Ҳайбаракаллачилик кимга керак?..
Қўшиқчи Жаҳонгир Позилжоновнинг Президентга аталган «Селфи» қўшиғини эшитиб, очиғи энсаларим қотиб кетганди. Бу ҳолга тушган фақат мен эмасканман. «Қўшиқ» ҳақида интернет ОАВ ва ижтимоий тармоқларда кескин танқидлар ёғилмоқда.
Самимий, таъмадан йироқ мақтов ва фахрланиш яхши нарса. Фақат улар МАДДОҲЛИКка айланиб кетмаслиги керак. Чорак аср давомида жуда кўп соҳаларда, жабҳаларда ютқазиб қўйганимизни Президентимиз ҳам бот-бот таъкидлаб турибди. Хўш, бунинг сабаби нима эди? Сабаби – маддоҳлик эди, қарсакбозлик эди, ҳайбаракаллачилик эди! Ўша пайтларда ҳам бу ҳолатлар Биринчи Президентимизга сираям ёқмаган, албатта. Аммо маддоҳбозлар кўп эди. Улар ичида фонаграммасиз куйлашни эплай олмайдиган қўшиқчилар, артистлару масхарабозсифат қизиқчилар... етакчи эди.
Шу боис Шавкат Мирзиёев дастлабки кунларданоқ қатъий талаб қўйди: «Тамом, қарсакбозликка, маддоҳликка чек қўямиз!»
Ҳатто ўша вақтда бир хонанда аёл томонидан Президентга атаб (аслида шахсий манфатини кўзлаб, бошқа хонандалар ўйлаб ўтиргунча «улоқ»ни олиб кетиш илинжида) куйланган қўшиқ аямай танқид қилинган ва эфирлардан тўхтатилганди. Шундан сўнг, қўшиқчилар бу мавзуга эҳтиёткорона ёндаша бошлашганди. Соҳталик, кўзбўямачилик билан ордену нишонлар олиш даври ўтганини англаб етишганди. Лекин... лекин Позилжонов (ўрганган кўнгил ўртанса қўймас, деганларидек) бу чегарани қўрқмай янчиб ўтди. Нега ҳам қўрқсин, ахир Президентни улуғлаб куйласа ким қаршилик қиларди?! Бу қўшиққа қарши бўлиш, Президентга қаршилик қилишдек гапку! Позилжонов(лар) шундай ўйлагани аниқ.
Бундай қўшиққа, тўғрироғи маддоҳликка мен қаршиман! Сабаби, аввало Президент бу тарздаги «улуғлаш»ларга муҳтож эмас.
Президент амалга ошираётган барча эзгу ишларини мақтов эшитиш учун қилаётгани йўқ, балки ўз вазифаси ўлароқ билади.
Президент суратлари фонида селфи тушиш билан у инсонга ҳеч қандай амалий ёрдам берилмайди. Аксинча, қош қўяман деб, кўз чиқариб қўйишимиз мумкинлиги эҳтимоли катта. Нега дейсизми?
Бугун Ўзбекистон бутун дунёга кенг очилган, дунё ҳамжамияти нигоҳи Ўзбекистонда. Юртимизда бўлаётган ўзгаришларни кўриб-кузатиб туришибди, эътироф ҳам этишяпти. Шундай ўзгаришлар даврида селфичилик янгитдан ёзилаётган тарихимиз саҳифаларига доғ бўлиб тушиши мумкин.
Кимлардир, шу битта қўшиқдан фожиа ясаворибди, дейиши ҳам тайин. Шундайларга айтар сўзим: ҳар қандай йирик иллат майдаларидан бошланади (аслида маддоҳлик майда иллат эмас, у жуда хавфли). Бугун биз шу майда-чуйда камчиликларга вақтида барҳам бера олсак, катталарини ҳам йўқ қилишга куч топа оламиз. Қолаверса, бир-икки йиллик «танаффус»дан сўнг санъат оламида юрган «саноатчи»лар яна аввалгидек локомотивликни, етакчиликни, халқни, айниқса, ёшларни ўз ортларидан эргаштиришни истаб қолган кўринади. «Селфи»парастлик учун ёшлар, шифокорлар, қурувчилару фермерлар «жалб» қилинганидан шуни англаса бўлади. Бошқаларни билмадиму, шахсан мен фарзандларимнинг бундай қўшиқчиларга эргашишини, уларга тақлид қилишини сира истамайман.
«Селфи» тушиб ҳайбаракаллачилик қилган ёшлар, шифокорлар, қурувчилару фермерларга гапим шу: Президентга ёрдам бермоқчимисиз, у ҳолда ишдан қолиб гуруҳлашиб селфи тушгунча илм олинг, ўз устингизда ишланг, изланинг, тил ўрганинг, беморларга тўғри ташхис қўйиб даволанг, янги-янги бинолар лойиҳаларини яратинг, ерга меҳр қўйиб ишлаб ҳосилдорликни оширинг!
«Қўшиқ»ни айлантираётган ТВчилар! Сиз эса ҳақиқатан зўр бўлишни истасангиз, фақат чўнтакбоп (рекламабоп) шоуларга ўралашавермасдан, ёшлар тафаккурини бойитадиган кўрсатувларга ҳам қўл уриб туринг. Бугун Президентимиз барчамиздан шуни истайди, илло лаганбардорликни эмас!
Усмонжон Йўлдошев,
журналист
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter