Интеллектуал мулк соҳасида янги мукофот таъсис этилди
Ўзбекистонда «Интеллектуал мулк соҳасини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун» кўкрак нишони таъсис этилди. Бу Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 5 сентябрдаги 471-сон қарорида белгиланган.
Кўкрак нишони интеллектуал мулк соҳасини ривожлантириш, интеллектуал мулк объектларининг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш, аҳолининг бу йўналишдаги ҳуқуқий маданиятини оширишга муносиб ҳисса қўшган шахсларга берилади.
Жумладан, давлат ва нодавлат ташкилотлари ходимлари, илмий-тадқиқот ва таълим муассасалари вакиллари, халқаро ташкилотлар ходимлари ҳамда тадбиркорлик субъектлари мукофотга номзод бўлиши мумкин. Номзодлар ҳақидаги таклифлар ҳар йили 1 мартга қадар Адлия вазирлигига тақдим этилади. Унда номзоднинг сўнгги уч йилда интеллектуал мулк соҳасида амалга оширган ишлари ҳақида маълумот ҳам бўлиши лозим.
Номзодлар махсус комиссия томонидан баҳоланади. Бунда интеллектуал мулк соҳасида давлат дастурлари ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқишдаги иштирок, янги интеллектуал мулк объектларини яратишга кўмаклашиш, уларнинг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қўшилган ҳисса инобатга олинади.
Кўкрак нишони ҳар йили 26 апрель — Халқаро интеллектуал мулк куни арафасида топширилади. Мукофотланган шахсларга кўкрак нишони ва гувоҳнома билан бирга 20 БҲМ миқдорида бир марталик пул мукофоти ҳам берилади.
Бир шахс мазкур кўкрак нишони билан фақат бир марта тақдирланиши мумкин.
Қарор билан кўкрак нишонининг тавсифи, намунаси, гувоҳномаси ҳамда номзодларни танлаш ва тақдирлаш схемаси ҳам тасдиқланган.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter