Исрофгарчиликнинг уволи бор
Исроф нима? Ким исрофгарчиликка йўл қўяди? Албатта увол-савобнинг фарқига бормаган одам. Шундай оилалар бор, вақти келса буханка нонга пул тополмайди. Шундай оилалар бор, фақат бирон йиғин сабаб ёпган нон сотиб олади. Ўтган йили буханка ноннинг нархи кўтарилганда бежиз халқ кескин баҳс-мунозара қилмади.
Куни кеча бир танишимникида меҳмонда бўлдик. Ошхонасига қуритилган нонларни уюб қўйибди. Айтишича мол-қўйлари учун Тошкентнинг «Халқлар дўстлиги» томонидаги ахлатхоналарнинг бирида мана шу ташланган нонларни йиғиб беришаркан.
Уюлган нонлар орасида бутун-бутун ёғлик қиммат патирлар, гўштли гижда нонлар, парҳез учун тановвул қилинадиган қора нонлар, турли батонлар, ширинликларни кўриб ақлингиз шошади. Уни бир одам исроф қилмагани аниқ. Айтишингиз мумкин кўп қаватли уйларда турадиган одамларнинг моли бўлмагач нима қилсин, деб. Аммо меъёр деган нарса борку. Одам ўзининг эҳтиёжига ярашасини олиши мумкинку. Наҳотки бир кунлик меъёр қанчалигини англаш қийин бўлса. Ўша оилада ота-оналар, бобо-бувилар, қайнота-қайноналар томонидан ёшларга ноннинг уволи ҳақида тушунтиришмаганми?
Қорни тўқнинг қорни оч билан нима иши бор. Ноннинг бу исрофи орқали одамларимизнинг қадр-оқибат тушунчалари ҳам сустлигини англаш қийин эмас. Танаси бошқа дард билмас деганларидек атрофдагиларнинг ҳаёти ундай одамларни қизиқтирмаслиги аниқ. Агар қизиқтирганида, қўшнисининг яшаш шароити ўйлантирганида эди, бугун бутун-бутун бундай нонлар чиқиндихоналардан жой олмас эди...
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter