Еган оғиз уялар ёхуд меҳмондорчилик ниқобидаги коррупция

Бугун дунё ҳар жабҳада шиддат билан ривожланиб бормоқда: маънавият, илм-фан, сиёсат, иқтисод, спорт... Ақлини таниган дунё мамлакатлари сиёсатчилари ривожланишнинг ҳар қандай турига чоҳ қазувчи иллатлар билан беаёв курашмоқда. Жамиятнинг илдам ривожланишига тўсқинлик қилувчи энг катта «динозаврлар»дан бири — коррупция! Айрим давлатлар, масалан, Хитойда коррупцияга қарши ҳатто ўлим жазоси ҳам қўлланади. Бундан кўринмоқдаки, коррупция қоғозга ўралган энг жирканч ва қабиҳ жиноят.
Икки-учта тилни мукаммал билиб, олий маълумотли бўлган ҳолда жамиятда ўз ўрнини топа олмай, бугун Америкада таксичилик қилаётган, инглиз тили имтиҳонидан муваффақиятли ўтиб, ўқиш учун Корея яриморолига бориб, ўша ерда денгиз паромларида мардикорлик қилаётганлар ҳам айнан коррупциядан жабр кўрган дўстларимиз бўлади!
Ёшлар иттифоқининг туман кенгашлари ва мактаблардаги таркибий қисмларига ўрнашиб олиб, «етакчилик арқони»ни маҳкам ушлаб олган, аммо қилаётган ишининг натижаси кўринмаётган, суҳбатлашсангиз на дунёқараши, на билиму савияси етарли бўлмаган, бир ойда ҳеч бўлмаса битта китоб ўқиш истаги бўлмаган янги «тўрачалар» ҳам ана шундай «жигарчиликка» бурканган коррупциянинг ҳаққоний кўриниши ҳисобланади. Мисол ахтараверсам, коррупциянинг юзлаб кўринишларини санаб бера оламан.
Биз бугун чорак аср давомида қўлга киритган кўплаб ютуқларимиз билан бирга жуда катта минусларимиз ҳам борлигини тан олаяпмиз. Муҳими, айта олаяпмиз, ёза олаяпмиз.
Шахсан Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ўзи камчилик ва хатоларимизни қаттиқ танқид қилган ҳолда, уларга қарши чора-тадбирлар кўламини янада кенгайтирмоқда. Кучли, мард сиёсатчи ўлароқ майдонга келиб, коррупцияга қарши курашни бошлаб юборди. Узоқ вақт куттирмади натижа. Икки кун аввал мамлакатимизнинг футболи коррупцияга пичоқ тортилганда нималарга қодирлигини кўрсатди. Жуда қисқа вақт ичида, мен ишонаман, футболчиларимиз жаҳон ареналарини забт этади. Чунки қилиниши керак бўлган иш энди қилинди.
28 январь куни Президентимиз Қашқадарё вилоятига ташрифида бу ютуғимиз ҳақида шундай деди: «Футболчи болаларимиз коррупциясиз, адолат билан қандай натижага эришиш мумкинлигини кўрсатиб беришди. Осиё чемпионатида қатнашган терма жамоадаги болалар жайдари болалар. Бирортасининг ортида таниши йўқ».
Бугун худди шу жайдари футболчиларимиз каби Ватанга садоқатли, онг-тафаккури баланд, билимли, аммо «танкаси йўқ» ёшларимиз юртимизда жуда кўплаб топилади. Фақат уларга йўл очиш ва қўллаб-қувватлаш зарур.
Энди яна оғриқли масалага қайтай. Барча вилоят ва туманларда вазирлик ва юқори идоралар ходимлари иштирокида текширув ва суриштирув ишлари тез-тез ўтказиб турилади. Улғайиб, жамият ҳаётини чуқур тушуниб борганим сайин бундай ижтимоий-сиёсий ҳодисаларни жиддий ва зимдан кузатиб бораман. Ҳар гал «юқоридан комиссия келаяпти» деган хабар тарқалгач, туман идоралари, таълим, тиббиёт бошқармалари ва бошқа тармоқларда питир-питир бошланади. Хатоларни тўғрилаш, камчиликларни беркитиш ва яна алламбало қусурларни хаспўшлаш учун югур-югур, чопа-чоп авж олади.
Таълим бошқармасида мактабларга қаттиқ буйруқ берилади: «Давоматлар бекаму-кўст бўлсин! Норматив қоғозларинг жойида бўлиши шарт (худди муаллимларнинг норматив қоғозлари таълим сифатини ошириб кўрсатаётгандай. Бюрократизм бизни ривожланишдан орқага тортаётганини ҳали-бери тушунмаймиз шекилли...).
Айни шунақа «комиссиялар мавсуми»да тиббиёт бошқармаси ходимларини назорат қилади. Соат 15-16 ларда ҳувиллаб қоладиган поликлиникалар кечки 18:00 да ҳам гавжум. Ҳамма шифокор ва ҳамширалар ўз хонасида беморларга сидқидилдан хизмат қилаётганининг гувоҳи бўласиз. Аслида ба вақтда беморлар ҳам кам бўлади. Чунки аксар аҳоли соат 15:00 дан кейин шифокорнинг ўз хонасида йўқ бўлишига йиллар давомида кўникиб бўлган.
Энг ёмони эса... ташкилот раҳбарлари «юқоридан» келган комиссияларни «қуюқроқ ва бақувватроқ» меҳмон қилиб кузатишни ўзларининг «фахрли бурчи» деб биладилар ва «шунга яраша чойхона палов, ўзбекона лутф» каби тадорикларини кўриб қўядилар.
Бундай жараёнлар неча йиллар мобайнида кўзга ташланган ва қулоққа чалиниб келган, оддий, табиий ҳолдек бўлиб кетган. «Ўзбекона лутфу карам» остидаги «ҳаракатлар ва харажатлар» коррупциянинг «юмшоқ», аммо жиддий кўриниши эмасми?!
Қайсидир ташкилот ходими ғудраниб юрганини эшитиб қоламан: «Уфф... анавиларнинг зиёфатига пул йиғилаяпти, яна фалон мингдан...».
Ҳа, балли! Ғиж-ғиж камчилигу хатолар қобиғига ўралашиб қолганингиздан кейин йиғасиз-да!
Ўз ишингизни дўндириб қўя олмаётганинггиз учун йиғасиз-да!
Ахир донишманд халқимизнинг «еган оғиз уялар...» деган пурҳикмат гапи бекорга айтилмаган-ку, дўстим!
Сиз «уч-тўрт сўм» пулдан қочманг, «проблема» кимга керак?!
Ҳа, бундай гапларни заҳархандасиз ёзиб бўлмаяпти.
Бугун жойлардаги муаммоларни ўрганиш, бартараф этиш, керакли ўринда жазо чораларини қўллаш каби жиддий вазифа билан келган комиссия аъзолари ҳудуддаги раҳбарларнинг беминнат, ўзбекона лутфу марҳамати, меҳмоннавозлигидан яйраб баҳраманд бўлгач, ўз ишларини холис бажара оладиларми?!
«Қуюқ меҳмондорчилигу лутфу карам»дан ташқари яна қандай «тадбирлар» амалга ошаётгани бизга қоронғи. Бўлмаса, «Фалончихоннинг бундай-бундай хатолари, камчиликлари аниқланибди» мазмунидаги гап-сўзлардан кейин ҳам ўша Фалончихон ўз лавозимида бафуржа иш олиб бораётганини қандай тушуниш мумкин?!
Бугун Ватанга ўз лавозимининг «имкониятлари»дан моҳирона фойдаланиб «Ласетти» олишни, ҳашаматли уйлар қуришни ният қилганлар эмас, маошининг кўтарилишига ишониб, айни пайтдагисига қаноат қилиб ишлайдиган, садоқатли, виждонли кадрлар керак!
Бугун миллатга Президентнинг олдида елкама-елка турадиган ҳамфикр ва ҳаммаслак мардлар керак!
Бугун хато ва камчиликларни тан олиб, уларни тўғрилай оладиган кучли идрок ва интеллект соҳиблари керак!
Бунинг учун эса коррупция номли балои азимни енгишимиз шарт, ҳатто энг майда унсурларигача.
Коррупция қобиғидан халос этилган футболчиларимиз ўзларини кўрсата олишди-ку.
Қолган барча соҳаларда ҳам ўзимизни кўрсата оламиз!
Баҳриддин Муҳаммад,
журналист
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter