«Дешон қалъа» халққа қайтарилмоқда

Ўзбекистон қадим тарихдан гувоҳлик берувчи ноёб обидаларга бой. Хоразм вилоятидаги «Ичан» ва «Дешон» қалъалар ана шундай масканлардан ҳисобланади.
1842 йилда Хива хони Оллоқулихон буйруғи билан барпо қилинган «Дешон қалъа», афсуски, бугунги кунда жуда хароб аҳволга келиб қолган. Узунлиги 6200 метр бўлган деворнинг 2000 метр қисми бутунлай вайрон бўлган, 2500 метр қисми эса яроқсиз ҳолга келган. Бундан ташқари, девор атрофида узоқ йиллар мобайнида бир қанча ноқонуний қурилишлар амалга оширилган. Оқибатда «Дешон қалъа» девори атрофида юриш учун умуман майдон қолмаган.
Бугунги кунда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги томонидан «Дешон қалъа»ни ҳам айнан «Ичан қалъа»га ўхшаш сайёҳлик объектига айлантириш, хусусан, харобага айланган деворни қайта тиклаб, яшил майдонларга тўла маскан сифатида аҳолига қайтариш мақсад қилинган.
Маълумот учун, «Ичан қалъа» — Ўзбекистоннинг энг диққатга сазовор масканларидан бири ҳисобланади. Мажмуада сайёҳларни ўзига жалб қиладиган 58 маданий мерос объекти ва археологик ёдгорликлар, 28 дан ортиқ экспозиция, 56 670 тарихий экспонат ва ашёлар, 174 ҳунармандчилик дўкони мавжуд. 2024 йилда «Ичан қалъа»га 1 млн нафарга яқин хорижий ва 3,5 млн нафарга яқин маҳаллий сайёҳлар ташриф буюрган. 2025 йил якунига қадар эса 2 млн нафар хорижий ва деярли 5 млн нафар маҳаллий сайёҳлар ташриф буюриши кутилмоқда.
«Дешон қалъа»нини сақлаб қолиш мақсадида Хива шаҳрининг «Шихлар» маҳалласидаги 55 та турар ва нотурар объектларни бошқа ҳудудларга кўчириш белгиланган. Уларнинг ўрнида эса «яшил майдонлар» ва «яшил боғлар» барпо қилиш, дарахт экиш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини олиб бориш кўзда тутилган.
Қолаверса, қалъа девори миллий андозалар асосида қайта тикланиб, эски ҳолатига қайтарилади ва атрофида 1,5-2,0 метр ҳудудда йўлаклар очилади. Шунингдек, ушбу ҳудудга туташ бўлган «Шихлар» ва «Ангарик» маҳаллаларида замонавий сайёҳлик мажмуаси ҳам барпо этилади.
Бу каби чора-тадбирлар нафақат «Дешон қалъа»ни сақлаб қолиш, балки унинг туризм салоҳиятини оширишга ҳам хизмат қилади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter