Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Исроил «Ал-Жазира» телекомпаниясининг беш ходимини қасддан ўлдирди

Исроил «Ал-Жазира» телекомпаниясининг беш ходимини қасддан ўлдирди

Анас ал-Шариф.

Фото: Al Jazeera Media Network

«Ал-Жазира» телекомпанияси мухбири Анас ал-Шариф ва унинг тўрт ҳамкасбини Ғазо шаҳрида Исроил ҳарбийлари қасддан ўлдирди, деб хабар берди «Ал-Жазира».

Хабарга кўра, телекомпаниянинг беш нафар ходими бу пайтда Ғазодаги «Аш-Шифа» шифохонаси кираверишидаги чодирда бўлган.

Ҳалок бўлган журналистлар.

Исроил армияси чодирга зарба берилганини тасдиқлаб, у айнан Анас ал-Шарифга қаратилганини маълум қилди... Яҳудий ҳарбийларнинг иддаосига кўра, ўзини журналист қилиб кўрсатган Анас аслида қуролли гуруҳлар аъзоси бўлган.

Фуқаролар учун зарарни камайтириш мақсадида хилма-хил разведка маълумотлари ва юқори аниқликдаги қуролдан фойдаланилди, деб исроилликлар ўзларини оқлашга уринишди. Ҳолбуки, уларнинг ракетаси жами 7 кишини ҳалок қилди.

«Ал-Жазира» ўз ходимларига берилган зарбани «матбуот эркинлигига юзсизларча ва қасддан қилинган ҳужум», дея изоҳлади.

Телекомпания бош муҳаррири Муҳаммад Муавад айтишича, Ал-Шариф аккредитациядан ўтган журналист эди, айнан у сабабли бутун дунё Ғазо секторида аслида нималар юз бераётганидан хабар топди.

Исроил Ғазога хорижлик журналистларни киритмаяпти, шу сабабли кўплаб оммавий ахборот воситалари маҳаллий мухбирларни ишга ёлламоқда.

28 ёшли Анас ал-Шариф ҳалокатидан олдин Х ижтимоий тармоғида Исроил Ғазонинг шарқи ва жанубига муттасил бомба ёғдираётгани ҳақида ёзганди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг