Журналистлик фаолиятга аралашув: «Kun.uz» ижодий жамоаси тазйиққа учради
28 март куни «Тошкент савдо маркази» (собиқ «Абу Сахий» бозори) ҳудудида «Kun.uz» журналисти, ижодий гуруҳ бошлиғи Хуршид Далиев, таҳририят юристи Зафарбек Солижонов ва тасвирчи ходими Фазлиддин Абдуқодиров журналистик фаолиятини амалга оширишда бозор маъмурияти ходимлари томонидан тўсқинликка учради, деб хабар бермоқда «Kun.uz» нашри.
Нашрнинг маълум қилишича, бозор маъмуриятининг Рустам исмли ходими «Kun.uz» тасвирчисидан камерани тортиб олиб, камера хотирасида мавжуд барча тасвирни ўзбошимчалик билан ўчириб ташлаган. Шунингдек, хизмат гувоҳномасини кўрсатган таҳририят ходимларини мажбурий равишда бозор маъмурияти биносига киришга ундаган. Хизмат вазифасида бўлган мухбирлар бозор маъмуриятига қарашли бинода жисмоний ва руҳий тазйиқларга учраган. Ушбу ҳолатда бозор маъмурияти ходимлари ва мухбирлар ўтирган хонага ички ишлар ходимлари (ҳудуд инспектори бўлиши мумкин) кириб келиб, вазиятга ҳеч қандай муносабат билдирмади. Бундан ташқари, Тоҳир исмли шахс мухбирларни ноқонуний тинтувдан ўтказган.
Таъкидланишича, ижодий жамоа «Kun.uz» таҳририятига келиб тушган мурожаатни батафсил ўрганиш учун воқеа жойи, яъни «Тошкент савдо маркази» бозор комплексига ташриф буюрган.
Журналист Далиевнинг айтишича, камера ва диктофон хотирасидан ўчириб ташланган ёзувларда тадбиркор билан суҳбат жараёни ёзиб олинган бўлган. Мазкур бозорнинг республикадаги ижтимоий ва иқтисодий ўрни инобатга олиниб, жамоатчилик назорати ҳамда соф журналистик тамойилларга асосланиб иш олиб бораётган мухбирлар маъмурият билан суҳбатлашишни ҳам режалаштирган.
Мухбирларнинг айтишича, бозор маъмурияти савдо комплекси хусусий мулк эканлигини таъкидлаб, бу ҳудудда суратга олиш мумкин эмаслигини билдирган. Масалага ойдинлик киритиш мақсадида «Kun.uz» «Тошбозорсавдо» уюшмаси вакили билан телефон орқали суҳбатлашган, аммо уюшма ходимининг таъкидлашича, «Тошкент савдо маркази» бозор комплекси ҳақида уюшмада маълумот мавжуд эмас. Айни пайтда «Тошбозорсавдо» уюшмасига давлат улуши 51 фоиз ёки ундан ортиқ бўлган бозорлар аъзо сифатида қабул қилинган.
«Kun.uz» бундай тазйиқларга қарамай ўз фаолиятини сидқидилдан бажариш йўлидан оғишмаслигини, халқнинг дардига қулоқ тутиш, унинг муаммоларини кўтариб чиқиш, бу билан уларни ҳал қилиш йўлларини излашда давом эттиришини қайд этган.
«Зеро, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ўз нутқида эл-юртимизнинг эзгу орзу-истакларини рўёбга чиқариш, бу йўлда ғов бўлиб турган турли тўсиқларни, бюрократизм, лоқайдлик, тамагирлик, коррупция каби салбий иллатларни дадиллик билан кўтариб чиқиб, уларга қарши муросасиз жамоатчилик фикрини шакллантиришни ўз касби, ўз ҳаётининг маъно-мазмуни деб биладиган журналистлар ҳақиқий журналист эканини эътироф қилганди», — дейилади «Kun.uz» хабарида.
«Xabar.uz» ахборот таҳлилий портали ижодий жамоаси «Kun.uz» сайти ходимларига нисбатан бу каби ҳаракатларни кескин қоралайди ва ҳамкасбларимиз билан бундай ҳолатларга қарши кураш бўйича ҳамжиҳатлигини билдиради. Зеро демократик жамият қуриш йўлида қонуний журналистик фаолиятни чеклаш билан асло муроса қилиб бўлмайди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter