Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Девор ортидаги ҳақиқатлар»дан таъсирланиб...

«Девор ортидаги ҳақиқатлар»дан таъсирланиб...

Замонавий ўзбек адабиётида ўзига хос дунёқарашга ва салмоқли фикрларга эга ижодкорлардан бири, шубҳасиз, Мақсуд Жонихоновдир. Журналист ҳаёти давомида инсоннинг ўзгарувчан руҳияти, жамиятдаги кучли зиддиятлар ва яширин ҳақиқатларни теран бадиий ёндашув билан акс эттиришга ҳаракат қилиб келмоқда.

Унинг мақолаларида оддий одамларнинг мураккаб тақдири, ижтимоий муаммолар ва инсоний қадриятлар ўзининг чуқур ифодасини топган.

Олийгоҳимиз кутубхонасида қўлимга тушиб қолган муаллифнинг «Девор ортидаги ҳақиқатлар» тўплами М.Жонихонов ижодининг ёрқин намуналаридан бири бўлиб, унда адиб ҳаётий тажрибаси ва руҳий кузатувчанлиги ўзининг юксак бадиий ифодасини топади. Асарда эътиборга молик адиб, журналист, ижодкорлар ҳаёти, Ватанимизга қўшни ўлка Озарбайжон билан яқин муносабатлари, мамлакатимизда юритилаётган жадал ислоҳотлар ўзига хос бўёқларда ёритилганини кўришимиз мумкин. Лекин улардаги бир умумийлик ўқчизиқ бўлиб кўзга ташланади, яъни асардаги ҳар бир мақола журналистнинг кўрганлари ва бевосита амин бўлганлари асосида ёзилган.

Китобдан жой олган мақолаларни бирма-бир ўқир эканмиз, унинг сарлавҳаси нега «Девор ортидаги ҳақиқатлар», дея номланганини тушуниб, англай бошлаймиз. М.Жонихонов ҳақиқатни расмий ҳодиса сифатида эмас, балки ҳар бир инсон юрагида ўз виждони билан уйғунлашган муқаддас туйғу сифатида тасвирлайди. Кўринар-кўринмас тўсиқлар, ҳақиқат ва ёлғон оралиғидаги мураккаб дунёни бадиий қудрат, ўзининг гўзал сезимлари билан очиб беради.

«Абдуллажондан ўқинг...», «Жимми – Митҳун Чакраборти», «Ушал дамлар, ушал дамлар», «Бошқача тарбия» каби мақолаларда журналист ўз болалик йиллари ҳақида илиқ ва самимий хотираларини тилга олади. Ушбу саҳифаларда биз журналистнинг ёшлик дунёсига назар ташлаганини, ўша беғубор ва самимий йилларни илиқ энтикиш ва ҳаяжон билан хотирлашини кузатамиз. У ўз ўй-фикрлари орқали тамаки экилган баҳор далалардаги ўзбек деҳқонининг ташвишларини, куз фаслида авж оладиган намчил сувоқгарчилик ишлари машаққатларини танқидий назар билан баҳолаб, шунингдек, ўша давр кинозалларида намойиш этиладиган ҳаяжонли ҳинд фильмларининг сеҳрли саҳналарини катта орзиқиш ва тўлқинланиш билан ёдга олади.

Асарнинг дастлабки саҳифаларидан эътиборимизни қардош Озарбайжоннинг кўз илғамас хилқатлари, давлатларимиз ўртасидаги азалий дўстлик ришталари ва стратегик шерикликнинг нақадар мустаҳкам ва ажралмас экани ўзига оҳанрабодек тортади. Икки қондош халқ ўртасидаги тарихий муштараклик кучайиб бораётганидан бир оддий талаба сифатида қалбимиз ифтихор ва фахрланиш ҳиссини туяди.

Ўзбек халқининг азалий донишмандлиги акс этган «Қўшнинг тинч – сен тинч» мақолида аслида яқин қўшниларнинг осойишталиги сенинг ҳам хотиржамлигингдир. Дарҳақиқат, минтақалар тинчлиги – бу барча юксалиш ва тараққиётнинг доясидир, фаровонлик калитидир.

«Ўзбек мўъжизаси», «Шодон дамлар орзуси», «Кўнгил кўнгилдан сув ичар» каби мақолаларда ёшларга бугун яратилаётган шароитлар ва ғамхўрликлар, замонавий қулай имкониятлар, хусусий таълим даргоҳларининг тобора кўпайиб бораётгани бир пайтлар «ўқийман» деб белни маҳкам боғлаган талаба учун олийгоҳларга кириш бўйича сон-саноқсиз машаққатлару қийинчиликлар билан солиштирилади-қиёсланади.

«Санъатимиз жадидини унутмаймиз, унутолмаймиз» номли мақола меҳнаткаш, ширинсўз, ўзбек санъатининг сўнмас дурдонаси Шерали Жўраевга бағишланган бўлиб, унда устоз санъаткорнинг ҳаёти ва санъатда босиб ўтган машаққатли, шарафли йўли ҳақида сўз боради: «Шерали Жўраевнинг қўшиқлари доно ва ҳақгўй мураббийга, ширинсўз устозга ўхшайди: қайси мавзуда қўшиқ куйламасин, ўша мавзу ҳақида мушоҳада қилишга мажбур бўласиз», дея қалбдан чиқаётган таъсирли сатрларни битади.

Дарҳақиқат, Шерали Жўраев етти ёшдан етмиш ёшгача бўлган ҳар бир инсон қалбида ўзига хос из қолдирган, миллатнинг томир дардларини куйлаган, элнинг асрий орзуларини тараннум етган чинакам халқ ҳофизи эди. Журналист таъкидлаганидек, у халқнинг ичидан чиққан, миллатнинг дард-у шодликларини ўзнинг теран ва ўктам оҳангига сингдира олган мард ўғлон, маърифат ва ғурурни уйғотган забардаст санъаткор сифатида тарихимизда қолади. Санъатимизнинг бундай жадид нафаси, маънавият байроқдорини ҳеч қачон унутмаймиз, унутолмаймиз!

Асарда кўплаб йирик ижодкорлар – Комилжон Отаниёзов, Фурқат Мирзаев, Тоҳир Малик, Абдусаид Кўчимов, Муҳаммад Юсуф, Фатҳулла Масъудов, Қурбон Эшматов, Икром Ўтбосаров, Шуҳрат Жабборов каби санъат ва адабиёт, журналистика оламининг ёрқин намоёндалари ҳаёт йўли ва ижодий меросларини жуда фалсафий ва жонли акс эттирган. Муаллиф уларнинг ҳар бирини ўзига хос бадиий маҳорат, юрак тубидан чиққан илиқ туйғу ва хотиралар билан тасвирлар экан, ҳар бир образда инсонийлик, садоқат ва самимият оҳангини маҳорат билан ёритиб беради. Бу улуғ ва забардаст ижодкорларнинг нафақат санъат ва адабиётга, балки бутун халқ тийнатида қандай из қолдирганини чуқур ҳис этамиз.

Муаллиф журналистика ҳақидаги мулоҳазалари алоҳида диққатимни тортди: «Мен газетани виждонга ўхшатаман. Ҳаётда кўп нарсани тўхтатиш, чалғитиш мумкин, бироқ қалбингиз тубидан келувчи, яхшиликда ҳузур бағишловчи, ёмонликда эса тинчингизни бузадиган сас – бу виждондир. Агар газета ҳам худди виждон каби тоза, покиза ва ҳалол бўлса, ўқувчи уни албатта топиб ўқийди».

Истеъдодли журналист, маҳоратли муҳаррир ва қалам соҳиби Мақсуд Жонихонов ўз касбининг фидойиси, қалби тоза, виждони соф шахсдир.

Зеро, китоб номида айтилганидек, ҳеч бир ҳақиқат ҳар доим ҳам кўринганидек содда ва равшан эмас, унинг ортида шундай мураккаб чигалликлар борки, ҳар бир ёш бу ҳодисаларни фақат тафаккур нигоҳи билангина англаш мумкин.

Мен кўплаб сара мақолаларни ўқир эканман, сўнгги йилларда матбуот саҳифаларида ўзининг бадиий-публицистик чиқишлари билан барчамизга манзур бўлаётган Аҳмаджон Мелибоев, Зулфия Мўминова, Ўткир Раҳмат, Анвар Намозов, Аброр Зоҳидов, Норбек Ниёзов, Турсунали Акбаров, Фозил Фарҳод каби кўплаб профессионал ижодкорларнинг ҳам турли нашрларда чоп этилаётган туркум мақолаларини ижодий уюшмалар ва вазирликлар биргаликда биз талабалар учун мана шундай яхлит ва тизимли асосда китоб ҳолида тақдим этишса, таълим жараёнларимизда, ўз устимизда ишлашимизда ниҳоятда асқотишига ишонаман.

Гулрух Усмонова, талаба

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг