Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Журналист жамиятнинг энагаси эмас

Журналист жамиятнинг энагаси эмас

Фото: «YaiZakon»

Кейинги пайтларда бирор мутасадди ёки партия раҳбарими, вакилими томонидан туширилган «қовун»ларга кўникиб ҳам қолдик ҳисоб. Уларнинг бир-биридан ажиб баёнотлари киноя-ю кулгулар билан қоришган ҳолда ижтимоий тармоқларни кезиб юрибди ҳамон. Аммо, амалдаги депутат, ХДП Марказий кенгаши аъзоси Боймурод Юсуповнинг «Журналистлар ўзларини Тўртинчи ҳокимият деб ҳисоблашади. Уч йилда сўз эркинлиги таъминланди, журналистлар аҳолини қийнаётган қайси муаммони кўтариб чиқиб, аниқ бир таклиф киритди ушбу муаммони ечишга?» деган иддаоси ҳаммасидан ошиб тушди, назаримда.

Аввало, журналистика фаолиятига тиркаладиган «тўртинчи ҳокимият» деган атама ҳақида. Бу албатта нисбий тушунча, ҳеч қандай юридик кучга эмас. Магарки, талабалигимизда устозларимиз «сизлар тўртинчи ҳокимиятсизлар» деб кўп такрорлаган бўлса, бу азбаройи журналистиканинг ўта масъулиятли касб эканлигини уқтириш бўлган бўлса, ажабмас. Лекин, гапнинг индаллосини айтганда, бирорта ҳамкасбимиз бу қиёслашдан қувонмаса керак. Айниқса, ҳақ гапни айтган журналистлару блогерларни «таксига чиқариб, аллаким билан қўшиб қўйиш» ёки «жанозасини ўқитиш» билан таҳдид қилинган жамиятда...

Депутатнинг «бирор муаммони кўтариб чиқиб, ечимига таклиф киритиш» хусусидаги эътирози хусусида эса бизнинг ҳам асосли эътирозимиз бор. Аввало, бу иддаони сиёсий партиялар тақдири ҳал бўлаётган бугунги кунда ғирт сиёсий билимсизлик белгиси сифатида талқин қилиш мумкин. Биринчидан, депутат нафақат матбуот, балки жамият ҳаёти билан яқиндан таниш бўлганида, ўтган уч йил эмас, ундан олдин ҳам журналистикамизнинг одамлар билан бирга бўлганини билган бўлар эди. Иккинчидан, журналистнинг бирламчи вазифаси — информация тарқатиш. Информация ижобий ёки салбий бўлиши мумкин. Ишонарсиз, шош-шувли маълумотлар ҳам бўлиши табиий. Танқидга келсак, ҳали жамиятдаги оғриқларни журналистлардан ўтиб бирор ваколатли орган гарданига олмади шекилли? Ёки биз бехабармизми?!

Ана энди журналист тақдим қилган ахборотни ёки танқидни сарагини саракка ажратиш бу бошқа мутасадди идоралар ваколатидаги вазифа. Журналистнинг бирор муаммоли мақола ёзиши (бундай чиқишлар бугунда деярли барча даврий нашларда, интернет сайтларида бериляпти ва кўринадики, улардан афсуски айрим депутатларимиз бехабар) бу унинг касбий вазифаси. Мақсад аниқ – мавжуд муаммога жамоатчиликни, шу орқали мутасаддилар эътиборини тортиш. Ўша муаммо ечимига бирор таклиф киритиш, уни ҳал этиш эса (ваҳоланки, аксар ҳолларда журналистлар кўтариб чиққан муаммога ечим ҳам топиб беришяпти) унинг ваколатига кирмайди ва бу ваколат кўпроқ депутатларимизда мавжуд. Хўш, депутатлар ўзи қилиши мумкин бўлган вазифани нега журналистлар зиммасига юклаяпти, тағин сайловолди кампания авж палласида? Бундан одамлар «ҳа, депутатлар муаммоларни ечолмас экан, журналистлар оғизларига чайнаб солиб қўйиши керак экан», деган хулосага келиб қолишмайдими бунақада?

Журналистикага нисбатан қўлланиладиган «тўртинчи ҳокимият» атамаси совет давридан қолган жимжимадор ўхшатишдан бошқа нарса эмас. Сўз ва матбуот эркинлиги таъминланган бирор мамлакатда бу атама бўлмаса керак, ҳар ҳолда мен учратмаганман.

Хуллас, жамият, давлат тараққий этиши учун ҳар ким ўз вазифасини қилгани маъқул. Журналистлар вазифаларини озми-кўпми уддалаяпти. Энди ҳамма гап парламентимизда. Парламент вакиллари айбни ўзгалардан қидирмасдан, журналистлар ўртага ташлаган муаммоларга вақтида ечим топишса, халқ ишончини оқлашган бўлади. Бизда журналистлар даъвосисиз ҳам ҳокимиятлар етарли: ижро этувчи, қонун чиқарувчи ва суд. Ҳамма ўз ишини қилсин! Журналист жамиятнинг энагаси эмас!

Усмонжон Йўлдошев,
«Хabar» мухбири

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг