Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Фирибгарлар деҳқонга кимёвий озуқани қандай етказяпти?

Фирибгарлар деҳқонга кимёвий озуқани қандай етказяпти?

Фото: Google.com

Бир туманнинг (номини айтмайман) телеграмдаги фермерлар гуруҳига қўшишганди. Мақсад — қишлоқ хўжалигидаги илмий янгиликларни етказиб туриш, маслаҳатлар бериш ва ҳоказо.

Бир-икки ишлаб чиқарувчиларнинг (ҳам маҳаллий, ҳам хорижий) кимёвий ўғитлари рекламаларини кўриб, фикримни айтдим. Ўғитлар таркибидаги азот (N), фосфор (P), калий (K) ва микроэлементларнинг миқдори келтирилган. Мен худди ўша таркибдаги суспензия (аксарияти суспензия) ёки ўғитларни ўзимизнинг шароитда минерал ўғитлардан тайёрлаш мумкинлиги, бунда реклама қилинаётган ўғитдан жуда арзонга тушишини тушунтирдим. Масалан, суспензия таркибидаги умумий азот миқдори фоизда (%) берилган. Буни, бизда кенг қўлланиладиган оддий карбамид таркибидаги азот, фосфор аммофос, калий эса калий хлорид ҳисобига шакллантириш мумкинлигини ҳисоблаб бердим. NPK'ни фақат карбамид, аммофос ёки калий хлорид ҳисобига шакллантириш шартмас. Қанча-қанча минерал ўғитлар бор, шулардан келиб чиқиб ҳисобланса бўлди. У ёғи, оддий кимёвий масала, пропорциялар билан ишланадиган.

Микроэлементларни эса бир қанча химреактивлар билан шуғулланаётган маҳаллий фирмалардан сотиб олиш мумкин. Қимматга тушмайди, микроэлементлар кам миқдорда қўлланилади.

Бу, аслида агрономнинг иши. Тажрибали ва билимли агроном экинга нима кераклигини, етишмаётган озуқавий элементларни қайси моддалар ҳисобига қоплаш мумкинлигини билиши керак. Буни махсус ўргатувчи фан ҳам бор – агрохимия. Савиянинг тушиб кетиши, аслида таркиби арзон агрохимикатларни қиммат сотиб олишларини тушундим.

Фикримча, қиммат бўлиши четдан кириб келаётган кимёвий ўғитлар билан боғлиқ. Ҳар ҳолда, улар узоқ йўл босиб келади, минг чиғириқдан (харажатдан) ўтиб ўзимизнинг бозорга кириб келади. Хўп, уларни тушунса бўлар, лекин ўзимизнинг ишлаб чиқарувчиларчи? Улар маҳсулотини ишлаб чиқариб, дейлик, Қозоғистон ёки Қирғизистонга олиб бориб, кейин киритмагандир бозорга.

Хуллас, шу маслаҳат ва фикрларни ўша телеграм каналдагиларга улашдим. Аммо гапим кимёвий ўғитлар савдоси билан шуғулланадиганларга ёқмади шекилли, гуруҳдан чиқариб юборишди. Фермерлардан эса кўплаб саволлар шахсий саҳифамга кела бошлади.

Яна бир нарса. Деҳқон ўғит ёки стимуляторлар (биоўғит ёки биостимулятор) моҳиятини тушунмай, билиб-билмай қўлламоқда. Ўғит бу ўсимликнинг асосий озуқаси – NPK, стимулятор эса ўша озуқани ўсимликка сингиши ёки ўзлашишини кучайтириб берувчи моддалар (ўсимлик гормонлари, биологик фаол моддалар). Ўз-ўзидан равшанки, стимулятор ўсимликка озуқа бўла олмайди. Ўсимликка озуқа берилмасдан стимуляторлар қўлланилади. Ўсимлик нимани ўзлаштиради, тушунарсиз.

Агрохимикатлар, шу жумладан, стимуляторлар хусусиятлари, қачон қўлланиши ва меъёрлари аниқ ишлаб чиқилмаган, ҳар ким билганича ишлатаверади.

Шахсий фикрим, ҳалигача қишлоқ хўжалигида ўғитлар исрофи юқори, шундан маҳсулот таннарҳи юқори, рентабеллиги паст. Аслида Нидерландияда бўлгани каби 100 млрд атрофида даромад келтирадиган муқобил йўллар бор. Лекин ҳалигача янгиликларни қабул қилолмаяпмиз.

Энди юқоридаги асосий масалага қайтаман. Ўғитларни суспензия қилиб, қадоқлаб таклиф этаётганлар нархларни бир кўриб қўйса яхши бўларди. Ҳар ҳолда, бир-икки киши бўлса ҳам тушунади, нарх «ўқланганини» сезиб қолади.

Бахтиёр РАСУЛОВ,
ЎзР ФА генетика ва ўсимликлар экспериментал биологияси институти, микроорганизмлар биотехнологияси мудири, биология фанлари доктори

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг