Ички ишлар вазирлиги айрим интернет сайтларига раддия билан чиқди

Турли сайтлар орқали Ўзбекистонда коррупция ривожланган соҳалар ичида ички ишлар органлари етакчилик қилмоқда, деб тарқатган шарҳ юзасидан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси мурожаатига асосан, «Ижтимоий фикр» жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази маълумотнома тақдим этди.
2018 йилнинг 1 февралида «anhor.uz», «sputniknews», «nuz.uz», «Fergana-blog.livejournal.com» ва бошқа бир қатор интернет сайтларида «Ижтимоий фикр» жамоатчилик фикрини ўрганиш Маркази томонидан «Ўзбекистондаги ишбилармонлик муҳити тадбиркорлар нигоҳида» мавзусида ўтказилган социологик тадқиқот натижалари ҳақида ахборотлар берилган.
«Ижтимоий фикр» маркази шуни алоҳида қайд этадики, ушбу ахборотларда Марказ томонидан ўтказилган социологик тадқиқот натижаларининг мазмун ва моҳияти тўла равишда бузиб кўрсатилиб, ғаразгўйлик билан тақдим этилган. Хусусан:
1. Ушбу сайтларнинг ҳеч бирида ўтказилган тадқиқотнинг номи келтирилмаган.
2. Тадқиқотнинг мақсади — тадбиркор ва фермерларнинг ўз фаолиятида яратилаётган шароитлар ҳамда эришилаётган натижалардан қониқиш даражасини ўрганиш эди.
3. Тадқиқотнинг мақсадли гуруҳи, яъни иштирокчилари тадбиркорлар эди, шундай экан, юқорида кўрсатилган сайтларда ўтказилган сўров натижаларининг умумхалқ жамоатчилик фикри сифатида тақдим этилиши ҳақиқатга тўғри келмайди.
4. Мазкур сайтларда сўровнинг мақсади ва унинг танланган иштирокчилари ҳақидаги илмий-таҳлилий маълумотлар билиб туриб, атайин бузиб кўрсатилгани сир эмас.
5. Мазкур сайтларнинг барча маълумотларида келтирилишича, респондентларнинг чорак қисми ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларида коррупция фактлари тез-тез учраб туришини кўрсатганлар. Айни пайтда эса тадқиқотда гап сўров иштирокчиларининг конкрет коррупция фактлари ҳақидаги эмас, балки коррупция тўғрисидаги умумий фикрлари ҳақида бормоқда.
6. «Ижтимоий фикр» маркази мамлакат, жамият, фуқаролар ёки алоҳида аниқ бир шахс ҳаётидан олинган конкрет фактларни аниқлаш билан эмас, балки меҳнат фаолиятининг турли соҳаларида банд бўлган аҳоли, жамият турли табақаларининг фикрларини илмий асосда ўрганиш, умумлаштириш, таҳлил этиш ва ушбу таҳлиллар асосида тавсия ҳамда хулосалар тайёрлаш билан шуғулланади.
7. Сўров натижаларини тақдим этишда юқорида кўрсатилган сайтларда қўлланилган жумлаларни эмас, балки «сўров иштирокчиларининг фикрича», «респондентларнинг фикрларига кўра» деган ибораларни ишлатиш шарт ҳисобланади.
8. Юқорида кўрсатиб ўтилган сайтларнинг ушбу мақолалари айрим давлат органлари, хусусан, ИИВ ва банкларнинг фаолиятини билиб туриб, атайин бузиб кўрсатиш мақсадида эълон қилинган.
9. «Ижтимоий фикр» маркази экспертларининг фикрича, ушбу сайтлар ўз қиёфалари — профессионал имижларини сақлаб қолиш мақсадида олдинги маълумотлари юзасидан раддия беришлари ҳамда тадқиқот натижаларини нотўғри талқин қилмасдан ва шахсий изоҳларисиз эълон қилишлари керак.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter