Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Гап бир ён, амал бир ён...

Гап бир ён, амал бир ён...

Фото: «123rf.com»

Бугун сўз айтгич кўп. Бугун маҳалла оқсоқоли тинмай неъматларни исроф қилмаслик ҳақида гапиради. Бугун имомлар иймон-эътиқоддан маъруза ўқийди. Бугун муаллимлар тўғриликдан дарс беради. Бугун журналистлар турли мавзу ва мазмунларда, оҳангжамосини келтириб, узундан-узун мақолалар ёзишади… Аммо сўзлар нишонга тегмайди! Аксар ҳолларда ҳеч кимга умуман таъсир қилмайди. Маҳалла оқсоқолининг насиҳатлари ҳам, имом домлаларнинг маърузалари ҳам, муаллимларнинг сабоқлари ҳам ва энг ачинарлиси, сўз билан нон топадиган журналистларнинг ҳам гапи эгасига етиб бормайди. Нима учун шундай? Ҳеч ўйлаб кўрганмисиз?

«Беш бармоқ баравар эмас, булар орасида ўз таъсирини ўтказа оладиганлари ҳам бор», дейсизми? Баракалла! Ва бу таъсирнинг — сўзларнинг тўғри нишонга тегишининг сабаби нима экан? Бу хусусда ўйлаб кўрганмисиз?

Тўғриси, мен буни кўп ўйладим. Газеталардан бирини варақлаб, ичкиликнинг ҳаромлиги, ундан етадиган офат ва зарарлар хусусида ёзилган бир мақолани ўқирканман, ўйларимнинг ечимини топгандек бўлдим. Мен ўша мақола муаллифини — сўз билан ўйнашаётган мухбирни яхши танийман. Бугина эмас, ўша — тўғриликдан дарс бераётган муаллимни ҳам, неъматларни исроф қилмаслик хусусида гапираётган маҳалла оқсоқолини ҳам, маърузалари бўғзидан отилиб чиқаётган имом домлаларни ҳам яхши танийман. Бу тоифа одамларда битта хасталик бор: булар гапирадилар, холос. Булар насиҳат берадилар, холос. Булар огоҳлантирадилар, холос. Бу тоифанинг амали кўп ҳолларда ўзи айтаётган сўзларга мувофиқ келмайди. Ўзи амал қилмаётган амаллар хусусида ёшларга насиҳат сўзлайди. Аммо ҳаётда, ишда ибрат бўлолмайди. Ҳайвонларга озор беришнинг ҳаромлигидан маъруза ўқийдиган бир кимсанинг одамлар кўзидан йироқда беданавозлик қилиб юрганини кўрганлар бор. Гап бир ёнда, амал бошқа томонда!

…Агар ўз боламизга сўзимизни ўтказа олмаётган бўлсак, ўзимиздан хафа бўлайлик.

Агар маҳалла оқсоқолининг айтганига одамлар амал қилишмаётган бўлса, оқсоқол ҳазратлари айбни ўзларидан изласинлар.

Агар ўқувчилар муаллимларни ҳурмат қилмай, гапига кирмай қўйган бўлса, муаллим жаноблар ва муаллима хонимлар ўзларининг тарбияларига ва ахлоқларига бир аҳамият берсинлар.

Агар журналистнинг гапини бугун биров бир пулга олмаётган бўлса, бу соҳа одами СЎЗининг қадрини кўтарсин, ўзининг қаддини кўтарсин.

Баҳодир Нурмуҳаммад

Манба: mspressa.uz

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг