«Жаҳонга йўл». Кўнгиллилар бошлаган дастур қандай давом этмоқда?

Бир гуруҳ кўнгиллилар асос солган Ўзбекистонда мустақил халқаро ижодий резиденция дастури доирасида юртимизга дунё давлатларидан ўндан зиёд шоир, адиб ва таржимонлар ташриф буюрди.
Баҳорги дастурда жумладан, Мария Филипова (Болгария), Муҳаммад Ал-Домайни (Саудия Арабистони), Муҳсине Арда (Туркия), Ирена Кобальд (Австралия), Кйў Биҳ Ҳау (Вьетнам), Боян Ангелов (Болгария), Аттила Балаж (Руминия), Ҳенриетта Сомогйи (Словакия), Чагнам Эркмен (Туркия), Йорма Кастинен (Финляндия), Қубоничбек Мамарайимов (Қирғизистон), Меҳриддин Ўтегенов (Қозоғистон) каби ижодкорлар қатнашмоқда.
Дастур доирасида мушоиралар, ижодий семинарлар, Самарқанд, Бухоро, Хоразм, Жиззах, Тошкент, Наманган, Андижон, Фарғона вилоятларидаги тарихий манзилларга маданий саёҳатлар ташкил этилмоқда. Шунингдек, халқаро адабий ва бадиий ҳамкорлик лойиҳалари муҳокама этилмоқда.
“Қайси юртга борсам, одамлар Ўзбекистонда ҳам йиллик халқаро адабиёт фестиваллари ёки резиденция дастурлари ўтказиладими, деб сўрашади. Афсуски, бундай тадбирлар бизда ҳали йўқ, шунинг учун мен етти йил олдин ушбу дастурни оилам, дўстларим ва волонтёрлар ёрдамида бошладим. Биз адабиёт ва санъат дўстлик кўприги барпо этиб, жаҳонга йўл очишига қодир эканига ишонамиз. Дастуримизни янада юқори поғонада ўтказишимиз учун маҳаллий бизнес, маданият ташкилотлари ва мустақил ижодий овозларни қўллаб-қувватлашни муҳим деб биладиганлар ёрдам беришса, биз жуда миннатдор бўламиз”, – дейди дастур асосчиси, шоир ва таржимон Аъзам Обид.
Яқинда дастурнинг халқаро иштирокчилари, “Сайёра шоирлари” халқаро тармоғи ва бошқа ижодкорлар Ўзбекистон Президентига очиқ хат йўллаб, мустақил адабий ва маданий ташаббусларни қўллаб-қувватлашни сўрадилар. Мактубда молиявий тўсиқларни камайтириш ва Ўзбекистоннинг маданий ва интеллектуал салоҳиятини халқаро майдонда мустаҳкамлаш учун эркин ижодий муҳит яратиш муҳимлиги таъкидланади.
Эътиборга молик жиҳати, Uzbekistan’s Literature and Art Bridge (Ўзбекистонни дунё адабиёти ва санъати билан боғловчи кўприк) дея рамзий ном билан аталган дастур бюджет маблағларисиз, кўнгиллиларнинг ҳиммати эвазига амалга оширилмоқда. Иштирокчилар ҳам меҳмонхонада эмас, балки ўзбекистонлик футувватли ижодкорларнинг уйларида яшашади.
Резиденция дастури, шунингдек, ўзбек ижодкорларининг чет элга чиқиб, халқаро адабий ва маданий тадбирларда иштирок этишлари учун кўприк вазифасини бажаради. Бундан ташқари, дастур ўзбек адабиётини жаҳон тилларига таржима қилишни қўллаб-қувватлашга йўналтирилган. Шунингдек, дастур фаоллари ЮНЕСКОнинг “Адабиёт шаҳарлари” рўйхатига ўзбек шаҳарларидан бирини киритишга ҳисса қўшиш ниятида.
Резиденция дастурининг муваффақиятли натижаларидан бири унинг иштирокчилари томонидан яратилган ижодий асарлардир. Ўтган дастурлар натижаси ўлароқ, юртимиз адибларининг шеърий ва насрий асарлари хорижий тилларда дунё юзини кўрди. Дунё матбуоти ва ижтимоий тармоқларда юртимиз маданияти, санъати ва адабиётига оид мақолалар чоп этилмоқда. Масалан, дастурнинг илк иштирокчиси бўлган болгар ёзувчиси Мария Филипова Ўзбекистонга бағишлаб “Тўртинчи устун” номли китоб ёзди. Ушбу асар рус тилига таржима қилиниб, Москвада нашр этилди, ўзбекча талқини эса ҳали чоп этилишини кутмоқда.
2018 йилда ташкил этилган ушбу уникал дастур шу кунга қадар 20 дан зиёд мамлакатдан 100 га яқин шоир, ёзувчи, таржимон ва рассомни Ўзбекистонга таклиф қилди.
Аввал хабар берганимиздек, дастурнинг 2024 йил кузги босқичида Япониядан Кипрга қадар – турли маданият ва жуғрофий ҳудуд вакиллари қатнашганди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter