Демократиянинг «қон айланиш тизими» — сўз эркинлиги бўйича эътирозлар ўринлими?
Президентлик сайлови кампанияси даврида «Сўз ва матбуот эркинлиги чекланмоқда», «Сайлов жараёнида очиқлик ва шаффофлик лозим даражада эмас» деган иддаолар қанчалар асосли?
Сайлов жараёнларини кузатиб бораётган эксперт сифатида айтишим мумкинки, ушбу фикрлар бир ёқлама ва асоссиз.
Ўзимни фикримни ортиқча бўёқларсиз асослашга ҳаракат қиламан.
Аввало, инсон ҳуқуқларига сўз ва матбуот эркинлигисиз эришиб бўлмайди. Буни ҳаммамиз биламиз. Ўзбекистонда оммавий ахборот воситаларини ривожлантириш, журналист ва блогерларнинг эркин фаолият юритиши ва ижод қилишлари учун имкониятлар изчил такомиллаштириб борилмоқда.
Мустақил ва холис оммавий ахборот воситалари, блогерлар – бугунги кунда халқимиз орасида юриб, уни қийнаётган муаммоларни дадил кўрсатиб бераётган муҳим ва самарали кучга айланиб улгурди.
Бундан ташқари, бугун ахборот маконида нафақат оммавий ахборот воситалари, балки давлат органлари ва мансабдор шахслар ҳам фаол бўлиши, ахборотни беришда тезкорлик ва аниқликка амал қилиши жамоатчилик талабига айланди.
Жамиятдаги очиқлик-ошкоралик, янги демократик ўзгаришлар мансабдорларни тарбияламоқда. Уларни янги объектив реалликларга мослашишга мажбур қилмоқда.
Маълумот учун: кўплаб вазирлик ва идораларда ахборот хизматлари замон талаблари асосида қайтадан, 201 та туман ва шаҳар ҳокимликларида эса биринчи марта ташкил этилди.
«Open data Inception» маълумотига кўра, жаҳон мамлакатлари орасида Ўзбекистон 99 та очиқ маълумотлар манбалари билан очиқ маълумотлар манбалари сони мавжудлиги бўйича жаҳонда 5-ўринни эгаллади. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Open Data Inventory (ODIN) очиқ маълумотлар рейтингида 63 баллни тўплаган ҳолда мазкур рейтингда 125 позицияга кўтарилиб, дунёда 44 ўринни эгаллаб турибди.
Эркин ахборот муҳитини шакллантириш, ахборот хилма-хиллигини барпо этиш ва ривожлантириш ҳам ҳуқуқий, сиёсий, ҳам мафкуравий, ҳам хавфсизлик масаласидир. Шу сабабли, давлат ва жамият ушбу соҳада демократик янгиланишлар ва ўзгаришларнинг изчил давом этишидан бирдек манфаатдор.
Сўз ва ахборот эркинлигини таъминлашга қаратилган ислоҳотларга мисол сифатида ОАВни рўйхатдан ўтказиш учун тўловнинг миқдори сезиларли даражада камайтирилгани, ҳужжатларни электрон шаклда топшириш йўлга қўйилаганини айтиш мумкин.
Бу эса масс-медиа соҳасида рақобат муҳити, фикрлар хилма-хиллигини ривожлантиришга, ахборот олиш ресурсларининг профессионаллигини ошишига хизмат қилди.
Жорий йилнинг энг муҳим мавзуси – Президентлик сайлов кампаниясида ҳам сўз ва матбуот эркинлиги, очиқлик ва шаффофлик тўлиқ таъминланмоқдами?
Эркин ва демократик жамиятда мазкур ҳуқуқни таъминлаш мустақил ва плюралистик оммавий ахборот воситаларини тақозо қилади.
Сайловларнинг очиқлиги ва ошкоралигини таъминлашда оммавий ахборот воситалари жуда муҳим ўрин тутади.
Сиёсий партиялар, Президентликка номзодларнинг оммавий ахборот воситалари билан сайлов жараёнидаги муносабатлари нималарда кўринади, деган ҳақли савол туғилади. Бунда оммавий ахборот воситаларининг сайлов кампаниясидаги энг муҳим роли сайловолди ташвиқот босқичида намоён бўлади.
Жорий йилги Президентлик сайловларида номзодларнинг таклифлари, ғоялари нафақат ОАВларида, балки ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилинмоқда. Бу борада зиёлилар, экспертлар фаоллигини ҳам алоҳида эътироф этиш жоиз.
Бундан ташқари сайлов жараёнида очиқлик ва ошкораликни таъминлашда ОАВ дан ташқари сайлов комиссиялари, Халқаро кузатувчилар, сиёсий партиялар, ўзини-ўзи бошқариш органлари ҳам фаол қатнашмоқда.
Сайловолди кампаниясининг таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, Президентликка номзодлар учун қонунчиликда белгиланган нормаларга мувофиқ равишда тарғибот фаолиятини амалга ошириш учун тенг шароитлар яратилган.
Сайлов жараёнининг барча босқичлари ҳақида маълумотлар ОАВ, интернет нашрлари ва ижтимоий тармоқлар орқали бериб борилмоқда. Масалан, 14 октябрь санасида бошланган муддатидан олдин овоз бериш жараёни ҳақида дунёнинг турли нуқталарига йўл олган МТРКнинг 10 дан ортиқ жамоалари тўғридан-тўғри репортажларни олиб бормоқда.
Яна бир муҳим янгилик, 14 октябрдан бошлаб, Президент сайлови учун «Халқаро медиа-холл» мулоқот майдони ташкил этилди. 60 та лойиҳани ўз ичига олган медиа-холл «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи билан ҳамкорликда ташкил этилган. Бу ерда сиёсий партияларнинг дастурлари тақдимоти, расмий вакиллар ва экспертлар иштирокида мулоқотлар, баҳс-мунозаралар, брифинглар ўтказилиши кўзда тутилган.
Бундан ташқари, МСК томонидан 207 та сайлов участкасида сайлов жараёнини видео-трансляция қилиш белгиланди. Сайлов жараёнида замонавий ахборот технологияларидан фойдаланиш очиқлик ва ошкораликни таъминлайди.
Бугунги кунга қадар аккредитациядан ўтказилган маҳаллий ОАВ вакиллари жами 1419 нафар, хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари эса 146 нафарни ташкил этмоқда. Бу эса Президентлик сайловига қизиқиш ортиб бораётганини яна бир бор тасдиқламоқда.
Келтирилган фикрларга таяниб айтиш мумкинки, Президентлик сайлов кампанияси даврида холис ахборотларни кенг, тезкор ва эркин тарқатиш амалдаги сайлов қонунчилиги ва халқаро сайлов стандартлари асосида эмин-эркин, демократик тарзда амалга оширилмоқда.
Бекзод Нариманов,
Тошкент давлат юридик университети
Конституциявий ҳуқуқ кафедраси доценти.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter