Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ким миллионер бўлишни иста(ма)йди? Таниқли билимдон фирибгарликда гумон қилиняпти

Ким миллионер бўлишни иста(ма)йди? Таниқли билимдон фирибгарликда гумон қилиняпти

Фото: «Коммерсантъ»

«Ким миллионер бўлишни истайди?» телекўрсатувининг бош муҳаррири Илья Бер «Нима? Қаерда? Қачон?» клублари халқаро ассоциацияси (КХА) раиси ва билимдони Александр Друзни фирибгарликда айблади.

Илья Бер «Живой журнал»да ёзишича, «Биринчи канал»да 2018 йилнинг декабрь ойида эфирга узатилган «Ким миллионер бўлишни истайди?» телекўрсатуви ёзиб олинишидан аввал бўлган телефон орқали суҳбатда таниқли билимдон бош муҳаррирдан тушадиган саволлар ва уларнинг жавобларини билиб олишга уринган. Эвазига ютуқ — 3 миллион рублнинг бир қисмини беришга ваъда берган.

Илья Бер ҳам анойилардан эмас экан: суҳбатни давом эттираверган, буёқда диктофонни ҳам ёқиб қўйган. Ўзини Друзнинг таклифига кўнгандек қилиб кўрсатиб, ҳатто саволларни берган ҳам, фақат айримларини. Бундан мақсади кейинчалик Друзни фош қилиш эди.

Александр Друзь ва у билан бирга ўйнаган билимдон Виктор Сиднев охирги — ўн бешинчи саволгача етиб боришди, бироқ ҳал қилувчи саволга хато жавоб беришди ва миллионларсиз қолишди — ўйин «куйиб кетмайдиган» 200 минг рубллик ютуқ билан ниҳоясига етди.

Шуниси қизиқки, хуфёна битим ташаббускори айнан Друзь бўлганми-йўқми, жаноб Берда биттаям далил йўқ.

«Назарий жиҳатдан Друзнинг ўзи суҳбатни ёзиб олиши ва мени ушлаб бериши ҳам мумкинлигини инкор этмайман. Бироқ бундай эмас. Ўнинчи саволдан сўнг Друзнинг ранги оқариб кетди, буёғига Сиднев фаолроқ ўйнади», — деб ёзади Илья Бер. Унинг айтишича, бу масалани «Игра» телекомпанияси раҳбарияти билан муҳокама қилишга уриниши натижа бермаган.

«Ушбу постни КХА ахлоқ комиссияси ҳамда КХА бошқарувига расмий мурожаат сифатида қабул қилишингизни сўрайман. Нусхалари шу тузилмаларнинг рамий манзилларига юборилади. Ҳа, Друзнинг устидан унинг ўзи раҳбарлик қилаётган ташкилотга шикоят ёзиш ғалати, бироқ мен уни сайламаганман, бунинг устига у ерда унинг бир ўзи ишламайди», — деб ёзади «Ким миллионер бўлишни истайди?» телекўрсатувининг бош муҳаррири. Илья Бер шунинг баробарида Друзга нисбатан жиноий жазо қўлланилиши тарафдори эмаслигини, билимдон РФ ЖКнинг биронта моддасини бузганига унинг ўзи ҳам шубҳа қилаётганини маълум қилган.

«Биринчи канал» матбуот хизмати ушбу воқеа юзасидан ўз муносабатини билдирди.

«Бу воқеа юзасидан бизда саволлар кўп. Телефон қўнғироқлари ҳаққонийми, Илья Бернинг суҳбатдоши чиндан ҳам Александр Друз эдими, қолаверса, жаноб Бернинг ўзига ҳам саволларимиз бор. Чиндан ҳам бу воқеа бўлган экан, нега далилларни энди очяпти, кўрсатув ўтган йилнинг ноябрь ойида ёзиб олинган-ку?

Мана шуларга ойдинлик киритиб олсак, «Ким миллионер бўлишни истайди?» ва «Нима? Қаерда? Қачон?» кўрсатувлари муаллифлари билан бир қарорга келамиз ва буни маълум қиламиз», — дейилади хабарда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг