Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Инсонийлик синовидан ўтганлар ва ўтолмаганлар (видео)

Инсонийлик синовидан ўтганлар ва ўтолмаганлар (видео)

«Ватан» фильмидан лавҳа

Мана Рамазон ойининг сўнгги кунлари. Бу ой эзгуликлар ойи. Мусулмонлар кўпроқ хайрли ишлар қилишга шошадиган ой. Яна нафсни синайдиган ой. Ҳазрати Aли (р.а): «Мен ва нафсим бир сурувнинг чўпонига ўхшаймиз. Чўпон сурувни бир томондан тўплайди, бир томондан сурув ёйилиб кетаверади. Ким нафсини ўлдириб, унинг истакларини тўхтатиб қола олса, раҳмат кафанига ўралади ва каромат тупроғига дафн этилади. Кимки қалбини ўлдириб, ундаги илоҳий ва инсоний туйғуларни ҳалок этса, лаънат кафанига тикилади ва азоб тупроғига дафн этилади», дедилар.

Демак, инсон фақатгина Рамазон ойларида эмас, умри давомида ўз нафсига қарши курашмоғи лозим. Рамазон ойини эса том маънода инсонийлик синови деб атасак бўлади. Мана шу Рамазон ойида «Омад шоу»нинг бир «шоу»сига кўзим тушиб қолди. Яъни юртимиздаги қайсидир қишлоқда ютуқ эгасига «Дамас» автомашинаси совға қилинмоқда. Ва шу аснода ширинлик ҳам тарқатилди. Бир қути ширинлик учун талашаётган одамларни кўриб, ёқангизни ушлайсиз. Агар болалар бўлганида ҳам тушуниш мумкиндир, аммо улар орасида отахону онахонларнинг борлигини кўриб, Африкадаги оч одамлар кўз олдимга келди. Ҳатто талатўпда бир аёл оёқ остида қолди.

Аммо юртимизни Африка билан таққослаш ўринлими? Ҳаётимиз овқат учун талашадиган даражада қашшоқми? Йўқ, ҳеч ким ҳозирги замонда очдан ўлаётгани йўқ. Хўш, очдан ўлаётганда ҳам шундай талашиш мумкинми? II жаҳон уруши давридаги воқеаларни эсланг. Одамлар қанчалар бир-бирига меҳр оқибатли бўлган. Биргина Нидерландиядаги концлагерга ташланиб, даҳшатли қийноқларга солинган 101 ўзбек аскарини эсланг.

Амерсфорт концлагерида 101 аскар атайлаб оч қолдирилади, яъни нацистик ғояларга қаршилик қилаётган ҳолландларга кўрсатиш учун осиёча кўринишга эга аскарларни йиғиб олишган. Нацистлар уларни ҳатто одам ўрнида кўришмайди.

Ўзбеклар аскарларини лагерда бир неча кун овқатсиз, очиқ осмон остида, совуқ бўлишига қарамай, симтикан билан ўралган ҳудудда сақлашган. Сабаби уларнинг нонга қандай талашишини тасвирга олиб тарғибот қилиш бўлган. Лекин 101 нафар йигитимиз нацистларнинг бу режаларини чиппакка чиқаради. Улар нон деб талашмайди, бир неча кундан бери оч бўлишига қарамай, сабр билан нонни бир-бирига узатишади, бир тўғрам билан кифояланишади. Ва ўзларининг бу ҳатти-ҳаракати билан ўзбек деган номга доғ туширмайди. Ва айнан шу хатти-ҳаракати билан тарихда қолишади.

Бугун ижтимоий тармоқлар орқали ҳали ош тарқатилаётганда талашаётган, ҳали ширинлик улашилаётганда босар-тусарини билмаётган одамлар ҳам бизнинг миллатдошларимиз. Уруш давридаги ўзбек аскарларининг қаҳрамонликлари тарқаб кетадиган интернат бўлмаган. Аммо бугун бизнинг шармандали ҳолатларимиз тарқалиши жуда тез ва осон бўлган интернет бор. Ва биз бу ҳатти-ҳаракатимиз билан иккинчи жаҳон урушида инсонийлигини йўқотмаган ўзбек ўғлонларининг қаҳрамонлигини, матонатини суиистеъмол қилмоқдамиз, яна Рамазон кунларида.

Нега бу қадар майдалашиб кетганимиз алоҳида бир мавзу. Яна Ҳазрати Алига юзланамиз: «Сен Аллоҳнинг наздида инсонларнинг яхшиси бўл. Нафсингни олдида одамларнинг ёмони бўл. Одамларнинг орасида одамлардан бир одам бўл!».

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг