбар аёллар улуши 10 фоиздан ошмаётганлигини таъкидланган. Шунингдек, маҳалий кенгаш депутатлари орасида аёллар сони оз миқдорни ташкил қилиниши, ҳудудларда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, қийнаб келаётган муаммоларини кенгашларда кам муҳокама қилинишига сабаб бўлади. Боиси, ҳуқуқ ва эркинликлари бузилган ёки жамиятдаги муаммоларга дуч келган хотин-қизлар ўз масалаларини аёл депутатларга бир мунча осон баён қилиши тажрибаларда кузатилган.
Бугунги кунга келиб Испания, Финляндия ва Франция каби давлатлар бошқарув лавозимларида аёлларнинг улуши 50 фоизни ташкил этмоқда. Австрия, Белгия ва Қўшма Штатлар ҳам ҳукумат таркибидаги аёллар сони 2017 йилдан бери сезиларли ошган, ушбу кўрсаткич 29 фоиздан кўпроқни қайд этиб келмоқда. Шунингдек, Венгрия, Корея ва Португалия давлатларида аёллар улуши эса 18 фоизни ташкил қилмоқда.
Финляндияда сиёсий партияларида ассоциация сифатида рўйхатдан ўтган аёллар ташкилотлари мавжуд. Улар партиянинг йиллик йиғилишларида, бошқарув кенгашга сайланишда иштирок этади. Сиёсий партиялардаги хотин-қизлар ташкилотлари фаолияти давлат томонидан молиялаштирилади. Амалда ҳар тўрт йилда бир марта парламент сайловларидан сўнг ва коалицион ҳукумат музокараларида «аёлларга хос тадбирлар»га сарфланадиган харажатлар белгилаб олинади. Бугунги кунда ушбу харажатлар партиянинг сиёсий фаолиятни молиялаштиришнинг 10 фоизни ташкил этади.
Норвегияда 1978 йилда Парламент «Гендер тенглиги тўғрисида»ги Қонунни қабул қилди ва ушбу қонунга 2016 йилда раҳбарлик ва бошқарув лавозимларида аёллар сонини кўпайтиришга оид бир қатор ўзгартиришлар киритилган. Хусусан, аёллар ва эркакларга таълим олишда, ишга жойлашишда, маданий ва касбий юксалиш (меритократия)да тенг имкониятлар берилган. Барча давлат қўмиталари, кенгашлар ва бошқа давлат органларида ҳар бир жинсдаги аъзоларнинг камида 40 фоизи бўлиш талаби белгилаб қўйилган. Бугунги кунда ҳукуматнинг 18 нафаридан 7 нафари (39 фоиз) аёллар ташкил этади. Ҳукумат «Консерватив» ва «Тараққиёт» партияларидан («Христиан-демократлар» ва «Сўл» партиялари кўмагида) ташкил топган бўлиб, учтасини аёллар бошқаради.
Исландияда қабул қилинган «Аёл ва эркакларнинг тенг мақоми ва тенг ҳуқуқлари тўғрисида»ги Қонуннинг 15-моддасига асосан давлат ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларида, кенгашларида лавозимга тайинлашда эркаклар ва аёлларнинг имкон қадар тенг миқдорини таъминлашга, бир органда уч нафардан ортиқ вакил бўлса, 40 фоиздан кам бўлмаслик талаби белгиланган. Ушбу норма давлат ёки муниципалитетга тегишли бўлган очиқ акциядорлик жамиятлари ва корхоналар бошқарувларига ҳам тегишли ҳисобланади.
Австрия давлат хизматида аёллар доимий равишда рағбатлантирилиб келинади. «Тенг муносабатда бўлиш тўғрисида»ги Федерал қонунга асосан давлат органларида аёлларнинг улуши 50 фоиз кам бўлмаслик талаби иш берувчига юклатилади. Агар тегишли давлат органидаги аёлларнинг улуши 50 фоиздан кам бўлса, аёллар айнан ўша идоравий секторда кам вакил сифатида тавсифланади. Аёллар кам вакил бўлган ҳолларда, тегишли муассасалар аёлларни меҳнатга жалб қилиш ва рағбатлантириш орқали ушбу вазиятни ҳал қилиш учун чора кўриши талаб этилади. Ушбу 50 фоизлик чегарага эришилгунга қадар, аёлларни ишга олиш ва лавозимга кўтарилиши доимий амалга оширилишини талаб этади.
Қолаверса, Испанияда «Гендер тенглиги тўғрисида»ги 2007 йил 22 мартдаги қонуни партияларга барча сайлов рўйхатларида номзодларнинг камида 40 фоизини аёллар ташкил этиш мажбуриятини юклайди. БААда Президентнинг 2019 йилдаги 1-сон қарори билан парламентда ҳар бир амирлик умумий вакилларининг камида 50 фоизини аёллар ташкил қилиш лозимлиги белгиланган. Францияда муниципал сайловда қонун битта эркакка битта аёл нисбатини талаб этади. Ҳозирги вақтда муниципал мажлисларида бу масалада қатъий тенглик амал қилмоқда. Украинада 2020 йилги сайловларда сиёсий партиялардан номзод кўрсатиш ва рўйхатни шакллантиришда 40 фоизлик мажбурий квота қонунчиликда белгиланди ва ўз самарасини кўрсатди.
Таъкидлаш жоизки, халқаро миқёсда парламентда аёллар салмоғини ошириш учун мажбурий ёки ихтиёрий гендер квоталарини белгилаш ёхуд аёлларга захира ўринларини ажратиш усулларидан кенг фойдаланилади. Бундай талаблар парламентда аёлларнинг вакиллигини «тезкорлик билан кузатиб бориш» учун зарур ва самарали восита сифатида кўрилади.
Мажбурий номзодлик квоталари сайлов қонунчилигида номзодлар рўйхатига киритилиши лозим бўлган аёлларнинг энг кам улушини белгилайди. Дунё бўйлаб 60 та давлат ва ҳудудлар қонун билан белгиланган депутатликка номзодлар квотасидан фойдаланади. Бу квоталар одатда барча партиялар учун номзодлар квотасини шакллантиришнинг мажбурий шакли ҳисобланади.
БМТТД тавсиясига кўра, ўз навбатида давлат ҳам парламентда ўринга эга бўлган ва гендер квотасини бажарган сиёсий партияларга қўшимча молиявий ёрдам ажратиши орқали уларни сайловлар давомида гендер тенгликни таъминлашга ундаши мумкин. Гендер квотасини бажарган сиёсий партиялар ўзларининг фаолиятларини молиялаштириш учун бюджетдан қўшимча маблағ олиш имкониятига эга бўладилар ва шу сабабли аёлларни жалб қилиш учун мотивацияга эга бўладилар.
Қонунчиликка кўра, номзодлик квоталари давлатга сиёсий партияларни қабул қилинган стандартга риоя қилишга мажбурлаш учун жазо чораларини қўллаш имкониятини беради.
Бошқача айтганда, сайловга номзодлар учун квоталарни қонунчиликда белгилаган 60 та давлат ва ҳудудлардан 34 тасида (57 фоиз) квота талабларига риоя этмаганлик учун жавобгарлик чоралари кўзда тутилган. 8 та давлат (13 фоиз) эса бунинг учун молиявий санкцияларни назарда тутади.
Таъкидлаш жоизки, қонунчилигимизда айнан депутатликка ва халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари аъзолигига кўрсатиладиган номзодлар учун белгиланган квоталар талабларига риоя этмаганлик учун жавобгарлик кўрсатиб ўтилмаган.
Сайловларга ихтиёрий квоталар Европанинг кўплаб мамлакатларида тобора оммалашиб бормоқда. Унга кўра, ҳар қандай сиёсий партия сайловларда ўз рўйхатига гендер квоталари киритиши мумкин. Мисол учун, Швецияда кўплаб сиёсий партиялар «ҳеч бир жинсдагилар 40 фоиздан кам бўлмаслиги керак» қоидаси кўринишида ихтиёрий партиявий квоталарни жорий қилган. Ихтиёрий партиялар квоталари Австралия, Германия, Жанубий Африка ва Буюк Британия каби турли мамлакатларнинг миллий парламентларида аёллар вакиллигини сезиларли даражада оширган. Тахминан 37 та мамлакат
ва ҳудудларда бир ёки бир нечта партиялар ихтиёрий партиялар квотасидан фойдаланилади.
Ташқи алоқалар кенгаши томонидан «Хотин-қизлар ва ташқи сиёсат дастури» доирасида ишлаб чиқилган Аёллар кучи индексига (Women’s Power Index) кўра, БМТга аъзо 193 та мамлакатдан Ўзбекистон 78 ўринни эгаллашига қарамай, Ҳукуматда аёлларнинг улуши 3 фоизни ташкил қилган бўлса, маҳаллий давлат ҳокимияти органларида аёлларнинг иштироки юзасидан аниқ маълумотлар белгиланмаган.
Маълумот учун: мутахассисларнинг таъкидлашича, 193 та дунё мамлакатларининг 14 тасида (асосан Европа мамлакатларида) ҳукумат таркибида аёллар улуши камида 50 фоиздан иборат. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳисоб-китобларига кўра, қарор қабул қилишда аёлларнинг «зарур массаси» 30 фоизни ташкил этиши керак. Бу даражадаги аёллар вакили 1995 йилги Пекин Ҳаракатлар Платформаси томонидан ҳам ўрнатилган.
БМТнинг Бутунжаҳон федерацияси тавсиясига кўра, маҳаллий даражадаги лавозимларга аёлларни тайинлаш ёки сайлаш уларни юқори даражадаги давлат лавозимларига зарур бўлган кўникмаларига эга бўлишига олиб келади.
Сиёсатда аёллар иштирокини ошириш бўйича қатор давлатлар ўзининг механизм ва сиёсатларини ишлаб чиққан, БМТТД, БМТ Аёллар, ЕХҲТ, ИҲТТ, Гендер тенглик бўйича Европа институти каби халқаро ташкилот ва муассасалар ўз тавсияларини ишлаб чиққан. Улар орасида қуйидагиларни кўрсатиш мумкин:
1. Сиёсий партияларнинг гендер сиёсати. Партия ичида ўзининг квоталарининг белгиланиши турли босқичларда хотин-қизларни сиёсатга жалб этишда сиёсий партияларнинг муҳим ролини кўрсатади. Масалан, Малта Лейбористлар партияси 1990 йиллардан бошлаб партиядан сайлов рўйхатларини тузишда 20 фоиз аёллар учун квота ажратишни ҳамда миллий даражада партия ижроия қўмиталари раҳбарларининг учдан бир қисми (12 нафардан 4 нафари) аёллар бўлиши каби қоидаларни жорий этган. Партиянинг ушбу стратегияси сезиларли натижаларни қўлга киритишга сабаб бўлди: ҳозирги кунда Малта парламенти депутатларининг учдан икки қисмини аёллар ташкил қилади.
Партияда гендер аудитни ўтказиш орқали аёлларнинг иштироки партияга сиёсий майдонда қандай ёрдам бериши мумкинлигини аниқлаш мумкин. Бундай аудитлар натижасида аёлларга карьерада ўсиш ва жамиятга танилиш имкониятини яратувчи партия дастурлари ва сиёсат ишлаб чиқилади. Шу жумладан, партияларга партия иши билан банд болали аёлларни қўллаб-қувватлаш учун турли жамғармалар тузиш тавсия қилинади.
2. Фракциялараро ассоциациялар ва гуруҳлар. Гендер тенгликни таъминлашни мақсад қилиб олган фракциялараро ассоциациялар ва гуруҳлар аёлларга сиёсатдаги муҳим масалаларни кўтаришга, жамиятга танилишда, бошқа депутат аёлларни қўллаб-қувватлашда, турли гендер билан боғлиқ камситишларга қарши туришда ёрдам беради. Бундай бирлашмалар ўзаро ёрдам кўрсатиш
ва гендер тенглиги бўйича ечимларни ишлаб чиқиш учун муҳим платформа ҳисобланади.
3. Мураббийлик. «Катта сиёсат»дан ҳадиксираш, ўзининг қобилиятларини шубҳа остига қўйиш, стереотиплар ва бошқа жиҳатлар аёлларнинг сиёсатга киришига тўсқинлик қилади. Махсус мураббийлик (шу жумладан, сиёсий партиялар томонидан ишлаб чиқилган) дастурлари бундай аёлларга кўпроқ тажрибага эга бўлган сиёсатчи аёллардан ўрганиш, аёл депутат ёрдамчиси бўлиш орқали ўз малакасини оширишга ёрдам беради. Мураббийлик дастурлари аллақачон депутат бўлиб сайланган аёлларга ҳам фойдали бўлиши мумкин, бундай дастурлар уларга ўз салоҳиятини рўёбга чиқаришга, шунчаки депутат эмас, балки лидерга айланишига ёрдам беради.
4. Аёллар учун тренинг ва лидерлик дастурлари. Аллақачон лавозимда бўлган аёллар ва эндигина сиёсий фаолиятини режалаштираётган аёллар учун турли хил тренинг ва етакчилик дастурларига ҳам эътибор бериш керак. Бундай дастурлар аёлларга нафақат бюджетни тушуниш ва қарорлар лойиҳасини тузишни ўргатади, балки улар учун мулоқот доирасини кенгайтириш, ўзига ишончга эга бўлиш, ўзини ҳимоя қилиш механизмларини ўрганиш, қатъиятли бўлишга ёрдам беради ва шу тариқа аёл сиёсатчиларни шакллантиришга хизмат қилади.
Юқоридагиларга кўра, давлат бошқарувида хотин-қизлар улушини ошириш учун сиёсий партияларнинг иштирокини янада кенгайтириш юзасидан қуйидаги таклифларни илгари суриш мумкин:
1. Сиёсий партияларнинг аёллар ижтимоий ҳимоясини таъминлашга доир дастурларини амалга оширишда моддий ёрдам ажратиш.
2. Сиёсий партиялар томонидан ўз фаолияти, шу жумладан партиянинг кадрлар сиёсатини олиб бориш юзасидан гендер аудитни ўтказиш тартибини жорий этиш.
3. Сиёсий партиялар қошида аёллар учун ўз қобилятини ривожлантиришга оид махсус мураббийлик, лидерлик дастурларини йўлга қўйиш.
4. Сайлов кодексининг 70 ва 91-моддаларида аёлларнинг сони сиёсий партиядан кўрсатилган депутатликка номзодлар умумий сонининг камида қирқ фоизини ташкил этишини белгилаш.
5. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексида депутатликка ва халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари аъзолигига кўрсатиладиган номзодлар учун белгиланган квоталар талабларига риоя этмаганлик учун маъмурий жавобгарлик белгилаш.
6. Қуйи бўғинларда раҳбарликка номзодлар аёллар билан етакчилик қобилятини ошириш бўйича услубий тренингларни доимий ўтказиш.
7. Янги сайланган ёки тайинланган раҳбар аёллар учун иш билан бир вақтда бирга олиб бориладиган алоҳида махсус ўқув курсларини йўлга қўйиш.
Бобуржон Донаев
Адлия вазирлиги маъсул ходими
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter