Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ижод бўстонидаги «асалари» журналист

Ижод бўстонидаги «асалари» журналист

Куни кеча «Олтин мерос пресс» нашриётида маҳоратли журналист Саидхон Раҳмоновнинг «Ҳамоҳанглик» номли китоби нашрдан чиқди.

Доим камсуқум, камтар ва чеҳраси самимий табассум балқиб турадиган Саидхон асли Чироқчи туманидан. У Ўзбекистон миллий университетининг журналистика факультетида таҳсил олиб юрган талабалик йиллариданоқ ниҳоятда фаол ва тиришқоқ ижодкор эди.

Биздан бир курс кейин ўқигани сабабли, унинг «Қишлоқ ҳаёти» газетасида мухбир сифатида қалами тобланганини яхши эслайман. Қолаверса, у ҳам курсдошлари – Фахриддин Ҳайит, Шуҳрат Ориф, Ҳусниддин Бердиев, Бекзод Шукуров, Анвар Самадов, Олим Тўрақулов, Бахтиёр Ёқубов ва Муҳиддан Абдусамад билан миллий журналистикамизга янги тўлқин-овоз бўлиб кириб келди.

У таҳририят қозонида пишиб юрган кезлари устозлари таниқли журналист, ёзувчи ва шоирлар Алишер Шоимов, Ўткир Раҳмат, Ғофур Шермуҳаммад, Дилмурод Қирғизбоев, Суннат Сайдалиев, Ҳабиб Темиров, Икром Ўтбосаров, Шуҳрат Жабборов, Абдували Қутбиддин, Ўрол Ғоимов, Фахриддин Каримов ва Гулчеҳра Умаровадан ижод сирларини, ҳаёт ҳикматларини ўқиб-ўрганиб, туркум таҳлилий мақолалари билан эътиборга тушди.

2007-2020 йилларда эса «Халқ сўзи» газетасида бўлим муҳаррири бўлган даврида айниқса сермаҳсул меҳнат қилди. Бу даврда Саидхон «Йилнинг фаол журналисти» (2008) ва «Энг улуғ, энг азиз» республика танловлари (2018), «Олтин қалам» халқаро танлови (2016) ғолиби ҳам бўлди. Шундан кейин қатор қўшма корхона ва уюшмаларда матбуот хизматларини бошқариб келмоқда. Сўнгги йилларда гарчи ижодда бироз сустлашгандай кўринса-да, аммо уни тўхтаб қолди, деб бўлмайди. Филология фанлари бўйича фалсафа докторлигини ҳимоя қилиш учун фаол илмий изланишлар олиб бормоқда.

Муаллифнинг мазкур илк тўпламида 2017-2024 йилларда республикамиздаги турли марказий нашрларда чоп этилган 35га яқин туркум мақолалар саралаб жамланган. Жумладан, тараққиётимизнинг энг устувор вазифалари – камбағалликни қисқартириш, эҳтиёжманд аҳоли ижтимоий муҳофазасини кучайтириш, ватандошларимизнинг қонуний манфаатларини ҳимоя этиш, инсон қадрини улуғлаш, кафолатли даромад манбаи, тиббий хизматлар, уй-жой, сифатли таълим билан таъминлаш, айниқса, қишлоқ хўжалигининг барча тармоқларида замонавий технологияларни олиб кириш уларнинг бош мазмунидир.

Хусусан, журналист камбағалликни камайтиришга оид мақоласида афсуски, камбағаллик тушунчаси, уни аниқлаш мезонлари ва баҳолаш усулларини, умуман олганда, методологияси бизда ҳали-ҳануз мукаммал бир тарзда ишлаб чиқилмаганини таъкидлаб ҳақли савол қўяди: «Илгари камбағаллик даромаднинг бор-йўқлиги билан ўлчанган. Кейинроқ асосий талаб-эҳтиёжни қондиришга ноқобилликка камбағаллик сифатида қарала бошланган. Ўтган асрнинг 80-90-йилларда бу тушунча доирасига яккаланиб қолиш, ночорлик, заифлик ва хавфсизлик кафолатининг йўқлиги, қисқаси, фаровон яшаш имконияти ҳамда қобилиятидан маҳрумлик ҳам муҳим ўлчов мезонларига қўшилди. Сўнг камбағалликка қониқарли турмуш тарзини таъминлаш учун танлов ва имкониятнинг йўқлиги сифатида қаралиб, узоқ умр кўриш, саводсизлик ҳамда иқтисодий имкониятларнинг чеклангани бош мезонга айланди.

Хўш, «кам таъминланган» дея таснифланган аҳоли қатламига берилаётган нафақалар уларни бой қилиб юбормаган, текин тарқатилган товуқ ва қорамоллар самараси ҳам амалда сезилмаган экан, камбағалликка қарши курашишда қайси йўлдан борган маъқул?

Бу нозик мавзу бўйича С.Раҳмонов жаҳоннинг энг илғор тажрибасига таяниб, аниқ ва жўяли таклифларни илгари суради ҳамда Ўзбекистон энг мақбул тажрибаларни ўзлаштираётганини таъкидлайди: «Бундай пайтда икки хил усулдан бири танланади. Биринчиси, Хитой, Вьетнам ёки Индонезия каби бозор иқтисодиёти механизмларини жорий этиб, юқори иқтисодий ўсишга эришиш йўли бўлса, иккинчиси, давлатнинг фаол аралашуви билан ижтимоий тенгсизликка барҳам бериш усулидир. Бунга Эфиопия, Покистон, Гана, Перу, Ҳиндистон тажрибаси мисол бўла олади».

Инсон қадри ва эркинлигига бағишланган яна бир мақоласида ислоҳотларнинг янги босқичида давлат халққа тобора яқинлашгани, барча бўғиндаги ҳокимлар, вазирлик ва идоралар, прокуратура, суд-ҳуқуқ ва ички ишлар органлари раҳбарлари, депутат ва сенаторлар, қўйингчи, катта-кичик даражадаги мутасаддилар бевосита жойларга чиқиб, одамларни қийнаётган ҳаётий муаммоларни ичидан ўргана бошлагани, ҳисобдорлиги ошганини аниқ фактларда қиёслайди: «Тан олмай илож йўқ, «прописка» аталмиш тақиқ туфайли мамлакат бош кентининг аҳолиси икки тоифага ажралиб қолган эди. Пропискалилар ва пропискасизлар. Тошкент шаҳрида доимий яшаш ҳуқуқига эгалигини тасдиқлайдиган ўша юмалоқ муҳрни паспортига қўйдириш алоҳида мартаба эди. Бунга эришиш учун эса одамлар айланма йўлларни излаб топиш, таваккал қилиш, ҳатто айримлар пропискаси бор аёлга уйланишга ҳам рози бўлишди...».

Бу муаммо азим пойтахтда қолган «вилоятлик» жуда кўпчиликни қийнагани рост. Ўзим ҳам Тошкентдан олган уйимга ўзимни рўйхатга қўя олмаганим, нотариусда бошқа ишончли инсон номига минг бир ҳижолатда расмийлаштирганим, ишга кириш учун эса пойтахтдан «прописка»га ўтиш шартлиги, бунинг учун эса аввал унга ёндош вилоятдан рўйхатдан ўтганим, фақат «Жаҳон» ахборот агентлигига ишга ўтгачгина, не-не машаққат ила Ташқи ишлар вазири Владимир Норов имзоси билан Тошкент шаҳар ҳокимига «бу кадр бизга керак, ижозатингиз ила шуни олиб қолсак, яхши бўлар эди» қабилида расмий нома битилгандан кейингина масала бир томонга силжиганини эсласам, ҳануз юрагим орқамга тортиб кетади.

Катта-катта вазирлик, идоралар, ҳукумат муассасалари республика миқёсида ҳисобланса-да, уларда ишга қабул қилиш учун Тошкент шаҳрида «пропискаси» бўлиш шартлиги талаби нафақат ғайриқонуний, балки миллий бирдамлик-жипсликка раҳна соладиган тор дунёқарашнинг фожиавий мисоли эди. Тошкент шаҳрида «прописка»га кириш бошқа тузукроқ бир давлатнинг фуқаролигини олиш ҳам осонроқ кечарди ўшанда...

Оддий газета мухбири бўлган Саидхон бу каби машмашаю, сунъий тўсиқларнинг қанча-қанчасини ўз бошидан ўтказиб, юракзада бўлиб ёзганидан ҳам сезиш мумкинки, у анчайин сипо-ҳалим кўринса-да, ижтимоий муаммолар қаршисида ҳеч қачон жим турган эмас, ички катта исёни доим бўлган.

Албатта узоқ йиллар давомида тўпланиб қолган кўплаб муаммоларнинг барчасини ҳам Янги Ўзбекистонда бирдан ҳал этиб ташлаш ҳам имконсизлиги рост. Аммо катта сиёсий ирода ва улкан саъй-ҳаракатлар кўрсатилиб, бундай аллақачон етилган-осилиб қолган масалаларни тизимли ҳал қилинаётгани халқимизга анчайин манзур бўлмоқда. Жайдари қилиб айтганда, мамлакат сансалорлигу оворагарчиликлардан ҳоли жамиятга айлантирилмоқда.

Муаллифнинг мавзулар қамрови кенг. У йилқичилик ва от спортидаги бугунги ўзгаришлар ҳақидаги мақоласини жуда қизиқарли маълумот билан бошлайди: «Отнинг қулоқлари орасидан беҳишт шамоли эсиб турармиш. Шунданми, эгарга минган киши дунё ташвишларини унутиб, ўзини руҳан тетик ҳис этар, касаллик эса унинг яқинига йўламас экан. Бу қанчалик ҳақиқатга яқинлигини билмадиг-у, аммо ушбу жониворнинг серхосиятлиги бор гап. Ота-боболаримиз от парваришланган хонадон файз-баракали бўлишини бот-бот уқтиришининг боиси ҳам шунда».

Албатта, бетакрор заминимизда от спорти азалдан ўзининг чуқур анъаналари асосида ривожланган, тўй-тантаналаримиз «Кўпкари», «Оломон пойга», «Ағдариш» каби миллий ўйинларсиз ўтмаган. Не-не полвону чавандозларимиз бу баҳсларда сараланган. Аслида от спорти энг қиммат спорт тури ҳисобланади. «Бу соҳа сердаромад ҳамдир. Францияда ушбу спортдан олинадиган соф фойда йилига ўртача 13 миллиард еврони ташкил этади. Бу кўрсаткич Австралияда 11 миллиард доллар, АҚШда эса 100 миллиард долларга тенг!»

Соҳада наслчиликни сақлаш ва ривожлантириш, спорт ва хизмат отларини етиштириш, айниқса, ўзбек халқи тарихи билан узвий боғлиқ бўлган Қорабайир зотини кўпайтириш ниҳоятда зарурлиги, буни келгусида миллий ифтихор тимсолига айлантириш муҳимлиги ҳақида куюниб ёзади: «Қорабайир отларининг тана тузилиши ўта хушбичим ва қотма бўлади. Тўши кенг, бўйни қисқа эса-да, анча йўғон, қарчиғайи унча баланд эмас. Ранги, асосан, қора, тўриқ, жийрон, кўк, малла, чавкар, шунингдек, саман тусда бўлади. От табиатан ҳуркак жонивор ҳисобланади. Аммо бу – Қорабайирга ёт хислат. У довюраклиги, жанговарлиги билан чавандозлар ишончини, ишқибозлар меҳрини қозониб келмоқда. Юртимизда бу зотнинг «Оловхон», «Ўзбекистон» каби типлари яратилган. Бу борадаги изланишлар якунига етказилмагани ачинарлидир».

«Помидорнинг дориси кўпми, зори кўпми?» мақоласида эса сўнгги йилларда ушбу маҳсулотни етиштириш деҳқонлар учун тобора азобга айланиб бораётгани, республикамизнинг деярли барча ҳудудида мазкур сабзавот турининг барори йўқлиги, катта маблағ эвазига харид қилинаётган кимёвий дориларнинг самараси пастлиги, кўчатларга ҳосил бермасиданоқ куя тушаётгани, бу муаммоларнинг ечими учун нима қилмоқ керак, масаланинг ўқ илдизи қаерга бориб тақалади, деган саволларни ўртага қўяди ва ечимларини кўрсатади: Деҳқонлар билан суҳбатлашсангиз, фиғони фалакка ўрлайди. Уларнинг ёзғиришича, помидор иссиқхона экинига айланиб қолмоқда. Иссиқхона хўжалигини юритаётган тадбиркорларнинг фикри эса бундан бошқачароқ.

Агар помидор ўртача уч ойда пишиб етилса, бу давр ичида олти марта ниҳолларнинг илдиз тизими касалликларига қарши ишлов берилади. Ҳафтасига бир марта шира, оқпашшага қарши дориланади. Бундан ташқари, икки ҳафтада бир марта, деҳқонлар тили билан айтганда, «рассом» ҳашаротига, ҳар 10 кунда вирусли касалликларга қарши дори сепилади. Дориларнинг деярли ҳаммаси четдан келтирилгани учун жуда қиммат. Булар майлику-я, кейинги пайтда помидор куяси деган офат пайдо бўлганки, унга ёпиқ шароитда ҳам бас келиш қийин бўляпти. Энди очиқ даладаги экин тақдирини  ўзингиз тасаввур қилиб кўраверинг».  

С.Раҳмонов пахта яккаҳокимлигига ва мажбурий меҳнатга узил-кесил барҳам бериш, банк-молия тизимида оғриқли муаммога айланган пластик карточкалар ва пулни нақдлаштириш билан боғлиқ муаммоларга самарали ечим топилгани, ишбилармон аёллар эришаётган катта натижалар, замонавий шаҳарсозлик соҳасидаги ютуқлар, Марказий Осиёда ягона бўлган «Тошкент сити» қурилиши ҳақида ҳам сўз юритади. Анорчилик, гиламчилик, асаларичилик, пиллачилик, ипакчилик, эчкичилик, чорвачилик, канопчилик, полизчилик, узумчилик, балиқчилик каби кўплаб тармоқларидаги янгиликларни, ислоҳотлар ва натижаларни мутахассис сифатида тадқиқ қилади.

Журналистикада «Сарлавҳа ярим ютуқ», деган фикр бор. Саидхон уларни топишда жуда креатив ёндашади: «Ўзбекистонда яшаш брендга, бизнес юритиш трендга чиқади», «Неъматидан хизмати қиммат», «Унутилган эскиликнинг биз билмаган янгиликлари», «Помидорнинг дориси кўпми, зори кўпми?», «Аччиқ экиннинг ширин ҳосили», «Куянинг уйи куйсин», «Бозорга тушганларнинг тарвузи қўлтиғидан тушиб қайтаётгани рост...ми?», «Сарёғдек кесилган тоғлар маскани», «Сара уруғ – ҳосил бўлиқ» каби эътиборли сарлавҳалар, мақолалар ичида кўплаб мақолларнинг қўлланилиши ўқувчи иштиёқини қитиқлайди.

У айтганидек, «деҳқонни юрагига ҳадик эмас, балки меҳнатига яраша даромад олишига ишончини уйғотсаккина, фақат бозор механизмларини жорий этсаккина» қишлоқ хўжалигида кутилган натижага эришиш мумкин.

Бундан ташқари, тўпламдан муаллифнинг Ҳиндистон, Қозоғистон, Саудия Арабистони, Туркия давлатларига амалга оширган сафарлари ҳақидаги жуда қизиқарли мақолалари ҳам жой олган.

С.Раҳмонов дала билан тиллашган, юрт кезган, жаҳонгашта қаламкаш. Мен уни журналистикамиз бўстонидаги меҳнаткаш асаларига ўхшатаман. Журналист ҳар бир мақоласида соҳанинг етакчи олимлари, соҳада суяги қотган мутасаддилар билан суҳбатлашади, сўнгра таҳлил доирасини кенгайтириб, кичик бир даладан, катта ҳудудга, сўнг мамлакат ва глобал миқёсига ўтиб кетиш маҳоратига эга. Соҳага оид дунёнинг энг илғор амалиётини рақамлар орқали очади, илмий асослайди, Ўзбекистон ҳаётига энг яхшиларини татбиқ этишнинг фойдали томонларини равон ва тушунарли тилда баён этади. Бу сўнгги йилларда тобора жўнлашиб-сийқалашиб кетаётган журналистикамизнинг йўқолиб бораётган фазилатлардан бири ҳисобланади.

Ушбу қимматли китоб қишлоқ хўжалиги соҳаси вакиллари, ихтисослашган мутахассислар, умуман қўлига қалам олиб, ижод қилаётган ҳар бир журналист, айниқса, олийгоҳларда таҳсил олаётган талабалар учун фойдали нашр бўлган.

Лазиз РАҲМАТОВ, Ўзбекистон журналистлар уюшмаси аъзоси, сиёсий фанлар бўйича фалсафа доктори

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг